Мурожаатлар ислоҳотларнинг жойлардаги натижаларини кўрсатади
  • 20 Июнь 2017

Мурожаатлар ислоҳотларнинг жойлардаги натижаларини кўрсатади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари аҳоли кенг қатлами билан бевосита мулоқот олиб бориш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш имконини бермоқда. Жойларда вазирлик ва идораларнинг, маҳаллий ҳокимликларнинг масъул вакиллари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда ўзига хос механизмнинг шакллангани яна бир эътиборли жиҳатдир.

Худди шундай сайёр қабуллар Хоразм воҳаси шаҳар ва туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Маълумотга кўра, жорий йилнинг 3 июнь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига -Хоразм вилояти аҳолисидан 30 минг 737 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдики, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия таъминоти,  болалар нафақасини олиш, меҳнат муносабатлари ва ишга жойлашиш, банк-молия ҳамда солиққа тортиш, судларда жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилиши, табиий газ, электр энер-гияси, ичимлик суви етказилишидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, ободонлаштириш ҳамда коммунал хўжалиги, йўлларни таъмирлаш, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари, тадбиркорликни ривожлантириш каби масалалар одамларни кўпроқ ўйлантираяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан ўтказилган сайёр қабулларда кўрилган 500 дан зиёд муаммо ва долзарб масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилгани юзма-юз мулоқотлар нечоғли самарали бўлганидан далолат беради.

Мисол учун, Урганч шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган М. Рўзметов ва А. Ҳакимовнинг кичик корхона қуриш учун ер майдонига эҳтиёжи борлиги ҳақидаги мурожаати атрофлича ўрганилиб, қаноатлантирилди. Худди шундай, хонқалик тадбиркор Н. Эшчановга ҳам фаолиятини ривожлантириши учун ер ажратиб бериладиган бўлди. Хонқа тумани марказидаги бир километрга яқин ички йўлни таъмирлаш зарурлигини кўтариб чиққан фуқаро Э. Рўзметовнинг мурожаати бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

— Боғот туманидаги Ашхобод маҳалласида 6 минг аҳоли истиқомат қилади, — дейди шу маҳаллада яшовчи Ю. Қобулов. — Авваллари  ичимлик суви таъминоти яхши эди. Тармоқлар эскириб, сув келмайдиган бўлиб қолди. Мазкур масалада -Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик. Мана, бугун сайёр қабулда мурожаатимизни ўрганган тегишли мутасаддилар тез орада маҳалламизда ичимлик суви муаммо бўлмаслигини айтиб, ваъда бердилар. Кўнглимиз анча хотиржам тортди.

Шовот туманининг Шовотқалъа қишлоғидаги Истиқбол маҳалласи аҳолиси эса ҳудудда пайдо бўлган термитлар тураржойларга, иншоотларга зарар етказаётганини, бу борада зудлик билан кўмак беришларини сўраб қилган мурожаатига масъул шахслар диққат қаратдилар. Мазкур тумандаги Бешмерган маҳалласидан Р. Юсуповнинг иш ҳақини ундириб бериш, Махтумқули номидаги маҳалладан Г. Матюсупованинг томорқани суғориш учун сув келтириш, Чиғатойқалъа қишлоғидан У. Исломовнинг ички йўлни асфальт қилиш ҳақидаги мурожаатлари ҳам шу ернинг ўзида ечимини топди. Қўшкўпирлик коллеж битирувчиси А. Комилова ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинганидан беҳад мамнун бўлди.

— Қишлоғимиздаги 15-сонли мактабгача таълим муассасаси анчадан бери фаолият юритмайди, — дейди Гурлан туманидаги Дўсимбий қишлоғидан Р. Бекманов. — Биз ҳам болаларимизнинг боғчага боришини, мактабгача таълим-тарбия олишини, бошқалардан кам бўлмай камолга етишини истаймиз. Бир пайтлар ишлаб турган, кейин қаровсиз қолган қишлоғимиз боғчасини капитал таъмирлаб, фаолиятини қайта йўлга қўйишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилгандик. Сайёр қабул туфайли истагимиз тез орада қаноатлантириладиган бўлди. Бундан, айниқса, қишлоғимиз аёллари хурсанд.

Таъкидлаш ўринлики, аҳоли мурожаатларининг муайян қисми соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизмат соҳалари билан боғлиқ бўлмоқда. Ва албатта, бу мурожаатларнинг жойида ечим топаётгани ўнлаб инсонларнинг оғири енгил, мушкули осонлашишига шароит яратаётир. Хусусан, Урганч туманидаги Кўҳна овул маҳалласидан П. Абдуллаевнинг ўз саломатлигини тиклаши, Қиёт маҳалласидан Р. Каримов юраги хаста қизини даволатиши, Обод маҳалласидан Ж. Рўзметовнинг, Ўртаёп маҳалласидан Б. Ҳусаинованинг ногиронлик аравачаси билан таъминланишида зарур кўмак берилди. 

Сайёр қабуллар давомида қўшимча вақт ва ўрганиш талаб этиладиган баъзи масалалар бўйича фуқароларга мутахассислар тушунтириш бердилар. Ўрганилган мурожаатларнинг салмоқли қисми туман ёки маҳалла даражасида ҳал бўладиган масалалар экани айрим маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг ҳамон оддий одамлар тақдирига бепарво муносабатда қолаётганини кўрсатади.

Сайёр қабулларда бундай ҳолатни бартараф этиш, энг қуйи бўғинларда мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари хусусида кенг тўхталиб ўтилди. Зотан, мурожаатлар бир ёки бир неча инсонларнинг ҳақли талаб-истакларини ўзида намоён этиши баробарида, ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини белгилаб берувчи мезондир.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn