Сенаторлар Ҳаракатлар стратегияси ижросида фаол иштирок этмоқда
  • 20 Июнь 2017

Сенаторлар Ҳаракатлар стратегияси ижросида фаол иштирок этмоқда

Бугун мамлакатимиз тараққиётида янги босқични белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳаётбахш ўзгаришлар, халқчил ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда.

Жумладан, парламентимиз юқори палатаси томонидан маъқулланаётган қонунлар, кўриб чиқилаётган масалалар ҳам ушбу дастуриламал ҳужжатда белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

“Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айнан Сенатнинг Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги фаолияти, яқинда бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ҳақида сўз борди.

Қайд этилганидек, парламент аъзолари бугунги кунда юртимизда кечаётган кенг кўламли ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда халқ билан доимий мулоқот асосида изчил фаолият олиб бораётир. Сенат аъзолари туманлардаги ҳақиқий аҳволни ҳар ойда ўн кун давомида ўрганиб бораётгани қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятида қўл келаяпти.

Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т. Мадумаровнинг айтишича, парламент аъзолари томонидан ҳозирги кунга қадар 60 дан ортиқ туманлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда бошқа йўналишлардаги ҳақиқий ҳолат ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ўрганишлар давомида салкам 23 минг хонадонлардаги 218 мингдан зиёд фуқароларнинг, шунингдек, 5 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан фикрлари эшитилди.

Шу билан бирга, Сенат томонидан ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш ишлари ҳам ўз натижаларини бера бошлади. Сенат ҳузуридаги комиссия томонидан 42 та туманда ўрганишлар ўтказилиб, тегишли ҳудуд ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ушбу масала юзасидан ҳисоботи маҳаллий Кенгашларда эшитилиши амалиёти йўлга қўйилди. Айни пайтда таълим муассасалари ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлари профилактикасига масъул идора ҳамда ташкилотлар ҳамкорлигининг янги, самарали механизмлари жорий этилди.

Анжуманда юқори палатанинг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича ахборот берилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, уларнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Уларнинг барчаси Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар билан уйғундир.

Хусусан, Конституциямизга киритилган ўзгартишлар, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун ҳамда бошқа қатор қонунлар Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи ва иккинчи устувор йўналишларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Улар давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этишга йўналтирилган янгиланишларни мазмунан бойитади.

Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, жумладан, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавф-сизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш яқин беш йилликнинг асосий вазифаларидандир. Сенаторларнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг, шунингдек, Европа Ҳамжамиятлари билан “Тўқимачилик баённомаси” деб ном олган битимнинг ратификация қилингани ана шу мақсад йўлидаги амалий қадамлар ҳисобланади.

Яна бир муҳим жиҳат. Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида туризмни ривожлантириш чора-тадбирларини жадаллаштириш назарда тутилган. Шу нуқтаи назардан сенаторлар томонидан Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Хива туманининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Хива, Шаҳрисабз шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилгани айни муддаодир. Бинобарин, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида туризм соҳасини янада ривожлантириш, туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш учун мазкур “очиқ осмон остидаги музей”ларни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ташаббуси сенаторлар томонидан илгари сурилган.

Хива шаҳрида 109 та маданий мерос объекти, 22 та музей, 34 та меҳмонхона, 6 та фольклор-этнографик ансамбль, 16 та ресторан ва кафе, 8 та туроператор ҳамда 74 нафар ҳунарманду тадбиркор хорижий ва маҳаллий туристлар учун хизмат кўрсатаяпти. Шаҳрисабзда эса 72 та маданий мерос объекти, битта музей, 4 та меҳмонхона, 6 та фольклор-этнографик ансамбль, 16 та ресторан ва кафе, 8 та туроператор ҳамда қирқдан зиёд ҳунарманд ва тадбиркорлар фаолият юритаётир. Бироқ шунга қарамай, 2016 йил давомида Хивага 34 минг, Шаҳрисабзга эса 11 минг 200 нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрган, холос. Қадимий шаҳарларга бу қадар кам сайёҳнинг келиши, аввало, туристик салоҳиятни етарли даражада намойиш этишга йиллар давомида зарур эътибор қаратилмаганини тасдиқлайди.

“Шаҳарларнинг вилоят бўйсунувига ўтказилиши эса бу кўрсаткичларни бир неча баробар ошириш имконини беради. Ушбу ҳудудларнинг мақоми ўзгараётгани уларнинг замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида янада ривожланишига хизмат қилади”, деди Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З. Низомхўжаев.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn