Фракцияларда долзарб масалалар муҳокама қилинди
  • 19 Июнь 2017

Фракцияларда долзарб масалалар муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, партия фаоллари ва унинг фракцияси аъзолари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига давлатимиз томонидан устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар кўлами ҳам, салмоғи ҳам кенг.

Бироқ бугунги кунда маданият ва санъат соҳасини бошқаришда эскича усуллар сақланиб қолаётгани, маданият муассасаларининг фаолиятини ташкил этишда, аҳолига маданий хизмат кўрсатишда оқсоқликка йўл қўйилаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда талаб ва эҳтиёжларни ҳисобга олмаслик, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш борасида пухта тизим яратилмагани бу йўналишдаги устувор вазифаларни тўлиқ бажариш имконини бермаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ ва самарали ёндашув мавжуд.

Фракция аъзолари таъкидлаганидек, ушбу ҳужжат ижросини сифатли таъминлаш учун қонунчиликни инвентаризация қилиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш, партия маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолиятини янада жонлантириш, аҳоли билан амалий мулоқотларда кўтарилаётган айни соҳага дахлдор масалаларни ўрганиб, ечимини топиш муҳим  аҳамият касб этмоқда.

Йиғилишларда кўрилган масалалар юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди ва партия фракциялари олдида турган -долзарб вазифалар белгилаб олинди.

* * *

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида Президентимизнинг шу йил 13 июнда бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирган фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, фракция олдида турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш иштирокчилари қайд этганидек, мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган институтга айлантириш йўлидаги ислоҳотлар кўлами кенгаймоқда.

Мамлакатимиз раҳбари қонун ва адолат устуворлигини таъминлашда давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят муҳим эканига алоҳида урғу бергани бежиз эмас. Бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорларни қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали одамларнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш, ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда энг долзарб масалалардан ҳисобланмоқда.

Тадбирда шулар хусусида сўз юритилар экан, сўнгги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳам салмоқли қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани мазкур йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат бериши, бу, ўз навбатида, халқ вакиллари зиммасига ҳам муайян вазифа ва масъулият юклаши таъкидланди.

Партия сайловолди дастуридан ўрин олган суд ва суд процесси иштирокчилари ўртасида ўзаро самарали алоқа ўрнатилишини, жумладан, суд ҳужжатлари ва хабарномаларини етказишнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали процессуал механизмларни такомиллаштириш, шунингдек, суд қарорларининг сифатли ижросини таъминлаш ва улар устидан судларнинг назоратини кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Фарида МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn