Жамият ва давлат манфаатлари мувозанатини таъминлаш омили
  • 07 Май 2014

Жамият ва давлат манфаатлари мувозанатини таъминлаш омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни ҳақида журналистларга сўзлаб беришди. Қайд этилганидек, ушбу соҳадаги миллий ва халқаро тажриба депутатлар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилганидан сўнг масъул қўмиталар аъзолари томонидан марказда ва жойларда ушбу ҳуқуқий ҳужжат муҳокамасига бағишланган 30 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Икки минг нафардан ортиқ мутахассислар, экспертлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган мазкур тадбирларда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар билдирилди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, шунингдек, барча сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг тегишли хулосалари инобатга олинди.
“Халқ сўзи” мухбири матбуот анжуманидан сўнг Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раисининг ўринбосари Адҳам ШОДМОНОВ билан суҳбатлашди.

—  Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг долзарблиги ҳақида сўзлаб берсангиз.
—  Бугун мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари жадал ривожланиб, аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ифода этадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони изчил ортиб бормоқда. Мамлакатимизда уларнинг эркин фаолият юритишлари учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар яратилиб, давлат ва жамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Чунки нодавлат нотижорат ташкилотлари жуда кўплаб ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни ҳал қилишни ўз зиммасига олмоқда. Давлатимиз раҳбари 2010 йилнинг 12 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида эълон қилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг муҳим омилига айланганлигини алоҳида таъкидлаб, уларнинг янада ривожланишига эришиш, амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш, қолаверса уларнинг ролини кучайтиришда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш заруратини илгари сурганди. Ушбу қонун аҳоли фаровонлигини оширишда жамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, давлат ҳамда кенг аҳоли эҳтиёжларини ифодалайдиган турли жамоат ташкилотлари манфаатларига жавоб берадиган механизмларни яратишни кўзда тутади.
Жамият тафаккури ўсган бир шароитда ягона қонун ҳужжати амалий мулоқотнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қиладиган яхлит муносабатлар тизимини мустаҳкамлайди. У мавжуд бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан бир қаторда, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқот олиб бориш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг муҳим давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал қилиш, мамлакат аҳолиси турли қатламлари ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлигида муҳим бўғинга айланади.

— Ижтимоий шерикликнинг айрим жиҳатлари нафақат мамлакатимиз, балки ривожланган демократик давлатларнинг қатор қонун ҳужжатларида ҳам учрайди. Қонун лойиҳасининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат?
— Мамлакатимизда ижтимоий шериклик бўйича етарлича тажриба тўпланган ва бундай ҳамкорликнинг турли механизмлари амал қилади. Улар у ёки бу соҳа қонунчилигида, масалан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва бошқа шу сингари жабҳалар ҳуқуқий асосларида ўз ифодасини топган. Бу механизмлар халқимизнинг менталитетига мос келади, зотан, бизда азалдан барча муаммолар ҳамжиҳатликда ҳал қилинган.
Мамлакатимизнинг 30 га яқин қонуни ҳамда юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида у ёки бу муносабатлар тартибга солинган.
Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш учун ижтимоий шериклик шакл, принцип ва механизмларининг аниқ тизимини кўзда тутувчи ягона қонун ҳужжатига зарурат туғилган эди. Бу илғор халқаро тажриба ҳамда мавжуд ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон замонавий тенденциялар йўлидан илдам бормоқда. Чунончи, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Франция, Буюк Британия, Канада ва бошқа бир қатор ривожланган демократик давлатларда ҳукуматлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уюшмалари ўртасида ижтимоий шериклик битимларини тузиш амалиёти қўлланила бошланди. Уларда, қоида тариқасида, ҳамкорлик принциплари, шакл ва механизмлари, молиявий жиҳатлари белгилаб қўйилган. Аммо бундай битимлар ҳукуматлар фаолият муддати доирасидагина амал қилиб, улар барқарор эмас эди. Ушбу мамлакатларда сиёсатчилар, аввало, жамоатчилик ижтимоий шериклик масалаларини қонун билан тартибга солиш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу билан сиёсий вазият ва ҳукуматлар алмашинувига қарамасдан, ижтимоий шериклик муносабатлари барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

— Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
— “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ижтимоий шериклик тушунчаси давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, минтақавий ва ҳудудий дастурларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишдаги ҳамкорлиги эканлиги белгилаб қўйилмоқда.
Мамлакатимизни демократик янгилашнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари сифатида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол, ёш авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳалари кўзда тутилмоқда.
Ҳуқуқий ҳужжат асосида давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, уларнинг социал ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокининг шакл ва усуллари аниқлаштирилмоқда.
Ижтимоий шерикликнинг жойларда ривожланиши долзарб аҳамиятга эга. Шу боис қонун лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фондлари ҳамда жамоат комиссиялари тузилади. Бунда жамоат комиссиялари фондларнинг васийлик кенгашлари вазифасини бажаради. Жамоат комиссиялари фаолиятида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси фаолияти принциплари асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси фаолияти билан ўзини яққол намоён қилди. У жамоат комиссияларининг намунавий регламентларини тасдиқлайди. Жамоат комиссиялари нодавлат нотижорат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари билан ижтимоий ва умумаҳамиятга молик бўлган дастурлар ҳамда лойиҳаларни рўёбга чиқаришдаги ҳамкорлигини чуқурлаштиришга кўмаклашади, уларнинг таклифларини чуқур ўрганиш асосида ижтимоий шерикликнинг устувор йўналишларини аниқлайди, тавсиялар ишлаб чиқади, жамоат фондлари маблағларининг самарали тақсимланишини ташкил этади, шунингдек, уларнинг белгиланган мақсадда фойдаланилиши устидан мониторингни амалга оширади.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишдаги ролини кучайтириш бўйича бажарилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш жараёнида аҳоли кенг қатлами манфаатлари ҳар томонлама инобатга олинишини таъминлайди.

Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn