Ижтимоий соҳа истиқболи ва устувор вазифалар
  • 10 Июнь 2017

Ижтимоий соҳа истиқболи ва устувор вазифалар

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссия мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенатор ва депутатлар, вазирликлар ҳамда идоралар раҳбарлари, вилоятлар ҳокимликларининг мутасаддилари, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси С. Сафоев бошқарган мазкур мажлисда республикамизда ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича бажарилган кенг кўламли ишлар ва мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида юртимиз ҳудудлари ҳамда тармоқларда муайян ишлар ҳаётга татбиқ этилаётир, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий йўналиш ва таълим тизимидаги объектларни капитал таъмирлаш, арзонлаштирилган уй-жойлар қурилишига доир дастурларни рўёбга чиқариш масалалари ҳам иштирокчилар диққат-эътиборида бўлди.

Комиссия таҳлилига кўра, дастлабки беш ой давомида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар баъзи йўналишларда анча суст бажарилган. Мутасаддилар ушбу муаммоларга жиддий қараши, ҳисобот даврини кутмасдан, олдиндан вазиятни тўғри баҳолашга ҳаракат қилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Хусусан, мактаб ва касб-ҳунар коллежлари, тиббий муассаса ҳамда ижтимоий объектларни капитал таъмирлаш, қурилиш ва реконструкциялаш борасида қатор хато-камчиликларга йўл қўйилган. Айни чоғда аҳолини арзонлаштирилган уй-жой билан таъминлаш йўналишида ҳам муаммолар мавжуд. Масалан, жорий йил давомида мамлакатимиз бўйича 15 минг тураржой қуриш режалаштирилган бўлиб, 1 июнь ҳолатида 13 мингтаси фақат пойдевор ҳолида турибди. Қолаверса, фойдаланишга топширилган айрим уйлар сифати, инфратузилмаси — ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминоти, ички йўллар аҳволи аҳолининг ҳақли мурожаатларига сабаб бўлмоқда. Бу камчиликлар лойиҳалар вақтида молиялаштирилмагани, тендер ўтказилмагани ҳамда манзилли рўйхатлар тақдим қилинмагани сабабли вужудга келаётгани қайд этилди.

Шулардан келиб чиқиб, мажлисда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Г. Саидова, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари 

Э. Муҳиддинов, молия вазирининг ўринбосари А. Ҳайдаров, Тошкент вилояти ҳокими Ш. Бобоев ҳамда бошқаларнинг Давлат дастурида амалга оширилиши белгиланган вазифалар юзасидан 2017 йилнинг ўтган беш ойи мобайнида қилинган ишлар ҳақидаги ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, тадбирда ташкилий масала кўрилди. Яъни тилга олинган муаммоларни бартараф этиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида Давлат дастурининг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган йўналишидаги бешта бўлинмадан келиб чиқиб, аҳоли бандлиги ҳамда реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, халқимиз ҳаёт шароити яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, таълим ҳамда фан соҳасини ривожлантириш, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлар тузишга оид таклиф маъқулланди. Ўз навбатида, ишчи гуруҳлар раҳбарларига ўн кун муддатда бу борада -бажариладиган ишлар режаси, яъни “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn