Ўзбекистон — БМТ: Тинчлик ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик
  • 08 Июнь 2017

Ўзбекистон — БМТ: Тинчлик ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик

Хабар берилганидек, жорий йил 9-10 июнь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизда бўлади.

Шуни қайд этиш жоизки, БМТнинг янги Бош котиби биринчи маротаба Ўзбекистонга ташриф буюради ҳамда республика раҳбарияти билан учрашади, Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари ва Оролбўйи минтақасидаги экологик аҳвол билан танишади. Эслатиб ўтамиз: турли йиллар давомида Бош котиблар Кофи Аннан (2002) ва Пан Ги Мун (2010, 2015) мамлакатимизда бўлишган.

Маълумки, Ўзбекистоннинг БМТ билан самарали ва кўп қиррали ҳамкорлигига 1992 йил 2 март куни замин қўйилган — ўша куни республикамиз халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган эди. Тошкент бу ташкилотни умумжаҳон тинчлиги ҳамда хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш бўйича универсал халқаро тизим сифатида кўради.

Мамлакатимиз ушбу ташкилот ҳамда унинг ихтисослашган тизимлари ишида фаол қатнашмоқда. БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида (АҚШ), Женевадаги (Швейцария) БМТ бўлими ҳузурида ва бошқа халқаро ташкилотларда ҳамда Венадаги бўлимида Ўзбекистоннинг доимий ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир.

БМТнинг Ўзбекистон тараққиётига кўмаклашиш бўйича доиравий дастури (ЮНДАФ) республикамизнинг ушбу глобал институт билан ҳамкорлигини белгилайдиган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Мамлакатимиз учун 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган ушбу янги ҳамкорлик дастури Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқа ўта муҳим лойиҳалар, шунингдек, манфаатдор томонлар — Ўзбекистон давлат тизимлари ҳамда муассасалари кенг доирасининг биргаликда тақдим этган таклифлари асосида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти Концепциясидаги асосий вазифалардан бири — Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсиз ва барқарор ривожланиш зонасига айлантириш вазифасини амалга ошириш борасида мазкур ташкилот билан ҳамкорликка жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шу боис қайд этиш ўринлики, мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим бўлган кенг миқёсли ташаббуслар илгари сурилган эди. Улар дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилди ва қўллаб-қувватланди. Ана шундай ташаббуслар орасида ҳаётга татбиқ қилинган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ғояси бор.

2002 йил октябрь ойида БМТнинг ўша пайтдаги Бош котиби Кофи Аннаннинг мамлакатимизга ташрифи чоғида мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Етакчиси таклифи билан Гиёҳванд моддалар, психотроп воситалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши кураш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш маркази тузилган эди. Шунингдек, Тошкент ташаббуси билан 2010 йили БМТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланди. Минтақавий хавфсизликнинг мустаҳкамланишида мазкур икки тизим иштирокини кенгайтиришга йўналтирилган ушбу ҳужжат ШҲТ Котибияти ҳамда БМТ наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, шунингдек, Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) Котибияти ўртасида меморандумлар имзоланиши билан янада мустаҳкамланди.

Давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати ҳамда унинг халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрларига риоя этилишига содиқлиги БМТ билан шерикликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Масалан, хавфсизликни таъминлаш жабҳасида ўзаро конструктив ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланган. Ўзбекистон қуролсизланиш ва қурол-яроғларни тарқатмаслик соҳасидаги асосий халқаро битим ҳамда шартномаларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Республикамиз терроризмга қарши курашиш бўйича БМТнинг 13 та конвенциясига қўшилган.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларини, энг аввало, Орол денгизи муаммосини ҳам қамраб олган. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлганининг 

25 йиллиги муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган қутловномасида БМТ шафеълигида Орол денгизи ҳамда Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватлангани билан табриклади. 2017 йил 10 февралда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш дастури амалга оширила бошлангани бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги ҳам жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан биргаликда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва гендер тенглигини таъминлаш бўйича дастурлар амалга оширилаётир. Улар, жумладан, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, мактаблар ҳамда мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена меъёрларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, аёлларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг ишга жойлашиши, репродуктив саломатлик соҳасидаги хизматлардан баҳраманд бўлиш имкониятларини кўпайтиришга йўналтирилгандир.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистонда БМТ агентликларининг бевосита қўллаб-қувватлови остида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, Ўрта аср Шарқ алломаларининг тарихий мероси мавзуларига бағишланган йирик халқаро конференциялар ўтказилди. 2014 йил октябрь ойида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда бўлиб ўтди.

ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини асраш ҳамда уни оммалаштиришга кўмак кўрсатмоқда. Жумладан, унинг шафеълигида мамлакатимиз тарихий шаҳарлари ва халқимизнинг буюк аждодлари юбилейлари халқаро миқёсда нишонланди. ЮНЕСКО кўмагида 1997 йилдан буён ҳар икки йилда Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилаяпти. Ўзбекистоннинг қатор кўҳна шаҳарлари ҳамда ёдгорликлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган. Ўзбекистоннинг олти маданий-тарихий ўзига хослиги — Бойсун маданий ҳудуди, Шашмақом, катта ашула, аския ва Наврўз байрами, шунингдек, миллий таомимиз — палов билан боғлиқ анъаналар ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Сўнгги йилларда БМТ билан ҳар томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн яқинда Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳамда юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилингани бундан далолат беради. Учрашув чоғида Ўзбекистон ва БМТ, ушбу нуфузли универсал халқаро ташкилотнинг институтлари ўртасидаги конструктив ҳамда очиқ -мулоқотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги яна бир бор таъкидланди.

Шу тариқа Ўзбекистон ҳамда БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муваффақият билан равнақ топмоқда. Шунга асосланган ҳолда, айтиш мумкинки, мазкур омил давлатимиз раҳбари ва ушбу глобал ташкилот Бош котибининг бўлажак учрашувига алоҳида мазмун бахш этади. Чунки бизнинг фикримизча, ўтган давр мобайнида тўпланган самарали шерикликнинг бебаҳо тажрибаси ўзаро ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда барқарорлик, ривожланиш ҳамда фаровонлик манфаатлари йўлида биргаликдаги ишларнинг янги йўналишларини белгилаб олиш учун яхши замин яратади.

Замира АЗИЗХОНОВА,

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn