Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун
  • 08 Июнь 2017

Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад — инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда”, дея инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклигига алоҳида урғу берган эди.

Давлат тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, жамиятда барқарорликни, ижтимоий адолатни қарор топтиришнинг муҳим шарти бўлган мазкур вазифани амалга оширишда парламент вакилларининг ҳам иштироки ҳамда фаоллиги яққол намоён бўлаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганмоқдалар, аҳолининг ҳақли талаб-истакларидан келиб чиққан ҳолда, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг тўғри ечимини таъминлашаётир.

Ана шу эзгу мақсад йўлида парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ҳам бўлиб, халқнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон манфаатлари устуворлигини кафолатлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан ўрганишлар олиб борди. Халқ депутатлари Балиқчи тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида ушбу ўрганишлар натижалари қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ишчи гуруҳлари ҳудуддаги 900 га яқин хонадонларга, қарийб элликта маҳалла фуқаролар йиғинларига, давлат идоралари ва ўттиздан ошиқ ижтимоий соҳа объектларига ташриф буюрди.

Оилаларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишиш давомида фуқаролар томонидан кўтарилган 500 дан зиёд муаммо ҳамда масалаларнинг 60 таси жойида ҳал қилинди. Қолганларини кечиктирмасдан, қонуний тартибда кўриб чиқиш мутасаддилар зиммасидаги асосий вазифа қилиб белгиланди. Вилоят даражасидаги 38 та, республика даражасидаги 8 та масала юзасидан депутатлик ва сенаторлик сўровлари тайёрланди.

Маълум бўлишича, Балиқчи тумани аҳолисини кўпроқ уй-жой, коммунал, транспорт ва йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш, доимий ишга жойлашиш, пенсия ҳамда нафақа -таъминоти, банк-кредит соҳалари билан боғлиқ муаммолар ўйлантирмоқда.

Ишчи гуруҳлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан атрофлича қизиқдилар. Кузатишлар натижасида тумандаги 22 та фойдаланилмай турган бино-иншоот ва улар жойлашган 6,6 гектар ер майдонидан унумли фойдаланиш, уларни “ноль” харид қийматида тадбиркорларга бериш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Юридик шахсларнинг солиқдан боқиманда қарздорлиги масаласи ҳам тез фурсатда ўз ечимини топмоғи керак. Зеро, бу рақам 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, қарийб 13 миллиард сўмни ташкил этаётир. Қарздорликнинг асосий қисми “Чинобод пахта тозалаш” АЖга, “Балиқчи пилла” МЧЖга ва қатор фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Бу эса, ўз навбатида, солиқ инспекцияси ва иқтисодий соҳа ташкилотлари ходимлари томонидан солиққа тортиш бўйича аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида етарлича мулоқот ва тарғибот ишлари олиб борилмаётганидан далолат беради.

Транспорт, йўл қурилиши борасида қилинаётган ишларни кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Мисол учун, ҳудудда 63 километрдан иборат пиёдалар йўлакчаси мавжуд, шундан 16 километри таъмирталаб. 89 та бекатдан 45 тасини қайта барпо этиш лозим. 4 та кўприкда таъмирлаш ишларини бажариш, 45 километр йўлни қайта қуриш зарур. Айнан шу масалалар бўйича туман ва вилоят Халқ қабулхоналарига фуқаролар томонидан ўндан зиёд аризалар келиб тушган.

Йиғилиш иштирокчилари ҳудудда савдо хизмати кўрсатиш, тиббиёт, таълим муассасалари ишини, электр энергияси, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, уй-жой мулкдорлари ширкати, ободонлаштириш соҳаларида масъулиятсизлик, сансалорлик каби иллатларга тўла барҳам бериш учун масъул идора ҳамда ташкилотларнинг, корхоналарнинг раҳбар ва мансабдор шахслари бугунги кун талабини чуқур ҳис этмоғи, инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўймоғи кераклигини таъкидладилар.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn