Юзма-юз мулоқотлар ва ижобий ўзгаришлар
  • 08 Июнь 2017

Юзма-юз мулоқотлар ва ижобий ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида олиб борилаётган ўрганишларда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча қирраси қамраб олинмоқда. Шунингдек, одамлар билан юзма-юз мулоқотларда кўтарилган масалаларга эътибор қаратилиб, зарур амалий чоралар кўрилаётир.

Айни чоғда мазкур туманнинг саноат салоҳиятини юксалтириш мақсадида кўплаб истиқболли лойиҳалар ижрога йўналтирилмоқда. Хусусан, балиқчилик, чорвачилик, боғдорчиликни ривожлантириш баробарида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашнинг комплекс тизими яратилаяпти. Аммо аҳоли билан учрашувлар ва ташкилот ҳамда идоралардаги ўрганишлар жараёнида ана шундай кенг кўламдаги ўзгаришлар  қаторида ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар ҳам борлиги аниқланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Беҳзод Артиковнинг айтишича, ҳудудда тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш соҳаси муайян камчиликлардан холи эмас. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасида гинекология бўлими ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг филиали ташкил қилинмаган. Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар телефон аппаратлари, зарур тиббиёт воситалари ва бошқа жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган, уларда тор доирадаги шифокорлар етишмайди.

Парламент аъзолари соҳадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари бўйича ўз тавсияларини бердилар. Аҳамиятлиси, ушбу жараёнда вилоят миқёсидаги даволаш муассасалари врачлари иштирокида аҳолининг чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши ташкиллаштирилди. Хонадонма-хонадон юриш асносида кўпчиликнинг оғири енгил, мушкули осон бўлди.

— Ҳовлимдан юқори кучланишли электр тармоғи ўтган эди, — дейди Баҳор қишлоғидан Шуҳрат Сарибоев. — Бир қарашда арзимасдек туюлган бу муаммо доим бизни хавотирда яшашга мажбур қиларди. Депутатлар, сенаторлар хонадонимизга келиб, турмуш шароитимиз билан қизиққанларида, кўпдан бери ҳал қилолмаётган ана шу масалани бир оғиз айтиб ўтдим. Зудлик билан тумандаги электр корхонаси ходимлари келиб, тармоқни одамлар учун хавфсиз жойга кўчиришди. Демоқчиманки, халқ вакиллари аҳолининг катта-кичик муаммоларини ўрганиб, ечимини топишга кўмаклашаётгани туфайли кўплаб оилаларнинг ҳаётида яхши ўзгаришлар бўлмоқда. Одамларнинг давлатга, эртанги кунга бўлган ишончи ортаётир. 

Парламент аъзоларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари ўрганишларидан сўнг тумандаги Янги ҳаёт маҳалласи ва Чинобод қишлоғи аҳолисининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича билдирган талаблари ижроси тезлашадиган бўлди. 2, 5, 14, 31-мактаблар биносини капитал таъмирлаш, 5, 9, 12-мактабгача таълим муассасаларида ва яна қатор мактабларда қўшимча бинолар, спорт заллари қуриш зарурати аниқланди. 

“Баҳористон”, “Янгийўл”, “Мирзо Улуғбек”, “Ҳақиқат”, “Дўнгариқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда “Янгиобод” массиви аҳолисининг ўз ҳудудларида мактабгача таълим муассасаси бунёд этиш бўйича билдирган талаблари ҳам тегишли мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинди.

Холисона ўрганишлар давомида одамларнинг турмуш даражасини янада юксалтириш, ўсиб келаётган авлод манфаатларини таъминлаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий  ривожлантириш дастури доирасидаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш борасида маҳаллий ҳокимлик, манфаатдор идора ва ташкилотлар олдида турган вазифалар белгиланмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn