Олис ҳудудларни янада ривожлантириш парламент аъзоларининг диққат-эътиборидаги масаладир
  • 07 Июнь 2017

Олис ҳудудларни янада ривожлантириш парламент аъзоларининг диққат-эътиборидаги масаладир

Мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг асосий мақсад ҳамда вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан ўзгариб бораётгани, аҳоли кенг қатлами билан юзма-юз учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва усуллари жорий қилинаётгани ўз самарасини бермоқда.

Одамларни ўйлантираётган ҳаётий масалалар ҳамда ташвишга солаётган муаммоларнинг кўлами, ижтимоий илдизлари таҳлил этилиб, аксариятига жойида ечим топилаётгани алоҳида эътиборга моликдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат гуруҳ Навоий вилояти, Конимех туманининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, Қизилқум бағрида истиқомат қилаётган аҳолининг қонуний талаб ҳамда эҳтиёжларини атрофлича ўрганмоқда.

Туманнинг “Янгиқазған” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли сони уч ярим мингдан зиёдни ташкил этади. Ҳудудда бешта умумий ўрта таълим мактаби, битта мактабгача таълим муассасаси ҳамда қишлоқ врачлик пункти, ўнлаб турли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритади.

Фуқаролар йиғинидаги йирик овуллардан бири — Янгиқазғандаги икки мактабда таълим қорақалпоқ ҳамда қозоқ тилларида олиб борилади. Қишлоқ Нурота тоғ тизмалари ва Қизилқум кесишган чорраҳада жойлашган. Аҳолиси, асосан, чорвачилик билан шуғулланади. Демак, аҳолининг бандлик даражасини ҳамда турмуш фаровонлигини ошириш бевосита чорвачилик равнақи билан боғлиқ.

— Ҳудудда туячиликни ривожлантириш учун имкониятлар кенг, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Аксавли Тумишова. — Туя сути шифобахшлиги туфайли харидоргир бўлса, юнги саноатбоп. Шу икки хом ашёни қайта ишлашнинг ўзи янги иш ўринлари билан бирга, қўшимча даромад яратиш манбаи ҳамдир. Шунингдек, ҳудудда туз конлари мавжудлигидан фойдаланиб, қадоқлаш цехини барпо этиш истеъмол бозорига тайёр маҳсулот олиб чиқиш имконини беради. Афсуски, бу ерда аҳоли етиштирган барча маҳсулот хом ашёлигича қолиб кетмоқда. Учрашувларда фуқароларга тадбиркорлик субъектлари учун берилаётган имконият ва имтиёзлар батафсил тушунтирилди. Ўз бизнесини ташкил этиб, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш истагидаги кишилар рўйхатга олинди.

Депутатлар қишлоқдаги 5-умумтаълим мактабининг педагогик жамоаси билан мулоқотда бўлдилар.

— Ўқувчилар учун ошхонамиз йўқ, — дейди мактаб директори Иба Наризова. — Электр энергияси таъминотидаги мунтазам узилишлар, айниқса, куз-қиш мавсумида қийинчиликлар туғдиради. Шулар хусусида депутатларга мурожаат этдик. Ўқитувчиларимиз қишлоғимиз шимолидаги саксовулзорларни қайта тиклаш, шу орқали қум кўчишининг табиий иҳотасини таъминлаш бўйича таклифларини берди. Очиқ мулоқотда ўзимизни қизиқтирган барча саволга жавоб олдик.

Ишчи гуруҳи Ўразжон овулидаги 13, Териқудуқ қишлоғидаги 14, Саржол қишлоғидаги 38-умумтаълим мактабларининг ҳам моддий-техника базаси ва педагог кадрлар таъминотини ўргандилар. Деярли барчасида инглиз тили ҳамда кимё, физика ва биология каби аниқ фанлар бўйича ўқитувчилар етишмаслиги аниқланди. Мазкур муаммо, шунингдек, ҳудуд чорвадорларини ташвишга солаётган сув кўтариш агрегатларининг ёнилғи таъминотидаги узилишлар республика миқёсидаги ечимталаб масалалар қаторига киритилди.

Аҳолини ташвишга солаётган пластик ва нақд пул тўловлари орасидаги тафовут, кўмир ёқилғиси, тоза ичимлик суви таъминотига оид муаммолар ҳам парламент аъзолари эътиборидан четда қолмади. Уларни кечиктирмай бартараф этишда мутасаддилар олдида турган вазифалар кўриб чиқилди.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг Қашқадарё вилояти аҳолиси билан навбатдаги мулоқотлари Деҳқонобод туманидан бошланди.

Мазкур туман сўнгги йилларда вилоятнинг аграр соҳадан саноат индустрияси ҳамда телекоммуникациялар ривожланган ҳудудига айланиб бормоқда. Хусусан, Деҳқонободга темир йўлнинг кириб келиши, ноёблиги жиҳатидан Марказий Осиёда ягона ҳисобланган калийли ўғитлар заводи барпо этилиши тоғ-кон қазилма бойликларини қайта ишлашни кенгайтириш, юзлаб янги иш ўринлари очиш имконини берди. Бугунги кунда 37 маҳалла фуқаролар йиғинида 137 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Бўтаевнинг айтишича, аҳоли турмуш тарзи ва ҳудуднинг ҳақиқий аҳволи билан яқиндан танишиш мақсадида ишчи гуруҳи аъзолари маҳаллаларда, ўқув-тарбия масканларида, хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашмоқда. Учрашувларда тадбиркорлик соҳасидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ўрганишларнинг дастлабки кунида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, тумандаги “Обод маҳалла” фермер хўжалигига кушхона қуриш учун кредит ажратиш, “Улуғбек” хусусий фирмасининг истиқболли лойиҳасини молиялаштириш, “Ҳабибулла Паҳлавон” хусусий фирмасига метан газ қуйиш шохобчасини ишга тушириш учун рухсатнома олиш масалаларида ёрдам кўрсатилди. Албатта, бу муаммоларнинг сабаблари ҳам таҳлил этилди. Айрим масалалар юзасидан депутатлик сўровлари юборилди.

— Тумандаги Бозортепа, Обод, Бешқўтон маҳаллалари аҳолиси билан учрашдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев. — Мулоқотлар давомида одамларни қийнаётган муаммолар имкон қадар жойида ҳал қилинмоқда. Мисол учун, мурожаатлардан келиб чиқиб, муддати ўтган фуқаролик паспортларини жаримаси юқори бўлгани учун алмаштира олмаётган шахсларга, банклар томонидан кредити кечиктириб юборилган тадбиркорларга, қолаверса, даволаниш мақсадида ордер ололмаётган ногиронлар ва оғир беморларга кўмаклашиш, электр энергияси, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, болалар боғчаларида замонавий шарт-шароитларни яратиш каби масалалар тегишли мутасаддилар иштирокида муҳокама этилмоқда.

Туманни ўрганишда ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари ҳамда ҳудудий дастурларнинг ижроси таҳлили изчил олиб борилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn