Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади
  • 31 Май 2017

Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев асос солган халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизим айни шу эзгу мақсадларга қаратилган.

Хайрли амалларнинг қаноти узун бўлади. Шу кунларда кўчага чиқасизми, бозор оралайсизми, ижтимоий тармоқларга кирасизми, барчасида гап айланиб, бир мавзуга келади: Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилгани, шу асосда олиб борилаётган тизимли ишлар самарасида давлат идораларининг халққа эътибори кучайди, Халқ қабулхоналарида оддий одамларнинг мурожаатлари тингланмоқда, муаммо ва ташвишлари қисқа вақтда самарали ҳал этилмоқда.

Яқинда бир ошнамиз ипотека кредити олиб, янги уйга кўчиб ўтди. Ёш оила. «Қуллуқ бўлсин»га ўтсак, уй тўла меҳмон: қавму қариндош, ошна-оғайниларга қўшилиб, дўстимизнинг қувончига шерик бўлдик. Гурунг қизигандан қизиди, табиийки, бугунги ислоҳотлар, янгиланишлардан ҳам гап кетди.

— Умрим бино бўлиб амалдор деганда ўз идорасидан чиқмайдиган, мажлислардан бўшамайдиган, ёзда чанг, қишда лой кўчаларга оёқ босмайдиган олиймақом бир зотни тушунар эдим, — дейди саксонни қоралаган Жўрақул Тиловов. — Минг шукр, ҳозир вазият тубдан ўзгармоқда. Катта-кичик раҳбарлар пастга тушиб, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда, одамлар билан мулоқотга киришиб, уларни тингламоқда. Энди мансабдор бўлиш — оддий одамлар билан бирга яшаш, бирга ишлаш, халқни рози қилиш дегани. Аслида шундай бўлиши керак-да.

— Президентимиз Халқ қабулхоналарини очиб, кўп савобли ишга қўл урди, — гапга қўшилди йигирма йилдан бери ҳайдовчилик қилиб келаётган Йўлчибой Холматов. — Мана, қишлоғимиз кўчалари асфальт кўрмаган — қуруқ шағал эди-да. Ҳокимга неча бор айтдик, «юқори»га қанча хат ёздик, фойдаси бўлмади. Энди қўлни ювиб, қўлтиққа урамиз деганда, Виртуал қабулхона жонимизга оро кирди. Аризамизни ҳокимнинг ўзи келиб ўрганди. «Бу борада катта дастур қабул қилинди, барча кўчага асфальт ётқизамиз», дейишди. Кўнглимиз бир кўтарилди...

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин ва уларнинг барчаси бизга бир ҳақиқатни англатади: Президентимиз ғояси асосида ташкил этилган Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари халқ билан фаол, очиқ ва ошкора мулоқот олиб бориш, жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий, самарали ва таъсирчан механизмига айланиб бормоқда. Энг аҳамиятлиси, бу янги тизим худди шундай кўринишда ҳеч бир мамлакатда учрамайди.

 

Ҳақиқатнинг юзи ёруғ, қўли узун

Халқимизнинг бу мақоли айни пайтда атрофлича ўрганилиб, қонуний ҳал этилаётган мурожаатларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шу йил 22 май кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 70 мингга яқини ижобий ҳал қилинган.

Меҳнат ҳуқуқи ва бандлик соҳасида 4 минг 864 мурожаатда кўрсатилган муаммолар ҳал қилинган. 789 фуқарога 1 миллиард 900 миллион сўмлик ўз муддатида берилмаган иш ҳақлари ва қарздорликлар ундирилган, 1 минг 

500 фуқаро иш билан таъминланган, ишдан ноқонуний бўшатилган 305 киши иш жойларига қайта тикланган. Ижтимоий соҳада 288 фуқарога икки ёшгача бола парвариши учун нафақа тайинланган, 588 оилага 600 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилган.

Сўнгги йилларда халқимизнинг фаровонлиги ошиб, хонадонларда шахсий автомобиллар кўпаймоқда. Табиийки, бу ўз-ўзидан «темир улов» сотиб олиш истагини пайдо қилаяпти. Аҳолидан автосалонлардан давлатимиз белгилаган нархда автомобиль харид қилиш билан боғлиқ турли сансалорликлар ҳақида ҳам кўплаб шикоятлар келиб тушган. Бу борада 497 мурожаат ҳал қилинган. Натижада 205 фуқаро автомобиль харид қилиш шартномасини имзолаган, 87 кишига муддатида берилмаган автомобиль етказиб берилган, 150 фуқарога шартнома бўйича автомобиль ўз вақтида етказилмагани учун қайта ҳисоб-китоб қилинган, 55 кишининг сотиб олган автомобилларидаги носозликлар бартараф этилган.

Суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам 5 мингдан зиёд мурожаатлар ҳал қилинган. Жумладан, 2 минг 137 ҳолатда алимент пулларини тўламай юрган фуқаролардан 1 миллиард 900 миллион сўм миқдоридаги алимент пуллари ундирилган, 95 ҳолатда фуқароларнинг оилавий шароити ҳисобга олиниб, судларнинг 37 миллион сўмлик жарималар тўлаш тўғрисидаги қарорлари ўзгартирилиб, улар жаримадан озод қилинган. 195 биометрик паспорт ўз эгаларига топширилган, 53 фуқаронинг прописка масаласи ижобий ҳал қилинган.

Мурожаатларни ўрганиш натижасида 300 истеъмолчининг электр энергияси бўйича 220 миллион, 285 фуқаронинг табиий газ бўйича 593 миллион сўм асоссиз ҳисобланган қарздорлиги бартараф этилиб, 135 тадбиркорлик субъектини электр энергияси билан -узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилган. Самарқанд туманидаги «Даромад Файз Омад» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муртазо Омонуллаев ўз мурожаатида 2016 йил 28 март куни табиий офат (чақмоқ уриши) туфайли корхонанинг электр токи ҳисоблагичи ёниб кетгани, туман электр тармоқлари корхонасининг масъул ходимлари уни лабораторияга олиб кетиб, апрель — июль ойларида асоссиз равишда 17 миллион 900 минг сўм қарздорлик ҳисоблаб, бу маблағни ҳатто корхона ҳисоб рақамидан ечиб олганидан шикоят қилган. Самарқанд вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бу масалани қайта кўриб чиқиб, уни қонуний асосда тадбиркор фойдасига ижобий ҳал этган.

Тошкент шаҳар Миробод туманида яшовчи Ш. Шокирова шу йил 25 январда Виртуал қабулхонага мурожаатида унинг хонадонига табиий газдан 1,3 миллион сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланганини билдириб, мазкур муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам сўраган. «Мирободтумангаз» ходимлари ушбу масалани бир кунда ўрганиб, Ш. Шокирова қарздор эмас, балки ҳақдор эканини аниқлаган. Худди шу мазмундаги мурожаатлар асосида Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи Ф. Кенжабоевнинг электр энергияси учун нотўғри ҳисобланган 1,5 миллион сўм қарзи бекор қилинган, юнусободлик Г. Саидова табиий газ учун тўлаган 509 755 сўм «Тошкентгазсавдо» МЧЖ ходимларининг хатоси туфайли бошқа ҳисоб рақамга ўтиб кетган экан, бу борада ҳам ҳаммаси жой-жойига қўйилган.

Савол туғилади: электр энергияси ва табиий газ таъминоти идоралари ходимлари айрим ҳолларда нега бунчалик қуюшқондан чиқиб кетмоқда? Бир тадбиркор таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имкониятини, маблағини хавф-хатарга қўйиб, кеча-кундуз жонини жабборга бериб ишласаю, электр тармоқлари корхонаси унинг бўйнига асоссиз 17,9 миллион сўм қарзни илиб, яна бу маблағни корхона ҳисоб рақамидан ечиб олишга ҳам улгурса — нима, шаҳар бедарвозами? Ёки бир инсон табиий газ учун тўлаган тўлов бошқа ҳисоб рақамга ўтиб кетса, фуқаро ҳақини талаб қилгандаёқ шу хатоликни тўғрилаб қўйишнинг имкони бор-ку! Бунга нима халал беради? Шубҳасиз, лоқайдлик, ўз вазифасига совуққонлик билан қараш.

Инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди. Виртуал қабулхонага тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 86 фуқаро намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлардан олиш учун шартнома имзолаган, 207 фуқаронинг намунавий уй-жойларидаги камчиликлар бартараф этилган, 106 фуқаронинг хонадонида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари таъмирлаш ишларини бажарган, яна 44 фуқаронинг уй-жойи таъмирланган, 55 тадбиркорга ер майдони ажратилган, 43 маҳалла кўчалари ободонлаштирилган.

2014 йили Қарши шаҳрида яшовчи Н. Муслимованинг уй-жойи бузилгач, унга на компенсация пули ва на тураржой қуриш учун ер ажратилган. Ўтган даврда аёлнинг бош уриб бормаган идораси қолмаган, бироқ ҳеч бир мутасадди унинг дардини тингламаган. Аёл сарсон-саргардон юрган кунларда Виртуал қабулхона очиладию, унинг икки йиллик ташвиши икки кунда ҳал бўлади: Н. Муслимовага 90 миллион сўм компенсация пули ва Қарши шаҳридан ер майдони ажратилган. Яккабоғлик Н. Раҳматов ҳам тендерда ютиб олган ер майдонини ололмагач, Виртуал қабулхонага мурожаат қилган. Туман ҳокимлиги масалани ўрганиб, унга қонуний ютиб олган ер майдонини ажратиб берган.

Нукуслик Турдихон Муржонбетова уйсиз, мактабда яшаб юрган эди. Бу аёл Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига уй-жой билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилгач, Нукус тумани ҳокимлиги унинг шароитини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, ёрдам бериш керак, деган қарорга келган ва шу йил 4 мартда Т. Муржонбетовани 2 хонали уй-жой билан таъминлаган. Марғилон шаҳридан Гўзалхон Жалолиддинова ҳам Виртуал қабулхонага мурожаатида 1 хонали уйда 11 жон яшаётгани, жуда тиқилишиб қолиб, қўшнисининг ошхонасида боласи билан яшаб турганини айтиб, амалий ёрдам сўраган. Марғилон шаҳар ҳокимлиги мурожаатни кўриб чиқиб, шу йил 27 февраль куни унга шаҳардаги 1-оилавий ётоқхонадан жой ажратиб берган.

Қарши туманидан Алишер Fафуров газ таъминоти тизимида ишлайди, уч фарзанди бор, аёли уй бекаси. У Виртуал қабулхонага мурожаат қилгач, ижарама-ижара яшаб чарчаган оиласининг кўп йиллик орзулари ушалган: Қарши туманида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилган 2 қаватли арзон уй-жойлардан 3 хонали квартира уларга имтиёзли кредит асосида ажратилган.

Кармана туманида истиқомат қилувчи О. Ортиқова 2015 йили намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлардан бирини олган, бироқ уй сифатсиз қурилган, таъмирталаб бўлган, пудратчи ташкилот фуқаронинг эътирозларини эътиборсиз қолдирган. О. Ортиқова шу йил 9 январда Виртуал қабулхонага мурожаат қилгач, пудратчи ташкилот бир ҳафтада барча камчиликни тўлиқ бартараф этган. Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А. Якубов ипотека кредити олиш учун «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг туман филиалига ҳужжатлар топширган, бироқ сансалорликларга дуч келган. Фуқаро 2016 йил 26 декабрда Виртуал қабулхонага мурожаат қилгач, шу йил 3 январда муаммоси ижобий ҳал қилинган.

 

Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади

Халқимиз мулк ё капитал маълум гуруҳлар қўлида тўпланган феодализму капитализмни, борингки, ишлагану ишламаганни тенг тишлатмоқчи бўлган социализмни ҳам бошдан кечирди. Бироқ барча «изм»да оддий халқнинг косаси оқармади, бири икки бўлмади. Чунки у даврларда давлат бошқаруви, муҳит, шароит шундай эди. Бугун мамлакатимизда ҳар бир инсонга бахтли бўлиб, ҳаётдан рози яшаш учун тенг имконият яратилмоқда, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар, турли бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Бироқ ҳамон айрим жойларда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган инсонларга ёрдам бериш ўрнига уларни сарсон қилиш, ишбилармонларнинг ўз бизнесини янада ривожлантиришига халал бериш ҳоллари учраб тургани таассуфлидир.

Гулистон шаҳридаги «Gulistan Agro Group» МЧЖ раҳбари Анвар Раҳмоновнинг мурожаатидан сўнг унинг корхонасига Жанубий Кореядан шолини қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлашга мўлжалланган технология сотиб олиш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» 491,3 минг АҚШ доллари миқдорида кредит берган. Нукуслик А. Пирназаров шу йил 12 январда Виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, унга тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер ажратиб беришда амалий ёрдам сўраган. Нукус тумани ҳокимлиги мазкур мурожаатни атрофлича ўрганиб, фуқарога 1 гектар ер ажратган.

Урганчлик Б.Шомуродова 2011 йилда Урганч деҳқон бозорида қурилган дўконлардан бирини 20 миллион сўмга сотиб олган. Бироқ фаолият бошлагандан 10 ой ўтиб дўконлар бузилган. Шу вақт мобайнида тадбиркорга на тўлаган пули қайтарилган, на ўрнига бошқа дўкон берилган. Б.Шомуродованинг Виртуал қабулхонага мурожаатидан сўнг унга дўкон учун тўлаган пуллари ундириб берилган.

Умуман, Виртуал қабулхонага банк хизматларига доир мурожаатлардан сўнг 161 тадбиркорга 6,8 миллиард сўм кредит, 30 фуқарога 3,7 миллиард сўмлик ипотека ва истеъмол кредитлари ажратилган, 57 фуқаронинг 1,6 миллиард сўмлик омонат пуллари қайтарилган, 239 фуқаро ва тадбиркорнинг ҳисоб рақамларидаги маблағлари олиб берилган, 122 тадбиркор тўлов терминаллари билан таъминланган.

Булардан кўринадики, кўп ҳолларда одамлар, ҳатто айрим тадбиркорлар соҳадаги тартиб-қоидаларни яхши билмагани учун унчалик қийин бўлмаган ишлар ҳам баъзи мутасаддиларнинг арзимаган баҳоналари билан битмай қолиб кетмоқда. Банк ходимлари барча имкониятни ишга солиб, йўл-йўриғини қилиб, шу муаммоларни ҳал қилиб берса бўлади-ку.

Шу ҳақда яна бир мисол. Янгийўллик Равшан Абдухалилов иккинчи гуруҳ ногирони, у 2016 йил декабрда Миллий банкнинг Янгийўл туман филиалига чорва кредити сўраб, мурожаат қилади, бироқ сўралган ҳужжатларни йиғишга имкон қилолмайди, боз устига, гаровга қўйишга ҳам ҳеч нимаси йўқ. Сўнг шу йилнинг январь ойида Президентимизнинг виртуал қабулхонасига ёрдам сўраб, хат ёзган.

— Ишонасизми, Миллий банк ходимлари уйимизга келиб, мурожаатимни уч кунда ҳал қилиб берди, — дейди Р. Абдухалилов. — Яқинларим кафил бўлди, банкнинг 5,6 миллион сўм кредити эвазига соғин сигир олдик. Бузоғи ҳам бор. Энди паррандачиликни йўлга қўйиб, курка боқмоқчимиз.

Ҳа, одамларнинг тадбиркор бўлишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Бу билан минглаб оилаларга барака киради, юз минглаб янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, ўз ишини топган, шундан даромад, завқ ва қувонч кўрган инсон аниқ ҳаётий мақсади, йўли ва манзилига эга бўлади. Бугун мамлакатимиздаги ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад битта — халқимизни ҳаётдан рози қилиш, бой қилиш. Бунга одамларни ишбилармонликка ўргатиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали эришиш мумкин. Зотан, -Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади».

 

Адолатнинг катта-кичиги бўлмайди

Ҳар бир инсон — иссиқ жон. Касал бўлмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди, тизимдаги муаммолар ва унинг ривожланиш истиқболлари чуқур таҳлил қилинди. Аҳолидан бу борада Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб -тушаётган ариза ҳамда шикоятларни тизимли ўрганиш ва ҳал қилиш — доимий эътиборда. Шу йилнинг 22 май кунига қадар соҳага оид 5 минг 378 мурожаат ҳал қилинган.

Бунинг натижасида 1 минг 560 фуқарога марказий шифохоналарда даволаниш учун йўлланмалар (ордер) берилган, 587 фуқаро стационар шароитда касалхоналарга ётқизилган, ногирон 58 киши протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминланган.

«Ўттиз йилдан бери диабетга чалинганман, бир фарзандим бор, турмуш ўртоғим оламдан ўтганига 15 йил бўлди. Менга давлат томонидан ҳеч қандай дори берилмаяпти, сотиб олган дориларим 10 кунга етмайди, аҳволим жуда оғир. Президентимиздан ёрдам сўрайман», деб мурожаат қилган шаҳрихонлик Нигора Алиева. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мурожаатни ўрганиб чиққач, Н. Алиева шу йил 24 январда Андижон вилояти эндокринология диспансерига ётқизилиб, зарур дори-дармонлар билан таъминланган. Бемор аёл соғлиғи бўйича мунтазам тиббий назоратни ташкил қилиш -Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникаси бош врачи зиммасига юклатилган.

Пойтахтлик Гўзал Раҳматуллаева 2015 йил март ойида пул тўлаб, 1-шаҳар касалхонасида қорин чурраси бўйича жарроҳлик амалиётини ўтайди. Бироқ кўп ўтмай, операция қилинган ўрин йиринглай бошлайди. Аёл шифокорларнинг олдига қайтиб бориб, жарроҳлик амалиёти сифатсиз ўтказилганидан шикоят қилади. Улар беморга «Озгина чиданг, мазлар суртинг, яхши бўлиб кетади», дейишади, холос.

— Турли дори-дармонлар фойда бермади, операциядан бир йил ўтиб, аҳволим буткул оғирлашди, шифокорлар тайинли ҳеч нима айтмагач, Виртуал қабулхонага шикоят қилишдан бошқа чорам қолмади, — дейди Г. Раҳматуллаева. — Шу йил январь ойи охирларида 1-шаҳар касалхонасида мени қайтадан бепул операция қилишди. Кўз тегмасин, ҳозир аҳволим анча яхши.

Шаҳрисабзлик Анвар Ризаев 31 ёшда, 2-гуруҳ ногирони. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 2016 йил сентябрда бир оёғидан ажралгач, оғир аҳволга тушади. Бироқ қарамоғида уч фарзанди бор, ётиб қолиш ярамайди.

— Шу боис 2016 йил 30 ноябрда Виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, оёғимга протез қўйиб бериш масаласида ёрдам сўрадим, — дейди А. Ризаев. — Орадан бир ҳафта ўтди, жуда дилим хуфтон бўлиб ўтиргандим: қизим кучли шамоллаб ётибди, уни кўтариб шифокорга олиб борай десам, ўзимнинг аҳволим бу. Шунда уйимга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг вакиллари кириб келса, денг. Кўнглим анча кўтарилди. Улар қизимни ҳам текшириб, даволашди. Орадан кўп ўтмай, бепул протез қўйиб беришди. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз. Энди бирор иш билан шуғулланиш ҳақида ўйлаяпман.

Виртуал қабулхонага мурожаатлар асосида 65 фуқарога ногиронлик белгиланди. Фарғона туманидан М. Шодмонова туғма ногирон экани, бироқ тиббий-меҳнат эксперт комиссияси буни рад этаётганидан шикоят қилган. Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси мутахассисларининг ўрганишлари давомида аёлнинг чиндан ҳам ногирон экани -аниқланган, шу йил 3 март куни унга 

2-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, тегишли нафақа тайинланган. Марғилонлик Маъмуржон Зайнуддинов 2015 йилда бош миясидан жароҳат олгач, ногирон бўлиб қолади. Бироқ унинг онаси Х. Fаниева ўғлига ногиронликни белгилатишда сарсон-саргардонликка дуч келади. Аёлнинг Виртуал қабулхонага мурожаатидан сўнг шу йил 28 февралда унинг ўғлига ҳам 2-гуруҳ ногиронлиги ва тегишли нафақа тайинланган.

Ҳа, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Буни фуқароларнинг таълим тизимига оид муаммолари ҳал бўлаётганида ҳам кўриш мумкин. Ўтган даврда 220 бола мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилган, 65 коллеж ўқувчисининг ўқиши тикланган, 50 ўқувчининг ўқиши бошқа коллеж ё лицейга кўчирилган, 33 фуқарога ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи ва ўрта мактаб шаҳодатномаси берилиши таъминланган.

Избосканлик Улуғбек Нуриддинов ўтган йили Андижон давлат университетига контракт асосида ўқишга қабул қилинган, тўлов-шартнома учун қарийб 3 миллион сўм тўлаган. Сўнг у оилавий шароити тўғри келмагани учун ўқишни давом эттира олмаслиги ҳақида маълум қилган, бироқ университетдан тўлаган пулини қайтариб ололмаган. 

У. Нуриддинов Виртуал қабулхонага мурожаат қилгач, шу йил 9 февралда унинг контракт пуллари қайтариб берилган. Самарқанд давлат университети талабаси Ўғилой Ҳайитова 2016 йил сентябрь ойидан буён стипендиясини ололмаётгани ҳақида шикоят қилгач, 2016 йил 31 декабрда унинг барча стипендия пуллари тўлиқ тўлаб берилган. Боғот туманидан У. Раҳмонов тумандаги 92-мактаб-интернат ётоқхонаси етарлича иситилмаслиги туфайли ўғли ва бошқа болалар бетиним шамоллаб қолаётганидан шикоят қилгач, мактаб-интернатнинг иситиш тизими соз ҳолатга келтирилган.

Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида ўнлаб, ҳатто юзлаб одамлар ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш мужассам. Бу фуқароларнинг давлат ҳокимиятига, жамиятга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда ниҳоятда муҳим омилдир.

Одамларнинг кичик муаммоси ҳал бўлса, катта натижаларга олиб келади. Акс ҳолда улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бир инсон муаммога дуч келиб, уни вақтида ҳал қила олмаса, бундан, аввало, руҳий зарба олади: қўли ишга бормайди, ичига чироқ ёқса ёришмайди, беҳаловат бўлади, ўтирса ҳам, турса ҳам, хаёлининг бир четида шу муаммо унга халал бераверади.

Оқибатда бундай руҳий тушкунлик инсонни шахс сифатида емиради. Адолатга ишонмаслик, ҳақиқатнинг борлигига шубҳа жамиятга ҳам катта хавф солади. Излаганини уйидан тополмаган одамнинг кўчага чиқиб кетиши тайин. Шу маънода, мулоқот ва манфаат тушунчалари ўзаро чамбарчас боғлиқ.

Энди муаммоси ҳал бўлган инсоннинг руҳияти, кайфиятини бир тасаввур қилайлик: у ўзини елкасидан тоғ ағдарилгандай ҳис қилади, ҳаётида ҳаловат пайдо бўлади, тонгда катта меҳнат иштиёқи ва яшаш завқи билан уйғонади, халқ фаровонлиги, давлат ва жамият тараққиётига нимадир ҳисса қўшишга чоғланади, бор куч-ғайратини ўз ишига сарфлайди. Энг муҳими, бундай инсон давлатга, қонунларга, адолат ва ҳақиқатнинг қудратига, умуман, ҳаётга ва келажакка ишонади. Руҳиятида шундай кучли ишонч ва -ихлоси бор одамни йўлдан оздириб ҳам, чалғитиб ҳам бўлмайди.

Давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар ва мутасадди ходим ўз вазифасини виждонан, сидқидилдан бажариб, одамларнинг оғирини енгил қилиб, муаммоларини ҳал этишга баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганида ҳам, ўз ишига, вазифасига лоқайд муносабатда бўлиб, оддий одамлар учун муаммо ва ташвиш туғдираётганида ҳам юқорида қайд этилган бир-бирига қарама-қарши икки манзарани кўз олдига келтириб, тегишли хулоса чиқариши, халқнинг розилиги ёки норозилиги айнан унга боғлиқ эканини эсидан чиқармаслиги зарур.

 

7 минг мурожаат ва 3 миллион муаммонинг ҳал бўлиши

Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарининг яна бир ноёб хусусияти — мурожаатларга асос бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборат. Бу борадаги ишлар аллақачон ўз натижаларини бермоқда.

Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз ҳудудларида бу борадаги мавжуд аҳволни танқидий таҳлил қилиш натижасида қабул қилинди. Виртуал қабулхона ишга тушганидан буён одамлардан иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўламаслик, тўловларни пластик карталарга нақдсиз шаклда асоссиз равишда ўтказиш ҳолатлари кўпайгани, тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими етарли даражада ривожланмагани юзасидан 7 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида «пластик карточкаларни муомалага киритишдан илгари барча механизм пухта ишлаб чиқилмаган»ини рўйирост таъкидлагани бежиз эмас. Президентимизнинг юқорида келтириб ўтилган қарорига кўра, мамлакатимизда барча турдаги пенсиялар, тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз нақд шаклда амалга оширилмоқда, олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг камида 50 фоизи нақд шаклда берилмоқда.

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда пенсия ва нафақа олувчилар сони йилига ўртача 4 фоиздан ўсиб, бугун 3 миллион нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Қаранг, аҳолидан тушган 7 мингдан ортиқ мурожаатлар асосида 3 миллиондан зиёд юртдошларимизнинг муаммолари ҳал бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 февралдаги «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам айнан фуқароларнинг кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлаш борасидаги муаммо ва камчиликлар ҳақидаги мурожаатлари, шикоят, ариза ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган. Қарорга кўра, мамлакатимизда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни назарда тутувчи «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими амалга киритилмоқда. Қарорда идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлаш Тошкент шаҳрида шу йил 1 июлдан, мамлакатимизнинг қолган ҳудудларида 2018 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилади.

Бунда солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик, кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги «Нотариус» тизимида автоматик тарзда текширилади. Ариза берувчига аниқланган қарздорликни нотариал идорада, шу жумладан, электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти берилади. Қисқа айтганда, энди уй-жой сотадиганлар ишдан қолиб, вақт кетказиб, идорама-идора маълумотнома йиғиб юрмайди. Бу билан, аввало, фуқароларнинг вақти ва маблағи тежалади, қолаверса, сохта маълумотномалар тақдим этишнинг олди олинади.

Яна бир масала: аҳолидан фуқаролик ишлари бўйича судларда бўлаётган сарсон-саргардонликлар ҳақида ҳам кўп мурожаатлар келмоқда. Асл вазият шуки, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туманлар) судлари бир ишни кўриб, ҳал қилув қарори чиқаргач, иккинчи тараф норози бўлиб шикоят қилади, вилоят фуқаролик судлари эса бу ишни яна биринчи инстанцияга қайта кўриш учун жўнатади, аксарият ҳолда у ерда ҳам бу масала тўла ҳал бўлмайди. Ҳали у туман, ҳали бу тумандаги фуқаролик ишлари бўйича судлар ишни қайта-қайта кўраверади.

Судларнинг апелляция ва кассация инстанциялари, суд назорати амалиётидаги таҳлиллар кейинги йилларда фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судлари чиқарган ҳал қилув қарорларининг юқори инстанциялар томонидан бекор қилиниши ва улар юзасидан якуний қарор қабул қилмасдан, қайта кўриб чиқиш учун яна биринчи инстанцияга юбориш ҳолатлари ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. 2014 йили 1 минг 119, 2015 йили 

1 минг 296, 2016 йили 1 минг 160 ана шундай суд қарорлари юқори инстанцияда бекор қилинган ва иш яна қуйи бўғинга юборилган. Ҳар бир бекор қилинган қарорнинг ортида қанча одамнинг йўқотган вақти, маблағи, асаббузарликлари, соғлиғи ётибди.

Бу борадаги мурожаатлар таҳлили асосида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига тегишли ўзгартиш киритилди. Энди апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг қароридан норози бўлган шахснинг масаласини қуйи судга қайтармасдан, у бўйича ўзи узил-кесил қарор қабул қилади. Фуқаролик ишларини кассация ва назорат тартибида кўриб чиқиш тартибига ҳам шу мазмундаги ўзгартишларни киритиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни янада кучли кафолатлаб, биринчи инстанциядаги хато-камчиликларнинг олдини олишга, бу соҳадаги турли сансалорликларга оид шикоятлар -қисқаришига олиб келади.

 

Жамиятнинг ойдин кўзгуси

Халқ қабулхоналари институти бугун чин маънода халқ минбари, муаммолар ва уларнинг ечими акс этадиган ойдин кўзгу бўлмоқда. Бунда мамлакатимизнинг ҳамма жойидаги асл вазият, халқимиз, жамиятимиз қандай нафас олаётгани яққол намоён бўлмоқда. Бу жараёнда барча соҳа бўйича йиғилаётган мурожаатлар архиви келгусида -исталган тизим бўйича самарали ва ҳаётий тадқиқотлар олиб бориш учун ниҳоятда ноёб, бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади. Дунёнинг яна қайси мамлакатида бундай тизим бор? Биламизки, амалиётда бир масалани ўрганиш учун махсус институтлар йиллар давомида ижтимоий сўровлар ўтказади ва улар, қанчалик жозибали кўринмасин, барибир, бир гуруҳ одамларнинг субъектив фикрини акс эттиради. Мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва ҳудуддаги асл манзарани, мавжуд аҳволни реал кўриш ва баҳолаш учун жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари мустаҳкам асос ва ҳақиқий мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ижро ҳокимияти фаолиятини янада самарали йўлга қўйишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

...Ҳа, бугун Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона халқимиз учун суянч тоғи бўлмоқда, одамларни янада катта куч-ғайрат билан ишлашга ундамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келаётган миннатдорлик хатлари, таклифлар, тилакларни ўқир экансиз, бунга такрор-такрор амин бўласиз. Уларнинг барчасини бир жиҳат бирлаштириб туради: эзгу ният, эзгу сўз, эртанги кунга мустаҳкам ишонч. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти талабаси Барчиной Сафарова, Наманган муҳандислик-педагогика институти талабаси Отабек Исоқжонов, Андижон вилояти Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси Мафтуна Тўлабоева, тўрақўрғонлик тадбиркор Рустам Омонов, Тошкент шаҳридан Антонина Атаджанова ва бошқа минглаб юртдошларимиз мурожаатлари ҳал бўлгани, мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқ билан мулоқот самарали йўлга қўйилаётгани, инсон ҳуқуқ-манфаатлари таъминланаётганини таъкидлаган, одамлар манфаатини таъминлашга, хусусан, навқирон авлод камолотига кўрсатаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирган.

Аслида ҳам дунёдаги бор фалсафий қарашларнинг хулосаси — оламнинг бино бўлмоғидан муддао аслида одам эди. Бинобарин, инсондан улуғ мавжудот йўқ. Шу маънода, улуғ шоиримиз Алишер Навоий таъкидлаганидек, бир кўнгли синиқ кишининг кўнглини кўтариш, хотирини, дилини, қалбини шод этиш шу қадар улуғ ишки, бу вайрон бўлган Каъбани обод қилган даражасидадир. Навоий одамнинг кўнглини Каъбага қиёслаган, кўнгил синиқлигини Каъба вайронлигига менгзаган. Меҳр-мурувватнинг бундай буюк тимсоли, инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш, уларнинг муаммолари билан ўз муаммоси каби курашиш ҳар қандай кишининг қалбини жунбушга келтиради.

Бугун ҳар биримиз, бутун халқимиз кўраётган ва сезаётган ҳақиқат шуки, мамлакатимизда давлат идоралари одамлар билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Халқ талаб ва истаклари асосида ишлаш принциплари ҳаётимизда чуқур жорий қилинмоқда. Бу мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин эканини такрор ва такрор исботлаб бермоқда.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида айтган, халқимизнинг юрагидан чуқур жой олган, барча бўғиндаги раҳбарлар учун ҳаёт қоидасига, фаолиятнинг бош мезонига айланиши лозим бўлган қуйидаги даъваткор сўзларни яна бир бор эслатиб ўтиш жоиз:

«Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. 

Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало халқимиз билан. 

Шунда халқимиз биздан рози бўлади. 

Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. 

Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади».

Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Олим ТЎРАҚУЛОВ,

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn