Фракцияларда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижроси муҳокама этилди
  • 27 Май 2017

Фракцияларда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижроси муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот депутатлар томонидан дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида ҳисобот даврида тасдиқланган кўрсаткичлар асосида мамлакатимизда иқтисодий дастурларнинг энг муҳим устувор вазифалари тизимли равишда амалга оширилгани натижасида ўсишнинг барқарор юқори суръатлари ва макроиқтисодий мувозанатлиликни сақлаш, иқтисодиётни модернизациялаш ҳамда диверсификациялаш таъминлангани таъкидлаб ўтилди. 

Фракция аъзолари ўтган йилда партиянинг асосий вазифаси бўлган одамларнинг муносиб ҳаёт кечиришини кафолатлаш ҳамда ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш бўйича, аввало, ижтимоий-иқтисодий йўналтирилган ислоҳотлар изчил давом эттирилганини қайд этди.

Айниқса, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш мақсадида 2016 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 58,9 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.

Йиғилишда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадларининг шакллантирилиши ва улар харажатларининг мақсадли ҳамда манзилли сарф этилишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ушбу йўналишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Айни чоғда ижтимоий соҳа муассасаларида ҳамон молиявий қоидабузарликлар учраётгани танқид қилинди.

* * *

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари ижтимоий адолат ғояларига таянган ҳолда, таълим-тарбия, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишини кўриб чиқди. 

Давлат бюджетидан 2016 йилда ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми, яъни 57,4 фоизи таълим муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга ажратилган. Депутатлар ана шу маблағлар сарфланиши ҳолатини муҳокама қилиш асносида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни таҳлил қилди.

“Адолат” СДП Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, фракция аъзолари соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва касалликлар профилактикасига йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Қайд этилганидек, ўтган йилда Давлат бюджетидан ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 24,1 фоизи соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган.

Йиғилишда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастури ижросига оид ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларга келгусида энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш ва ижтимоий объектларни барпо этиш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

* * *

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи йиғилишида 2016 йилда Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун, жумладан, атмосфера ҳавоси, сув ва ер ресурслари, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси муҳофазасига, оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш ва қайта таъмирлашга, ўрмончилик ҳамда кўкаламзорлаштириш, биохилмахилликни ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ҳамда янгиларини барпо этиш, шунингдек, экологик йўналишдаги бошқа тадбирларга сарфланган маблағлар кўлами атрофлича таҳлил қилинди.

Депутатлар мамлакатимизда 2016 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун Давлат бюджетидан жами 818,0 млрд. сўм маблағ сарфланганлигига эътибор қаратди. Шу билан бирга, инвестициялардан фойдаланиш самарадорлиги, Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган маблағлар ҳажми ошганлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳокамалар чоғида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этиш учун Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш ва бюджет интизомига риоя қилиниши борасидаги назоратни кучайтириш юзасидан фикрлар билдирилди.

Йиғилишларда сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг кўриб чиқилган масала юзасидан нуқтаи назари шакллантирилди ва ҳисоботни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn