Ҳукуматлараро комиссия мажлиси
  • 26 Май 2017

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси

Тошкентда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, банк-молия, савдо-саноат, сармоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм, маданият, ахборот технологиялари, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов ва бошқалар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишда жадал тараққий топиб бораётганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 

14 май куни Пекинда “Бир макон, бир йўл” форуми доирасида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашуви, 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи ўзаро муносабатларга янги суръат бағишлади.

Туркия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Йилдирим Туғрул Туркеш ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик тарих, муштарак қадриятлар ҳамда ўхшаш урф-одатларга эга эканини алоҳида қайд этди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Туркия Ўзбекистоннинг муҳим ва йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилгани, айни пайтда юртимизда Туркия капитали иштирокида 441 корхона фаолият юритаётгани ва шундан 94 таси тўлиқ ушбу мамлакат сармояси асосида бунёд этилгани бунга яққол мисол бўла олади.

Ҳукуматлараро комиссия мажлисида келгусида ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ ҳамда муҳим таклифлар билдирилди. Икки мамлакат бозорларини электротехника, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш саноати сингари тармоқларда янги имкониятларни ишга солиш эвазига янада фаоллаштириш мумкин. Жумладан, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти қадимий шаҳарларимизда замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо қилиш, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш ҳисобига кенгайтирилади.

Мажлис иштирокчилари истиқболда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳар жиҳатдан равнақ топишини қайд этишди.

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якунида қўшма протокол ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Шу куни икки мамлакат ишбилармон доираларининг Инвестиция форуми ва кооперацион биржаси бўлиб ўтди. Унда давлатларимизнинг иқтисодий ҳамда сармоявий салоҳияти, мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn