Давлат бюджети ижроси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда
  • 26 Май 2017

Давлат бюджети ижроси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилган. Чунончи, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ушбу жараёнда долзарб бўлиб, буларни амалга оширишда Давлат бюджети алоҳида ўрин тутади.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинаяпти.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг мажлисида ушбу ҳисобот батафсил кўриб чиқилди.

Юртимизнинг асосий молиявий ҳужжати — Давлат бюджетини қабул қилиш бўйича миллий парламентда ўзига хос механизм  шаклланган. Шу маънода, бу ЎзЛиДеП фракциясига мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш, хусусий мулкнинг ролини тубдан ошириш борасида олиб борилаётган чоралар устидан самарали назоратни таъминлаш бўйича алоҳида масъулият юклайди.

Мажлисда 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларининг изчил ва тизимли амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт -ўсишининг барқарор ва юқори суръатларига ҳамда макроиқтисодий мувозанатга эришилгани, ижобий суръатлар жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам сақлаб қолингани, буларнинг барчаси иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани таъкидланди.

Фракция аъзолари Давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармалари бюджетлари ижросини партия электорати манфаатлари ҳамда Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан таҳлил қилишди. 

Эътироф этилганидек, 2016 йил якунларига кўра, маҳаллий хом ашё ресурсларини босқичма-босқич чуқур қайта ишлаш ва тайёр истеъмол маҳсулотлари номенклатурасини кенгайтириш тармоқлари эвазига саноат маҳсулотлари юқори ўсиш суръатларига эришилди. Хусусан, тўқимачилик буюмлари, кийим-кечак ҳамда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш 111,7 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари 110,8 фоиз, фармацевтика маҳсулот ва препаратлари 123,9 фоиз, кимё маҳсулотлари, резина ҳамда пластмасса буюмлари тайёрлаш 129,7 фоиз оширилишига эришилди.

Депутатлар йил давомида мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича бажарилган пудрат ишлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ортишига, уларни саноат асосида чуқур қайта ишлашга, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасининг ривожланишига туртки бўлганини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Фракция аъзоларининг фикрича, яқин истиқболда мамлакатимиз юқори сифатли, рақобатдош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, аҳолини асосий турдаги бундай маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш ва уларни экспорт қилиш бўйича минтақадаги етакчи давлатга айланади.

Муҳокамалар чоғида Давлат бюджетининг ижроси тасдиқланган параметрларга мувофиқ таъминланганлигига урғу берилди. 

* * * 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнлар, салбий тенденциялар ва бозор конъюнктурасидаги беқарорликларга қарамасдан, Ўзбекистонда Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан профицит -билан ижро этилгани таъкидланди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда жорий йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот партиянинг дастурий мақсадлари ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди. 

Фракция аъзолари мамлакатимиз тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда сақлашга йўналтирилган маблағлар сарфланишини таҳлил этдилар. Ушбу мақсадларга Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар маданий мерос объектларида таъмирлаш ва консервация ишларини амалга ошириш бўйича дастурлар ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Муҳокамалар чоғида депутатлар Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор -масалаларга эътибор қаратдилар. 

Аввало, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб бериш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни тайёрлаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирларни тизимли давом эттириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг субвенцияга боғлиқлигини кескин камайтириш диққат-эътиборда бўлди. Ушбу дастурларга киритилган лойиҳаларни молиялаштиришга банкнинг имтиёзли кредитлари, маҳаллий ва хорижий инвесторларни янада кенгроқ жалб қилиш лозимлиги қайд этилди.  

Йиғилишларда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилда ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагида ижро этилиши юзасидан фрак-цияларнинг нуқтаи назари шакллантирилди ва ҳисоботни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn