Ташқи ишлар вазирлигида учрашув
  • 25 Май 2017

Ташқи ишлар вазирлигида учрашув

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 24 май куни Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ал Наҳаён билан учрашди.

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари 2017 йил 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган 43-сессияси якунларини юқори баҳолади. Ушбу тадбирларда экстремизм ва терроризмга қарши курашни кучайтириш, -бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Тошкент форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърифат ва таълим халқлар фаровонлигининг асосий омилларидан бири экани ва инсонларни эзгу ишларни амалга ошириш, яхшиликка ундаши тўғрисидаги сўзлари Саудия Арабистони пойтахтида 50 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, қатор етакчи халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари иштирок этган саммитда ўз тасдиғини топди.

Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Томонлар минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

— Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли барча соҳаларда изчил ривожланди, — деди Шайх Абдулла бин Зоид Ал Наҳаён. — Ўзбекистон энергетика, туризм, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта имкониятларга эга. Мамлакатларимизда ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун улкан салоҳият мавжуд. Томонлар бу салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдордир. 

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn