БМТ халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда давлат дастурининг амалга оширилиши билан таништирди
  • 24 Май 2017

БМТ халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда давлат дастурининг амалга оширилиши билан таништирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури бажарилишининг бориши ҳақидаги маълумот Бош Ассамблея 71-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Ҳужжатда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизация қилиш, ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни рўёбга чиқариш мақсадида жорий йилда Ўзбекистонда 2017 — 2021 йилларда республикани ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани айтилади.

“Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, мамлакатда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади, — дейилади Бош Ассамблея 71-сессиясининг расмий ҳужжатида. — Унда давлат бошқарувини такомиллаштириш, энг аввало, давлат хизмати -тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, давлат ва хусусий тармоқ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг замонавий шаклларини ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш масалалари белгиланган”.

Бундан ташқари, тарқатилган маълумотда халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш Давлат дастурининг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлгани ҳамда шу муносабат билан унда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, жамият ҳаётида маҳалланинг ўрнини кучайтириш масалаларининг қайд этилгани таъкидланади.

Шунингдек, ҳужжатда Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш мақсадида жамоат ҳамда давлат ташкилотларининг ташаббуси бўйича Ўзбекистон Президентининг қарорига кўра, Тошкент шаҳрида Тараққиёт стратегияси маркази очилгани алоҳида айтиб ўтилган.

Тарқатилган маълумотда Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган бешта йўналишни амалга ошириш бўйича ташкил этилган комиссиялар зиммасига юклатилганига эътибор қаратилади. Мазкур комиссияларга нафақат белгиланган тадбирларни бажариш, балки Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини бевосита тайёрлаш вазифаси ҳам топширилгани айтилади.

Шу билан бирга, ҳужжатда Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш -Ўзбекистоннинг мамлакатда ислоҳотларни ривожлантириш ва уни модернизациялаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо қилиш йўлидаги жадал ҳаракатига кучли туртки бўлиши алоҳида қайд этилади.

«Жаҳон» АА.

Нью-Йорк

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn