Ўзбекистон — Хитой: сиёсий мулоқотлар янада фаоллашмоқда
  • 20 Май 2017

Ўзбекистон — Хитой: сиёсий мулоқотлар янада фаоллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чэн раҳбарлигидаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига яқинда амалга оширган давлат ташрифи натижаларига юқори баҳо бердилар. Дарҳақиқат, мазкур ташриф Ўзбекистон — Хитой муносабатларида муҳим воқеа бўлди. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, транспорт йўлакларини кенгайтириш сингари долзарб йўналишларда самарали келишувларга эришилди. Умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган ҳужжатлар имзоланди. 

Ван Чэн икки томонлама муносабатларда ҳали бундай юксак натижаларга эришилмаганлигини қайд этди.

Учрашувда меҳмонларга икки палатали парламентимиз, жумладан, Олий Мажлис юқори палатаси фаолияти ҳақида маълумот берилди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда қабул қилинаётган қонунлар, давлат дастурлари ижроси устидан назорат ўрнатишда вакиллик органларининг ролига алоҳида эътибор қаратилди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида ҳам сўз юритилди. Эътироф этилганидек, ушбу дастуриламал ҳужжатда тинчликпарвар ташқи сиёсат олиб бориш, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Учрашувда урғу берилганидек, парламентлараро алоқаларнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистон ҳамда Хитойнинг барча йўналишдаги кўп қиррали мулоқотини изчил тараққий топтиришда катта аҳамиятга эгадир. Хусусан, жорий йилнинг май ойида Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи тузилди.

Замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга давлат ташрифи чоғида имзоланган битимлар доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, авваламбор, икки томонлама ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида ҳуқуқий асосларни шакллантириш ҳамда парламент назоратини олиб боришда парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.

— Ҳамкорликнинг ҳозирги босқичида биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бирга вакиллик органларининг биргаликдаги фаолияти кўламини кенгайтириш ҳамда самарадорлигини юксалтиришга келишиб олдик, — деди Ван Чэн. — Икки томонлама шартномаларнинг, “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn