Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — устувор мақсад
  • 20 Май 2017

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — устувор мақсад

Бугунги мураккаб шароитда нуфузли халқаро ташкилот сифатида БМТнинг аҳамияти ва роли тобора ортиб бормоқда. Айниқса, БМТ ҳамда унинг ихтисослаштирилган институтлари, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси давлатларнинг тинчлик ва хавфсизлик, барқарор тараққиёт ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда етакчи ўрин тутади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан юртимизга ташрифи мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Мазкур ташрифнинг аҳамияти ва якунлари ҳақида мухбиримиз Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан суҳбатлашди.

— Зайд Раад ал-Ҳусайннинг юртимизга ташрифининг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтсангиз.

— Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг дунёда инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини юксак қадрлайди. Зеро, ҳар қандай жамиятда тинчлик-осойишталик таъминланса, тартиб ўрнатилиб, демократик қадриятлар ҳамда қонун устуворлиги кафолатлансагина, ижтимоий тараққиёт, юксалиш бўлади.

Маълумки, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси 1993 йилда ташкил этилган. Бошқарма БМТ тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи асосий орган бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ўзининг ҳуқуқий мақомига кўра, БМТ Бош котибининг ўринбосари ҳисобланади. Шу боис унинг мамлакатимизга ташрифи жуда муҳим эди. Зайд Раад ал-Ҳусайн халқаро ҳамжамиятда катта обрў-эътиборга эга. У 2014 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари этиб тайинланган ва Осиё қитъаси ҳамда мусулмон дунёсининг ушбу лавозимдаги илк намояндасидир. Зайд 20 йиллик дипломатик тажрибага, инсон ҳуқуқлари масалаларида ўзининг қатъий позициясига эга.

Жорий йилнинг 1 мартида Женева шаҳрида Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашувимизда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташриф буюриши сўралган Ҳукуматимиз таклифини топширган эдим.

Ўшанда Зайд Раад ал-Ҳусайн БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг март ойидаги сессиясида ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар дунё давлатлари ўрнак олишига лойиқ, деб юксак баҳо берди. Юқори мартабали меҳмоннинг юртимизга таклиф қилиниши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида муҳим қадамлар ташлашга тайёрлигини ифодалади.

Шундай қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси шу йил 10-11 май кунлари мамлакатимизда бўлди. Томонларнинг ташрифдан кутган мақсадлари ҳақида гапирадиган бўлсак, айтиш мумкинки, ташриф юксак савияда ҳамда самарали ўтди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарини Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Учрашув самимий ва ўзаро ишонч муҳитида кечди. Унда Ўзбекистон билан БМТ, ушбу нуфузли универсал -халқаро ташкилот институтлари, шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида амалий ҳамда очиқ мулоқотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарблиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама муҳофазалаш Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор вазифаси эканини алоҳида қайд этди. Бу БМТ билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Юртимизда демократия ва инсон ҳуқуқларининг замонавий тамойилларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизим яратилган. Демократик ҳуқуқий давлат ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо қилиш саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади сифатида белгилаб олинган. Айни чоғда давлат ҳокимиятининг асосий институтлари — қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимияти самарали иш олиб бормоқда.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани ҳамда бу борада амалий чоралар кўрилаётгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, юксак мартабали меҳмон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди.

— БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси ташрифи учрашувларга бой бўлди. Шундай эмасми?

— Ҳақиқатан ҳам, юксак мартабали меҳмон Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, Омбудсман билан амалий учрашувлар ўтказди, самарали музокаралар олиб борди. Уларда Ўзбекистон ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатларга, жумладан, БМТнинг ўнта шартномасига қўшилган ҳамда ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариб келмоқда. Юртимизда Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга асос солинди. Парламент омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва яқинда тузилган Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича судга дахли бўлмаган янги механизм — Бизнес-омбудсман шулар жумласидандир.

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича миллий вазифалари ишлаб чиқилди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг “йўл харитаси” бўлди. Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишда нафақат экспертларнинг, айни пайтда кенг жамоатчилик, халқаро ҳамкорлар, шу жумладан, БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонасининг фикрлари, тавсиялари инобатга олинди.

2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тузилди. Ўзбекистон Республикаси -Президентининг виртуал қабулхонаси самарали фаолият олиб бормоқда. Халқ билан -мулоқотнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида қонун устуворлиги ҳамда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича аниқ ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кўрилмоқда. Халқаро стандартларга мувофиқ, янги институт — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Судьялик муддатларига қатъий аниқлик киритилди. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш, дастлабки тергов муддатлари қисқартирилди. Адвокатлар роли кучайтирилди. Ушбу чора-тадбирлар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий органларининг Ўзбекистон миллий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари бўйича тавсияларига тўла-тўкис жавоб беради.

— Делегация аъзолари нималарга кўпроқ эътибор қаратишди?

— Улар ташриф доирасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг барча жабҳасига аҳамият беришди. Бунда, айниқса, ушбу соҳада парламент ва жамоатчилик назорати институти механизмини такомиллаштириш масалаларига алоҳида урғу қаратилди. 2017 йилнинг 1 февралидан парламент аъзолари ҳар ойда фуқаролар муро-жаатларини кўриб чиқиш, улар билан очиқ мулоқот ўтказиш, қолаверса, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш мақсадида жойларга чиқмоқда. Бундан ташқари, прокуратура, ички ишлар органлари раҳбарлари ва барча даражадаги ҳокимларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизими жорий қилинаяпти.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этишда фуқаролик жамияти институтлари алоҳида ўрин тутаётгани эътиборга молик. Бинобарин, бугун сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ривожи очиқ фуқаролик жамиятини барпо қилишда долзарб аҳамият касб этмоқда. Улар мустақил равишда аҳоли турли қатламлари манфаатларини илгари сураяпти, муҳим аҳамиятга молик қарорлар, давлат дастурлари қабул қилиниши ва ижро этилишида фаоллик кўрсатаётир.

— Айтинг-чи, делегация сафари қандай баҳоланмоқда?

— БМТнинг махсус механизмлари, айниқса, махсус маърузачилари ҳамда шартномавий органлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Олий -комиссарнинг Минтақавий офиси билан муносабат ўрнатиш бўйича дастлабки келишувларга эришилганини ташрифнинг муҳим натижаларидан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Олий комиссар ташриф якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида мамлакатимизни яқин истиқболда тараққий топтириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани аҳамиятига, унда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш бўйича вазифалар алоҳида йўналиш сифатида белгилаб олинганига эътибор қаратди. Зайд Раад ал-Ҳусайн Олий комиссар бошқармаси суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг барча йўналишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бунда муҳим ҳуқуқий кафолат сифатида муқобил жазо чораларини кенгайтиришга урғу берилди.

Олий комиссар, ўз навбатида, давлат бошқарувида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш, аёллар тенглигини таъминлаш зарурлигига алоҳида аҳамият қаратди. Ўзбекистонда белгиланган мақсад ҳамда вазифаларга эришиш учун давлатга нафақат ёрдам берадиган, балки уни конструктив танқид қила оладиган фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари ҳам зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Умуман айтганда, Зайд Раад ал-Ҳусайн узоқ муддатли ҳамда тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга қатъий тайёрлигини намойиш этди. Энг муҳими, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Авваламбор, Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш ва кўмаклашишга келишилди. Инсон ҳуқуқларига оид, шу жумладан, хотин-қизларнинг тенглигини амалда таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан ҳамкорликда турли анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказилади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини такомиллаштириш, бу борада ўқув қўлланмалари, рисолалар ҳамда дастурлар билан кўмак беради. Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва уларга муқобил маърузалар тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича таклифлар ўртага ташланди. БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномаларини, жумладан, Ногиронлар тўғрисидаги конвенцияни, Қийноқларга қарши конвенциянинг факультатив протоколини ратификациялаш, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш режалаштирилган.

Хулоса ўрнида айтганда, ташриф натижасида Олий комиссар бошқармаси билан амалий ҳамда тенг ҳуқуқли мулоқот истиқболлари юзага чиқди. Айтиш жоизки, мазкур музокаралар натижалари, шубҳасиз, БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасида самарали -муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбири 

Қобил ХИДИРОВ суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn