Судьялар қасамёд қабул қилди
Версия для печати
  • 20 Май 2017

Судьялар қасамёд қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд судьялари ва ходимлари, Судьялар олий кенгаши аъзолари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши қарорига мувофиқ, биринчи маротаба лавозимга тайинланган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро ҳамда шаҳар судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Мамлакатимизда суд тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги Фармони мазкур вазифаларни изчиллик билан рўёбга чиқаришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Унга биноан,  номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг бу жараёндаги иштирокини кенгайтириш, малакали судьялар корпусини шакллантириш  учун масъул бўлган орган мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани мазкур йўналишда яна бир муҳим қадамдир.

Иштирокчилар томонидан ушбу органнинг вазифалари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Судьялик лавозимига малакали мутахассислар орасидан очиқ, шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш ҳамда аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш кабилар ана шулар жумласидандир. 

Судьялар олий кенгашига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди судьялари, Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судларининг раисларидан ташқари, барча судьяларни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда, лавозимга тайинлаш ва ундан озод этиш бўйича ваколатлар берилди.

Пленум мажлисида биринчи маротаба тайинланган фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича туманлараро ва шаҳар судлари судьялари қасамёд қабул қилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn