Халқ билан амалий мулоқотлар жойлардаги камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда
  • 16 Май 2017

Халқ билан амалий мулоқотлар жойлардаги камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда

Масъулият ва дахлдорлик. Ислоҳотларнинг бугунги босқичида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари раҳбарларининг кундалик виждон амрига айланиб бораётган мазкур тушунчалар парламент аъзолари, хусусан, Қонунчилик палатаси депутатларидан янада фаол бўлишни талаб этмоқда.

Бинобарин, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли дуч келаётган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилиш, ҳаётий масалалар ечимини таъминлаш устувор вазифалардан биридир. Ҳозирги вақтда депутатлар ва сенаторларнинг жойларда бўлиб, туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини ўрганиш, фуқаролар мурожаатларини таҳлил этиш, ижобий ҳал қилинишига кўмаклашиш парламент назоратининг таъсирчан механизмига айлангани ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.

Яқинда парламент аъзолари навбатдаги мулоқотлардан қайтиб келди. Ўрганишлар давомида ҳудудлардаги аҳоли, шу жумладан, ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари билан бевосита суҳбатлашдик. Хонадонларга ташриф буюриб, мавжуд шарт-шароитлар билан танишдик. 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаат этилган масалалар, асосан, уй-жой, коммунал, транспорт ҳамда йўл қурилиши, банк-кредит, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳит, таълим, тадбиркорлик, пенсия ҳамда нафақа таъминоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, маданият ҳамда спорт, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти ҳамда пластик карталар орқали тўловларни амалга ошириш соҳаларига тааллуқлидир.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида бўлганимизда, одамлар эртанги кунга катта ишонч билан қараётгани гувоҳига айландик. Халқ вакиллари саъй-ҳаракатлари натижасида қарийб 30 фоиз масала жойида ҳал этилишига эришилди. Жумладан, фуқароларнинг ногиронлик нафақасига чиқариш юзасидан қилган мурожаатлари тегишли тартибда ўрганилиб, ижобий ечим топилган бўлса, “Яккатут” МФЙда яшовчи 30 нафар фуқарога иссиқхона қурилиши учун банк кредити ажратиш масаласи ҳал қилинди. Туман даражасидаги масалалар ечими юзасидан эса тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тавсиялар берилди ҳамда уларнинг бажарилиши назоратга олинди.

Туманнинг иқтисодий ҳолати ҳақида гап кетганда, айтиш жоизки, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсган. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш миқдори ортган. Ушбу ютуқлар билан бирга, бу борада қатор камчиликлар борлиги аниқланди. Хусусан, белгиланган 38 та инвестиция лойиҳасининг 4 таси ижро этилмаган. Бу эса 183 та янги иш ўрни яратилмай қолганини англатади. 

Муаммо ҳамда камчиликлар шунчаки ўрганилмасдан, балки уларнинг келиб чиқиш сабаблари кенг таҳлилига ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Мисол учун, аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида ҳанузгача расмиятчилик ва кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги ҳисоботлар реал ҳаётга тўғри келмаётгани, ишсизликни бартараф қилиш бўйича қатъий чоралар кўрилмаётгани бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга тўсиқ бўлмоқда. Ёки бўлмаса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини самарали ташкил қилишда электр ҳамда газ таъминотидаги муаммолар салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини унга кенг жалб этиш юзасидан мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмагани натижасида оилавий тадбиркорлик субъектлари сони ҳануз камлигича қолаяпти.

Ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар ҳамда камчиликларни парламент назоратининг парламент сўрови, парламент эшитуви ва депутат сўрови каби шаклларидан фойдаланган ҳолда, бартараф қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Умуман, парламент аъзоларининг жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш юзасидан ташкил этилган фаолияти давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни тинглаб, муҳокама этиш, ҳудудларда тўпланиб қолган -муаммоларни ҳал қилиш борасидаги кўрсатмаси нақадар оқилона йўл ва самарадор эканлигини амалда тўла тасдиқлайди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар халқимиз -фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофаза этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn