Барқарорлик, тинчлик ва хавфсизлик — экспертлар нигоҳида
  • 13 Май 2017

Барқарорлик, тинчлик ва хавфсизлик — экспертлар нигоҳида

Бугунги глобаллашув жараёнлари халқаро муносабатлар тизимида дунё ҳамжамияти олдига глобал ва минтақавий хавфсизликка янги таҳдидларга қарши курашиш вазифасини қўймоқда. Бу таҳдидлар мамлакатлар тинчлиги ҳамда барқарор ривожланишига жиддий салбий таъсир кўрсатаяпти. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг пойтахтимизда бўлиб ўтган икки кунлик мажлисида қатнашган экспертларнинг фикрича, иштирокчи давлатлар илмий доиралари қарашлари, прогноз материалларини ҳисобга олган ҳолда, умумий замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш йўлларини топиш зарур.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг ўн иккинчи мажлиси якунланди. Унда ШҲТга аъзо давлатлар миллий илмий-тадқиқот марказлари делегациялари “ШҲТ оиласи” маконида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ҳамда инвестициявий ҳамкорлик соҳаларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди. Ташкилотни кенгайтиришнинг барча жиҳати батафсил таҳлил этилди.

Қатнашчилар ШҲТ доирасида ҳар бир йўналишда ҳамкорликни янада равнақ топтиришнинг муҳимлигини таъкидлаб, хавфсизлик ва иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларидаги долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Мажлиснинг иккинчи кунида экспертлар хавфсизликка таҳдидларга қарши курашишда ШҲТ ролини кучайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди. Айтиб ўтилганидек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти томонидан “уч ёвуз куч”га, яъни терроризм, экстремизм ва айирмачиликка, шунингдек, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдоси, трансмиллий уюшган жиноят ҳамда ахборот хавфсизлигига таҳдидларга қарши курашишда комплекс механизмлар ва келишувлар ҳаётга жорий қилинган бўлиб, улар минтақада хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бугун даврнинг ўзи янги таҳдидларга қарши курашишда илғор услуб ҳамда механизмларни ишлаб чиқиш, ташкилотга аъзо давлатларнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлигини кучайтириш заруратини кун тартибига қўяётир. Экспертлар минтақада экстремизм ва радикализмнинг ўсишига сабаб бўлаётган омиллар, уларга қарши курашиш чора-тадбирлари ҳамда бунда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг ролини таҳлил этишди.

Иштирокчилар ШҲТнинг кенгайиши истиқболларини атрофлича кўриб чиқишда ташкилотнинг самарали фаолиятини таъминлаш муаммоларига эътибор қаратдилар. Бу жараёнда “Шанхай оиласи”га янги аъзолар — минтақанинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан етакчи давлатлари Ҳиндистон ҳамда Покистон қўшилишининг натижаларини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ташкилотда, минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалаларини ҳал этишдаги ўрнини белгилаш, ШҲТ доирасида манфаатлар тўқнаш келадиган нуқталарни аниқлаш лозим.

Кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича шериклар билан ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлиги уқтирилди.

Форум иштирокчилари икки кун давомида қатор соҳаларда, жумладан, иқтисодий йўналишдаги масалаларни ҳам қамраб олишди. Экспертлар ШҲТ маконида иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларини, истиқболли лойиҳаларга инвестиция киритиш масалаларини, ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодий манфаатларини, Хитойнинг “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши”ни ташкил қилиш ташаббусига нисбатан нуқтаи назарини, бизнес тузилмалар ҳамкорлигининг истиқболларини кўриб чиқишди. ШҲТ доирасида транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қатнашчиларнинг алоҳида қизиқишига сабаб бўлди.

Мажлис иштирокчилари ШҲТ Форуми очиқ, профессионал ва манфаатли мулоқот учун интеллектуал майдонга айланганини эътироф этдилар. Мажлисда илгари сурилган таклифлар аъзо давлатлар ҳукумат органларига ҳамда ШҲТ Котибиятига тақдим қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро -тадқиқотлар институти директори Владимир Норов мажлис якунида Форум мажлиси муваффақиятли ўтиб, ушбу тадбир ташкилотни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшганини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, ШҲТ Форуми самарали тузилма эканлигини яна бир карра амалда намоён этди. У минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалаларини, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболларини очиқ ҳамда амалий руҳда муҳокама қилиш учун экспертлик минбари сифатида шаклланди. Делегациялар раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари натижасида тадқиқотлар марказлари ўртасида ҳамжиҳатликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш имкони пайдо бўлди.

ШҲТ Форуми мажлисининг иштирокчилари тинчликни сақлаш, ҳамкорликда ривожланиш, халқаро ҳамжамият билан мулоқот ҳамда алоқаларни кенгайтириш, минтақада ва умуман, дунёда хавфсизлик, барқарорлик ҳамда фаровонликни мустаҳкамлаш учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги хусусида якдил фикр билдирдилар. ШҲТ маконида тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик асосида ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, қабул қилинаётган қарорларни амалга ошириш самарадорлигини юксалтириш муҳимлиги қайд этилди.

ШҲТ Форуми мажлиси якунлари бўйича тегишли протокол имзоланди.

Делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ Форумига раислигини юқори баҳолади ва учрашувлар давомидаги меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Форум Регламентига мувофиқ, 2017/2018 йилларда Форумга раислик Қозоғистон Республикасининг ШҲТ Миллий тадқиқот маркази мақомига эга Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти жамғармаси ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институтига ўтиши, ШҲТ Форумининг навбатдаги мажлиси 2018 йил Қозоғистонда томонларнинг ўзаро келишувига биноан белгиланган санада ташкил этилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn