Ташаббуслар учун мулоқот майдони
  • 12 Май 2017

Ташаббуслар учун мулоқот майдони

Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг ўн иккинчи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда ШҲТга аъзо давлатлар — Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистоннинг миллий тадқиқот марказлари делегациялари, шунингдек, кузатувчи мақомига эга давлатлар — Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон ҳамда Беларуснинг етакчи экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.

Таъкидланганидек, бугун ШҲТ хавфсизлик, иқтисодиёт, маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаяпти. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустақиллик, ҳудудий яхлитлик ҳамда чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро англашув ва фикрларни инобатга олиш, ички ишларга аралашмаслик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ҳамда келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари асосида ривожланмоқда. Ташкилот ўз фаолиятида ШҲТнинг Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларида мустаҳ-камлаб қўйилган очиқлик ҳамда ҳеч қандай блокка қўшилмаслик принципларига қатъий амал қилади. Шу нуқтаи назардан, ШҲТга аъзо давлатларнинг барчаси қарорларни қабул қилиш, томонларнинг манфаатларини ҳисобга олишда консенсус, яъни умумий келишувга эришишга қатъий содиқлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ички бирдамлигини сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ташкилот доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда чуқур илмий тадқиқотлар катта ўрин тутади. ШҲТ иштирокчи мамлакатлар ва кузатувчи давлатларнинг илмий доиралар вакиллари, экспертларини ўн иккинчи маротаба давра суҳбати атрофида йиққан Форум, моҳиятига кўра, жамоатчилик маслаҳат-экспертлик мустақил механизмига айланди. Ушбу тузилма ташкилот фаолиятига кўмаклашиш ҳамда илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аъзо давлатлар илмий-тадқиқот ва сиёсий марказлари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, долзарб масалалар юзасидан олимлар ҳамда экспертлар ўртасида фикр алмашишни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган.

Форум мажлисида ШҲТ миллий тадқиқотлар марказлари вакилларидан иборат делегациялар қатнашмоқда. Ўзбекистон делегацияси мамлакатдаги йирик таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказларидан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассисларидан ташкил топган.

Форум XII мажлисининг биринчи кунида ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтказилган Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси якунлари муҳокама этилди.

Жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон пойтахтида ШҲТ Давлат раҳбарларининг бўлиб ўтадиган учрашуви ҳисобга олинган ҳолда, Шанхай ҳамкорлик ташкилотини янада ривожлантириш, хусусан, минтақада хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш, ўзаро манфаатли инвестиция ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳамда ШҲТни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов мажлисни очар экан, Форум ташкилотнинг янада ривожланишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганини қайд этди. Экспертлар томонидан билдирилаётган таклифлар ҳамда ғоялар ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий вазифаларни ҳал қилишда таҳлилий мадад бўлмоқда.

В. Норов 2016 йили бўлиб ўтган ШҲТнинг Тошкент саммити улкан халқаро аҳамият касб этганини таъкидлади. Ушбу саммит якунида қабул қилинган қарорлар ташкилот ривожланишининг истиқболларини белгилаб бериб, унинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш тизимидаги роли ҳамда аҳамиятини мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ниҳоятда катта бўлганини қайд этди. Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзолангани Тошкент саммитининг муҳим тарихий воқеаларидан бўлди. Бундан ташқари, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ҳамда Непал ҳисобига мулоқот бўйича шериклар рўйхати кенгайди. ШҲТ яна бир карра халқаро ҳамжамият учун очиқлигини намоён қилди.

Мажлис иштирокчилари эътироф этганидек, Ўзбекистоннинг 2015/2016 йилларда ташкилотга раислиги даврида ШҲТ фаолиятининг самарадорлиги ва унинг халқаро нуфузини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган йилги саммитда имзоланган ҳужжатлар ташкилотнинг устувор йўналишлардаги фаолиятини янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ҳамда тараққиётни таъминлашга доир амалий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Ўзбекистон ўз раислигининг биринчи кунлариданоқ ШҲТни ривожлантиришнинг аниқ устувор йўналишларини -белгилаб олди.

Иштирокчилар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларга қарши биргаликда курашишда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Муҳокамаларда томонлар ШҲТга аъзо давлатларнинг афғон муаммосини ҳал этишдаги асосий ёндашувларини белгилаб олишди. Бу ёндашув Афғонистондаги можарони фақатгина сиёсий йўл билан, ўзаро кураш олиб бораётган асосий томонлар ўртасида ўзаро келишувга эришиш орқали, музокаралар жараёнига афғонистонликларни жалб қилган ҳолда тинчликка эришишни кўзда тутади. Шу маънода, мавжуд стратегик имкониятлардан ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мустаҳкам пойдеворни шакллантириш йўлида фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Бу саъй-ҳаракатлар минтақада ва дунёда тараққиёт ҳамда фаровонликка хизмат қилади.

Хавфсизликка анъанавий ва ноанъанавий таҳдидларга қарши курашиш бўйича якдил фаолиятни йўлга қўйиш, терроризм, сепаратизм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, қолаверса, халқаро миқёсда ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, жамиятда, авваламбор, ёшлар ўртасида радикаллашувга қарши курашиш, диний -экстремизм, этник ҳамда ирқий камситиш профилактикаси бўйича чора-тадбирларни кучайтириш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.

Ташкилотнинг дастурий мақсад ва вазифаларига эришишда иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш алоҳида аҳамиятга эга. Савдо ва инвестиция соҳаларида, транспорт ҳамда коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликда минтақавий ва минтақалараро лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият ҳамда спортда ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш лозим. Жумладан, иштирокчилар Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан 2013 йилда илгари сурилган “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши”ни ташкил қилиш ташаббусини ижобий баҳолашди. Мазкур ташаббусни унга жалб этилган барча томоннинг умумий ва ўзаро манфаатлари асосида муваффақиятли амалга ошириш мумкинлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Форумда Ўзбекистон вакиллари 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тақдим қилди. Мамлакатимизнинг иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасидаги позицияси, шунингдек, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ҳаракатлар стратегияси жамоатчилик, эксперт-таҳлил доиралари, оддий одамлар фикр-мулоҳазалари асосида қабул қилингани таъкидланди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг асосий қоидаларига бағишланган тақ-димот ҳам ўтказилди.

Мажлис иштирокчилари тақдим этилган ахборотни ижобий баҳолади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”лиги тўғрисидаги қатъий позицияси белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг муҳим омили эканини таъкидлади.

Маърузачиларнинг чиқишлари бўйича мунозаралар “Шанхай руҳияти” — ўзаро ҳурмат ҳамда такомиллашувга интилиш ва кўп асрлик муносабатларни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятларни ҳисобга олиш асосида ўтди.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn