Зайд Раад ал-Ҳусайн: «Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқларининг барча жабҳасини қамраб олган»
  • 12 Май 2017

Зайд Раад ал-Ҳусайн: «Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқларининг барча жабҳасини қамраб олган»

11 май куни Халқаро пресс-клубда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Ўзбекистонга ташрифи якунлари, -мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида батафсил сўзлаб берди. Айни чоғда у БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси жами раҳбарларининг мамлакатимизга илк ташрифи бўлганини қайд этди ҳамда Ўзбекистон раҳбариятига самимий қабул, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани ва бу борада амалий чоралар кўрилаётгани учун миннатдорлик билдирди. У Шавкат Мирзиёев билан қарийб 90 дақиқалик мулоқотда жуда кўплаб масалаларда амалий келишувларга эришилганини айтиб ўтди.

Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан самарали учрашувлар ўтказилди.

Олий комиссар Ўзбекистонда қабул қилинаётган ҳар бир янги қонун ҳужжати инсон ҳуқуқларига тааллуқли халқаро стандартларга мувофиқлик жараёнидан ўтишини юқори баҳолади. У, шунингдек, сўнгги саккиз ой мобайнида давлатимиз раҳбари ташаббуси -билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар, Фармон ҳамда қарорлар қабул қилинганини эътироф этди.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқларининг барча жабҳасини қамраб олганига эътибор қаратди. У ҳамма йўналишга алоҳида тўхталиб, уларнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлашда ўрни катта эканлигини билдирди. “Ҳаракатлар стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор йўналишини амалга оширишда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси иштирок этиши, яъни халқаро стандартлар бўйича юридик кадрларни тайёрлаш учун ўқув машғулотларини ўтказишимиз, маслаҳат-кўмак кўрсатишимиз мумкин”, деди у.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини, жумладан, чегараларни белгилаш сингари нозик масалаларда амалий натижаларга эришилаётганини эътироф этди.

Матбуот анжуманида ташриф доирасида уюштирилган фуқаролик форумига ҳам эътибор қаратилди. Унинг қайд этишича, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга эришишда ҳукуматнинг фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда иш олиб бориши муҳим ўрин тутади. Бу, айниқса, жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконини беради.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Самарқандга амалга оширган ташрифи ҳақида ҳам тўхталди. Юксак мартабали меҳмон Самарқандга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонасида бўлди. Айни чоғда ҳудуддаги турли диний конфессиялар, бир қатор миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашди. У, умуман, мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ҳамда элатлар вакиллари тинч-тотув яшаётганини бағрикенглик намунаси сифатида эътироф этди. “Ташрифим самарали ва мазмунли кечди. Делегациямизга самимий илтифот кўрсатилди. Биз бундан жуда миннатдормиз. Самарқандга ташрифимиздан ҳайратдаман. Вақтимиз жуда тиғиз бўлгани учун кўп нарсани кўра олмадим. Ўйлашимча, мен Самарқанд тарихий меросини, музейларини кўришдек ҳуқуқимдан ўзим тўлиқ фойдалана олмадим. Албатта, юртингизга яна келаман. Кейинги гал расмий шахс сифатида эмас, балки сайёҳ сифатида мамлакатингиз тарихидан баҳра олишни истаган бўлар эдим”, дея сўзини якунлади Бирлашган Миллатлар Ташкилоти -Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn