Чуқур таҳлил, холис танқид ва амалий таклифлар
Версия для печати
  • 12 Май 2017

Чуқур таҳлил, холис танқид ва амалий таклифлар

Халқ депутатлари туман Кенгашлари сессиялари ана шундай руҳда бўлиб ўтди.

Тошкент вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг жойлардаги ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, хизмат кўрсатиш идораларининг ўз вазифаларини қай даражада бажа-раётганини ўрганиш манзили бу сафар Паркент тумани деб белгиланди. Депутатлар ҳамда сенаторлар ҳудуддаги аҳоли қатламлари, шу жумладан, ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар, ижтимоий соҳа ходимлари билан бевосита учрашувлар ташкил этишди. 906 хонадонда бўлиб, юзма-юз суҳбатлар ўтказдилар. Учрашув ва мулоқотларга 1882 фуқаро, 137 та тадбиркорлик субъекти қамраб олинди.

Аҳоли томонидан 15 та йўналишга оид 669 та масала ўртага ташланди. Уларнинг аксариятини уй-жой ажратиш, коммунал хизмат, аҳоли бандлиги, банк кредитлари, транспорт ва йўл қурилиши масалалари ташкил қилади.

Кўтарилган муаммолар юзасидан парламент аъзолари 224 та масалани жойида ҳал этдилар. Масалан, Бошқизилсой, Бўстон, Заркент, Қорақалпоқ, Намданак, Сўқоқ, Чангги, Ҳисорак қишлоқларида яшовчи 110 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 614,1 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилишида амалий кўмак берилди. Намданак қишлоғига тортилган тоза ичимлик суви тармоғи таъмирланди. Айни чоғда 55 нафар хотин-қиз ҳамда ёшлар ишга жойлаштирилди.

Халқ депутатлари Паркент тумани Кенгаши сессиясида асосий эътибор ушбу ижобий натижалар билан бирга, жойлардаги муаммолар, уларни келтириб чиқарган сабаблар ва ҳал қилиш чораларига қаратилди.

Аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимига эътирози кўплиги учрашувлар чоғида аён бўлди. Туман марказий шифохонаси қабул бўлими мослаштирилган бинода жойлашган. Энг ёмони, тоза ичимлик суви ҳамда иссиқ сув билан таъминланмаган. Бўлимда малакали шифокорлар, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари етишмайди. Шошилинч терапия ва хирургия, болалар реанимация бўлимлари бир жойда жойлашмагани аҳоли учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Болалар бўлимини зарур дори воситалари билан таъминлаш, бор-йўғи, 25 фоизни ташкил этади.

Тумандаги мавжуд 7 та тез тиббий ёрдам шохобчасининг иши талабга жавоб бермайди. Уларга ажратилган 13 та автомашинанинг деярли барчаси таъмирга муҳтож.

Тумандаги иккита умумтаълим мактаби бинолари таъмирталаб аҳволда, 6 таси компьютер техникаси билан таъминланмаган, 8 тасида спорт зали мавжуд эмас. Кадрлар етишмаслиги муаммоси ҳам бор. Боғча ёшидаги болаларнинг 24 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган, холос.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Айниқса, қабул қилинган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани, уларнинг ижроси устидан етарлича назорат йўлга қўйилмагани айтиб ўтилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, туман Кенгаши фаолиятида очиқликни таъминлаш ҳамда унинг фаолиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

* * *

Парламент аъзолари Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани аҳолиси билан мулоқотларда уларни қийнаб келаётган ижтимоий масалаларни ўз ўрнида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Ўрганишлар жараёнида 940 хонадондаги 4 мингдан ортиқ аҳоли билан бевосита мулоқотлар уюштирилди. Суҳбатлар чоғида фуқаролар томонидан 786 та таклиф ва муаммоли масала кўтарилди. Уларнинг 173 таси жойида ҳал этилди, 362 таси бўйича тегишли идораларга кўрсатмалар берилди, 18 таси эса республика даражасида ҳал этилиши лозимлиги сабабли тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Яйпан шаҳарчаси, Туркистон кўчасида истиқомат қилувчи Абдуқаҳҳор ота Сотимов қўшнилари қатори қишнинг аёзли кунларию ёзнинг саратонида тоза ичимлик суви тармоғи узоқда жойлашганлигидан қийналади. Ушбу масала ишчи гуруҳи ҳамда ваколатли идоралар томонидан назоратга олинди.

Халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгаши сессиясида мазкур ҳолатлар ва бошқа бир қатор ижтимоий масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, ишлаб чиқариш субъектлари, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган оилалар, иссиқхоналарни йўлга қўйган хонадонлар, уларга қўшимча қулайлик яратиш учун банк кредитлари ажратиш масалалари чуқур таҳлил этилди. Айни чоғда депутатлар таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктларида шароитни яхшилаш юзасидан таклифларини берди. Аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган бошқа камчиликлар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Сессияларда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn