Давлат органлари оммавий ахборот воситалари учун янада очиқ бўлади
  • 11 Май 2017

Давлат органлари оммавий ахборот воситалари учун янада очиқ бўлади

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари матбуот хизматлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Юртимиздаги ўттизга яқин вазирликлар ва идоралар ахборот хизматлари ходимлари қатнашган мазкур тадбирда асосий эътибор оммавий ахборот воситалари билан доимий мулоқотни ўрнатиш, журналистларни қизиқтираётган саволлар ҳамда мавзулар юзасидан батафсил жавоб олишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати раҳбари Асадбек Ходжаев давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига сафари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Қайд этилганидек, Президентимиз Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2017 йилнинг 11 — 13 май кунлари давлат ташрифи билан Хитойда бўлади, 14-15 май кунлари эса Пекин шаҳрида “Бир қутб, бир йўл” халқаро форумида иштирок этади.

ХХР Раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашувларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари, Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинади. Томонлар минтақавий ҳамда халқаро долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши, Ўзбекистон — Хитой ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши ҳам назарда тутилмоқда. Давлат ташрифи доирасида, дастлабки маълумот-ларга кўра, жами қиймати 20 миллиард АҚШ доллари атрофида бўлган юздан ортиқ ҳужжатлар имзоланиши кутилаяпти.

Умуман, 2016 йил якунлари бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритдилар.

Очиқ мулоқотда, шунингдек, республикамизда жамият ҳаётининг барча жабҳаси тубдан ислоҳ қилинаётгани ва бу борада тегишли ҳужжатлар амалиётга йўналтирилаётгани қайд этилди. Бунда жамоатчилик назорати муҳим ўрин тутиши, оммавий ахборот воситалари мазкур институт самарадорлигини оширишда кенг имкониятларга эга экани айтиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари томонидан оммавий ахборот воситаларининг жадал суръатда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жараёнидаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва келгусида бу йўналишдаги ишлар -давом эттирилиши таъкидланди.

Учрашувда давлат органлари матбуот хизматлари ҳамда журналистлар ҳамкорлиги борасидаги муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг ечимлари изланди.

Журналистлар давлат идораларидан зарур материал ва ахборотларни олишда қоғозбозлик ҳолатлари ҳали ҳам учраётганини, ахборот тақдим этиш ҳафталаб чўзилаётгани ҳамда маълумот олиш учун “расмий хат юбориш” сингари эскича ёндашувлар сақланиб қолинаётганига доир аниқ мисолларни келтирдилар.

Очиқ мулоқотда мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган мақола ҳамда материаллар ҳамон ўта расмий тилда берилаётгани, бундан ташқари, журналистларнинг ихтисослашмагани оқибатида турли соҳалардаги ислоҳотлар чуқур таҳлиллар асосида очиб берилмаётгани танқид қилинди.

Тадбирда ҳар икки ҳафтада мана шундай очиқ мулоқот ўтказиб туришга келишиб олинди. Шунингдек, расмий тадбирларни ёритишга ахборот агентликлари билан бир қаторда, бошқа давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳам кенг жалб этилиши билдирилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn