Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалий механизми
  • 11 Май 2017

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалий механизми

Иқтисодиётни барқарор юксалтириш, ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда. Айниқса, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ноёб тизими яратилгани ушбу фаолият билан кенг шуғулланишга зарур шарт-шароитларни яратаяпти. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда биргина кичик тадбиркорлик субъектлари сони 210 мингтадан ошгани бунинг амалий ифодасидир.

Албатта, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижалари эътиборга молик. Бироқ тобора ўзгараётган давр тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза этиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлиги ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари устуворлиги принципини таъминлашнинг амалий чораларини кўришни талаб қилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармони айнан шу мақсадда қабул қилингани билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш лозимки, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти 50 га яқин мамлакатларда мавжуд. Бундай институт хорижий мамлакатларда давлат ҳокимиятининг турли бўғинларида фаолият юритади ва турлича номланади. Масалан, у Буюк Британияда “адъюдикатор” деб номланиб, Қиролликнинг солиқ ва божхона хизмати таркибига кирса, Францияда “омбудсмен” номи остида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бўйсунади. Швецияда “Қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг қўлланилиши устидан назорат қилувчи омбудсмен” парламент томонидан 4 йилга сайланади. Грузияда эса “Бизнес-омбудсмен” мамлакат парламенти билан келишилган ҳолда, Бош вазир томонидан тайинланади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтининг айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилиши Вакилнинг ўз фаолиятини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг -мансабдор шахсларига тобе бўлмаган ҳолда амалга оширишини кафолатлайди.

Фармонда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хўжалик субъектлари ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза этиш соҳасида давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда қатнашиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда бошқалар Вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сифатида белгиланди.

Шу ўринда “Вакил ким?” деган саволга “Мамлакатда тадбиркорликнинг ривожланиши, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, ушбу ҳуқуқ ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилиши кафолатини таъминловчи мансабдор шахс”, дея таъриф берсак бўлади.

Вакил ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариши учун етарлича ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши лозим. Шу сабабли Фармонда Вакилнинг ҳуқуқлари санаб ўтилган. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига оид қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишини ўрганиш, тадбиркорлар фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлигини мониторинг қилиш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар киритиш, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш, давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар, шунингдек, бошқа ахборотни сўраш ҳамда олиш кабилар шулар жумласидандир.

Фармонда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланган. Демак, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини янада тўлақонли муҳофаза этиш кафолатини белгиловчи навбатдаги янги қонунни қабул қилиш назарда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжатда Вакил фаолиятининг кафолатлари, асосий принциплари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, Вакилнинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқаролик -жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини белгилаш режалаштирилган.

Чунончи, Вакилнинг тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи масалалар кўриб чиқилаётганда давлат органларининг мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилаётгани ишбилармонлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, Вакилнинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш учун коллегиал маслаҳат органини тузиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур комиссия Вакилга ўз вазифаларини бажаришда консультатив ёрдам кўрсатади. Унинг таркибига нафақат давлат органлари, балки тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини ҳам киритиш лозим бўлади.

Умуман олганда, Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг янги таъсирчан механизмларини жорий этиш ва мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn