Стратегик шериклик ривожидаги тарихий қадам
  • 10 Май 2017

Стратегик шериклик ривожидаги тарихий қадам

2017 йилнинг 11 — 13 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасида бўлади. Мамлакатимиз раҳбари “Бир қутб, бир йўл” халқаро форумида ҳам қатнашади.

Ташриф дастурида ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Хитойнинг бошқа расмийлари, етакчи банк ҳамда компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар режалаштирилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев қўшма бизнес-форумда нутқ сўзлайди. Музокаралар якунлари бўйича турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутадиган битимларнинг салмоқли пакети имзоланиши кутилмоқда.

Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистон раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига ташрифига қадар турли даражалардаги қатор учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Масалан, апрель ойининг сўнгги кунлари Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ушбу мамлакатда бўлиб, Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби, Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзяньчжу, Осиё инфратузилма сармоялари банки президенти Цзинь Лицюнь ҳамда бошқа расмийлар билан учрашувлар ўтказди. Энергетика, транспорт инфратузилмаси, қурилиш индустрияси, кимё ва фармацевтика саноати соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан илгари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегация аграр жабҳадаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиш учун ХХРда бўлди. 2017 йил 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг хитойлик ҳамкасби Ван И билан бўлиб ўтган учрашуви, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг Остонада бўлиб ўтган йиғилиши чоғида олдинда турган олий даражадаги ташрифнинг сиёсий жиҳатлари муҳокама этилди. Бир пайтнинг ўзида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, эркин иқтисодий зоналар ва технопарклар яратиш юзасидан ўзаро фикр алмашиш мақсадида Ўзбекистоннинг деярли барча вилояти ҳокимлари ҳамда масъул ходимлари Хитойга бордилар.

Шунингдек, жорий йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган икки томонлама бизнес-форум ва кооперация биржаси якунлари бўйича Хитойнинг “China National Cable Engineering”, “Power China”, “Sinosteel” сингари корпорациялари ўзбек шериклар билан ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдорлик билдирди. Бу воқеаларнинг барчаси атиги бир ой давомида рўй бергани Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганидан далолатдир.

Шуни таъкидлаш керакки, икки томонлама муносабатларнинг асосий тамойиллари 2012 йилдаги Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2013 йилдаги Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация ҳамда 2016 йили имзоланган, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш мақсадини белгилаган Қўшма баёнотда ўз ифодасини топган. Умуман олганда, ўтган йиллар мобайнида давлатларимиз ўртасида ҳамкорликнинг турли қирраларини ўз ичига олган 231 ҳужжат имзоланди.

Ташқи дунё билан муносабатларда мамлакатларимизни бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган низо ва қарама-қаршиликларни тинч, сиёсий йўллар билан ҳал қилиш тамойилларига содиқлик бирлаштириб туради. Умумбашарий тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш ва қўллаб-қувватлаш, халқаро терроризм, экстремизм хавф-хатарларига қарши туриш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш сингари глобал аҳамиятга молик энг муҳим масалалар юзасидан Тошкент ҳамда Пекин бир хил нуқтаи назарга эгадир. Икки мамлакат ташқи сиёсий маҳкамалари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг мунтазам равишда ўтказилиши жаҳон ва минтақа аҳамиятига молик муаммолар юзасидан “соатларни тўғрилаб олиш” учун қулай имконият яратмоқда. Шу кунга қадар ана шундай маслаҳатлашувларнинг 15 раунди бўлиб ўтди.

Сиёсий мулоқотнинг юқори даражаси савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун барқарор пойдевор яратди. Ўзбекистоннинг тез ўсиб бораётган иқтисодиёти, унинг жуғрофий жиҳатдан минтақада қулай жойлашгани, замонавий транспорт коммуникациялари, сармояларни жалб этиш бўйича мустаҳкам стратегияси Хитой ишбилармон доираларида ўзаро ҳамкорликка бўлган қизиқишни кучайтирмоқда. Натижалар эса аён: ўтган йиллар мобайнида ХХР мамлакатимизнинг энг муҳим иқтисодий ҳамкорлари, йирик сармоядорлари ҳамда тизимли ўзгаришлар ва иқтисодиётни модернизациялаш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган дастурларнинг манфаатдор иштирокчиларидан бирига айланди.

2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Хитой бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, аграр жабҳа маҳсулотларига талаб катта. Уларнинг экспорти ҳажмлари барқарор равишда ўсиб бормоқда. Мамлакатимиз ҳудудида Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ҳамда корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Шубҳа йўқки, эришилган кўрсаткичлар мавжуд салоҳиятга мувофиқ эмас, икки мамлакат иқтисодиёти эса рақобат қилмайди, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Ва бу савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш заруратини тақозо этади. Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро қўмитаси фаолияти айнан шу вазифаларга қаратилган. Унинг навбатдаги йиғилишини жорий йил май ойининг охирида Тошкентда ўтказиш режалаштирилаяпти. Мазкур икки томонлама механизмнинг кичик қўмиталари энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳалари ҳамда бошқа йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқаётир.

Ҳар икки мамлакат индустриал-инновация ҳамкорлигини ривожлантиришдан манфаатдорлигини намоён қилмоқда. Нохом ашё ва юқори технология соҳаларида ҳамкорлик дастури имзоланган ҳамда бу ҳужжат ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаяпти. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 7,8 миллиард АҚШ доллари киритдилар. Мамлакатимизда қатор қўшма сармоявий, жумладан, стратегик аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилди. Марказий Осиё — Хитой газ қувури тўртта тармоғининг барчаси Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтган, ХХР Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) мамлакатимизда истиқболли углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол қатнашмоқда. Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилаётир. -Хитой бизнес субъектлари Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ҳамда Қўнғирот сода заводи қурилишида иштирок этди.

“Huawei” номи билан дунёга машҳур корпорация Ўзбекистонга нисбатан катта қизиқиш билдираяпти. Ушбу корпорация қисқа муддатда Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича жуда кўп лойиҳаларни амалга оширгани мазкур фикрни яққол тасдиқлайди. Хитойлик сармоядорлар мамлакатимизда мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва харидоргир бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жалб қилинган.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. Хитойдан Европа давлатларига маҳсулот ташиш мамлакатимиз ҳудуди орқали, жумладан, “Навоий” аэропорти базасидаги халқаро интермодал логистика маркази имкониятларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилаётир. Ўтган йили қуриб битказилган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда “Қамчиқ” туннели Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлигидаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади. Бу йилига 10 миллион тоннадан ортиқ юкни манзилга етказишда ҳам вақтни, ҳам маблағни бир неча баробар тежашни, ўта муҳим халқаро транспорт йўлаги сифатида Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини тубдан оширишни таъминлайди.

Мамлакатимиз Хитойнинг “Бир қутб, бир йўл” концепциясини амалга ошириш, Буюк Ипак йўлининг иқтисодий бўғинини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Мазкур лойиҳанинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши савдо ривожини, ХХР ва мазкур йўналиш бўйлаб бошқа давлатларга Ўзбекистоннинг юқори қўшимча қийматли маҳсулотларини етказиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистон, шунингдек, жамғармаси 100 миллиард АҚШ долларини ташкил этган Осиё инфра-тузилма сармоялари банки ҳамда капитали 40 миллиард АҚШ доллари атрофида бўлган Буюк Ипак йўли фонди ресурсларини жалб қилиш устида ҳам фаол ишламоқда.

Томонлар икки халқ ўртасида дўстлик кўприклари мустаҳкамланишига тўғридан-тўғри хизмат қиладиган маданий-гуманитар ришталарни ҳар тарафлама тараққий топтиришга ҳам муҳим аҳамият қаратадилар. Ўзбек халқининг шонли тарихи ва ноёб -маданиятига чуқур ҳурмат белгиси сифатида Хитойда буюк шоир Алишер Навоий ҳамда миниатюрачи рассом Камолиддин Беҳзод ҳайкаллари ўрнатилган. ХХРнинг турли шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари ва машҳур рассомларимизнинг кўргазмалари мунтазам ўтказиб турилади. Ўз навбатида, Тошкент ҳамда Самарқандда Хитой маданияти кунлари ўтади. Айнан ушбу шаҳарларда халқимизни Чин мамлакати тарихи ва маданияти билан таништириш асосий вазифаси ҳисобланган Конфуций институтлари фаолият кўрсатмоқда. 2015 йили Тошкентда Хитой киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди. 2016 йили эса Пекин, Шанхай ҳамда Сиан аҳолиси ўзбек киносининг асл намуналаридан баҳраманд бўлди.

Мамлакатимиз тарихи ва тараққиётини яқиндан ўрганиш мақсадида 2013 йилда Хитойда Ўзбекистонни тадқиқ этиш ҳамда таълим соҳаси алмашинуви маркази ташкил этилди, унда мутахассислар республикамизда амалга оширилаётган замонавий жараённи кузатиб келмоқдалар. ХХРдаги қатор олий таълим масканларида ўзбек тили бўлимлари очилган. Бу ерда ўқувчилар Навоий ғазалларини, Бобур рубоийларини, Абдулла Қодирий романларини ва Зулфия шеърларини соф ўзбек тилида ўқишга мушарраф бўлмоқдалар. Ўз навбатида, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Самарқанд давлат университети Марказий Осиёнинг хитой тили мутахассислари тайёрлайдиган йирик олий ўқув юртлари ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Хитой кўп томонлама ҳамкорлиги йўлида яратилган самарали механизмлар ҳозирги пайтга келиб икки томонга ҳам муҳим ҳамда фойдали натижалар бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг Пекинга бўлажак давлат ташрифи, ҳеч шубҳасиз, ўзаро муносабатларда тарихий аҳамият касб этади. Унинг доирасида режалаштирилган учрашувлар ва музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳар тарафлама таҳлил қилинади, янги -имконият ҳамда истиқболлар очилаётгани назарда тутилган ҳолда, бирламчи йўналишлар аниқлаб олинади.

«Жаҳон» АА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn