ШҲТга аъзо давлатларнинг туризмни ривожлантириш борасида мақсадлари муштарак
  • 07 Май 2017

ШҲТга аъзо давлатларнинг туризмни ривожлантириш борасида мақсадлари муштарак

Жорий йилнинг 11-12 май кунлари пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг XII йиғилиши бўлиб ўтади. Форум ШҲТ фаолиятига кўмаклашиш ва уни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган кўп томонлама жамоатчилик маслаҳатлашув-эксперт мустақил механизми ҳисобланади.

Форумнинг навбатдаги йиғилиши кун тартибида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш ҳамда барқарорлик ва хавфсизликка бўлган хавф ҳамда таҳдидларга қарши биргаликда курашиш соҳасидаги ўзаро алоқаларни такомиллаштириш, шунингдек, ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм, илмий-техникавий соҳаларда шериклик ва бошқа масалалар бўйича муҳокамалар олиб борилиши кўзда тутилган.

Маълумки, ШҲТга аъзо давлатларнинг аксарияти азалдан Буюк Ипак йўли орқали бир-бири билан яқин савдо-иқтисодий ҳамда маданий муносабатларни йўлга қўйган. ШҲТ мамлакатларининг ҳар бири бой тарихи, маданий мероси билан ажралиб туради. Бу эса туризмни янада ривожлантириш учун энг муҳим омиллардан бири саналади. Хусусан, Ташкилотга аъзо давлатлар аҳолиси деярли 1,6 миллиард кишини ташкил қилади, қолаверса, яқин келажакда Ҳиндистон ва Покистон ушбу нуфузли тузилма аъзоси бўлиши ҳисобига мазкур кўрсаткич қарийб 3,2 миллиард кишига етади. Табиийки, бу ушбу ташкилот -доирасидаги туризм бозори кўламининг нақадар улканлигини кўрсатади.

Форумнинг навбатдаги йиғилиши арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ходими Суҳроб Юсупов билан ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни тараққий топтириш истиқболлари, мамлакатимизда мазкур тармоқ равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.

— Бой тарихий ҳамда маданий меросга эга бўлган ШҲТга аъзо давлатлар, жумладан, -Ўзбекистон туризмни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. Сизнингча, ушбу -имкониятдан қай даражада фойдаланилмоқда?

— Юртимиз дунё туризм йўналишларидан бирига айланганини бугун ҳаммамиз яхши биламиз. Мамлакатимиз жуда кўплаб маданий, тарихий мероси, табиий шарт-шароити билан ҳам сайёҳлар эътиборини жалб этиб келади. Мисол учун, 7300 дан ортиқ маданий-тарихий ёдгорликлар, 11 миллий табиат қўриқхонаси, 106 та музей, 52 та театр, 187 та маданият ва -истироҳат боғини ана шулар сирасига киритиш мумкин.

Шунга қарамай, туризм инфратузилмаси, туристик хизматлар кўрсатишнинг сифати ҳамда даражаси, туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси глобаллашув даврининг туризм бозоридаги жиддий рақобат шароитида замонавий талабларга жавоб беради, деб бўлмайди. Туризм ва сайёҳ-

лик бутунжаҳон кенгаши маълумотларига кўра, 2015 йилда соҳанинг иқтисодий самараси, агар тўғридан-тўғри таъсирини инобатга олсак, дунё миқёсида бир триллион 810 миллиард АҚШ долларидан зиёдроқни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 1,1 фоизини ташкил қилган.

Кўриниб турибдики, бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар сақланиб қолмоқда. Шу ўринда қайд этиш керакки, ШҲТга аъзо давлатлардан бири — Хитой бугунги кунда хорижий мамлакатларга сайёҳларни чиқариш бўйича етакчи давлатлардан саналади. Жумладан, 2016 йилда ушбу мамлакатдан хорижга 135 миллион нафар сайёҳ сафар қилган. Улар жами 261 миллиард АҚШ долларилик сарф-харажатни амалга оширган. Агар ушбу айланма маблағларнинг атиги 1 фоизини Ўзбекистон туризм бозорига жалб этишга эришилса, иқтисодиётимизда туризмнинг улушини бир неча карра ошириш имконияти -яратилади.

— Мамлакатимизда мазкур соҳани иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида жадал ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.

— 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида туризм соҳасини тараққий топтириш иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Мазкур соҳани иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида жадал ривожлантириш борасида давлат даражасида олиб борилаётган чора-тадбирлар бугун халқаро экспертлар эътирофига сазовор бўлмоқда.

Хусусан, туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини шакллантириш ҳамда изчил амалга ошириш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, соҳани барча ҳудудни ҳамда ўзаро боғлиқ тармоқларни комплекс равишда жадал равнақ топтиришнинг етакчи кучига айлантириш, яратиладиган ялпи ички маҳсулотда, маҳаллий бюджет даромадларида туризмнинг улушини кўпайтириш, иш билан бандликни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни бажариш кўзда тутилмоқда.

Туризм фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни, биринчи навбатда, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО), хорижий мамлакатларнинг туризм бўйича нуфузли халқаро ҳамда миллий ташкилотлари — туризм хизматлари минтақавий ва жаҳон бозорларининг фаол иштирокчилари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг соҳани тартибга солувчи универсал халқаро конвенциялар ва битимлардаги иштироки, туризм фаолияти амалиётига халқаро ҳамда давлатлараро стандартлар ва нормаларни жорий қилиш каби вазифаларнинг белгилангани мамлакатимизнинг халқаро туризм бозорига жадал кириб боришини таъминлайди.

— Бу борада бошланган амалий ишларнинг аҳамияти нималарда кўринади?

— Туризм соҳасини ривожлантириш йўналишидаги амалий ишлар ҳақида сўз юритганда, авваламбор, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти ташкил этилганлигини энг муҳим қарор сифатида эътироф этиш лозим. Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси ҳамда 2017 — 2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди ва кенг муҳокамага қўйилди. Эътиборга сазовор томони, унда ҳар йили гастрономик фестиваль, миллий спорт ўйинлари фестивалини ташкил қилиш, Устюртда экстремал маршрут бўйича авторалли ўтказиш, Бухоро вилоятида анъанавий, яъни халқ -табобати комплексини, Фарғона вилоятининг Риштон туманида Сопол марказини, Марғилон шаҳрида хонатлас марказини, Наманган вилоятининг Чуст туманида темирчилик устахонаси музейини ташкил этиш каби қатор янги ташаббуслар илгари сурилган.

Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўла ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ҳамда уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, соҳада Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга хизмат қилади.

— ШҲТ доирасида туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари қандай?

— 2016 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо Давлатлар раҳбарлари саммити доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури имзоланган эди. Ушбу ҳужжатда ШҲТга аъзо давлатлар мавжуд маданий, тарихий ва иқтисодий алоқалар негизида туристлар алмашинувини жадаллаштириш, соҳадан олинадиган даромадларни ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда мамлакатлар фаровонлигини юксалтириш учун умумий сайёҳлик маконини шакллантириш мақсадида туризм соҳасида икки ва кўп томонлама тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни -кенгайтириш ва ривожлантиришга келишиб олишган.

Шунингдек, туризм соҳасида шерикликни мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари қаторида тақдим қилинаётган туристик хизматлар сифатини ошириш, сайёҳларнинг қонуний манфаатлари ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари белгилаб олинган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ШҲТ доирасида соҳада ҳамкорликни кенгайтириш борасида эришилган келишувларга ҳамоҳангдир. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз туризм бозорининг ШҲТга аъзо давлатлар учун жозибадорлигини оширади. Қолаверса, пойтахтимизда бўлиб ўтиши кутилаётган ШҲТ Форумининг навбатдаги йиғилишида ҳам Ташкилот доирасида иқтисодиётнинг турли тармоқлари қаторида туризм соҳасида ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этилади. Ушбу муҳокамалар жараёнида соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича янги таклифлар билдирилиши кутилмоқда. Бу келгусида ШҲТ маконида туризм бўйича ҳамкорликнинг янги имкониятларини ишга солишга туртки беришига ишонамиз.

«Халқ сўзи» мухбири

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn