Ўрганиш якунлари таҳлил этилди
  • 07 Май 2017

Ўрганиш якунлари таҳлил этилди

Халқ депутатлари Шўрчи тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Йиғилишда ўрганиш даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзоларининг 661 хонадонга ташриф буюриб, аҳоли турмуш тарзи ва яшаш шароити билан яқиндан танишгани, бевосита мулоқотлар чоғида аниқланган 114 та масаланинг 44 таси жойида ҳал қилингани эътироф этилди.

Туманда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, умуман, аҳоли фаровонлигини -таъминлаш мақсадида муайян ишлар бажарилгани айтиб ўтилди. Чунончи, ишбилармонларга кредит маблағлари ажратилишига эътибор кучайтирилган. Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган, ишбилармонларга давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган айбдор шахсларга нисбатан интизомий ва маъмурий чоралар қўлланилган. Натижада ўтган йилдагига нисбатан тадбиркорлик субъектлари сони 104,2 фоиз ўсган.

Ўрганиш натижалари туманда ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар борлигини кўрсатди. Хусусан, аҳолини оилавий тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётир. Шунингдек, тиббиёт масканлари, қишлоқ врачлик пунктлари дори воситалари, тиббиёт асбоб-ускуналари билан етарлича таъминланмаган, тез ёрдам автомашиналарига рация алоқаси ўрнатилмаган.Ушбу хизмат сифатини яхшилаш, чақириқларга ўз вақтида етиб бориш самарадорлигини ошириш -мақсадида қўшимча 12 та тез тиббий ёрдам автомашинасига эҳтиёж мавжудлиги юзасидан таклифлар билдирилди.

Сессияда ўтган йили туманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 68 та лойиҳа амалга оширилгани қайд этилди. Аммо ўрганишлардан маълум бўлдики, тармоқнинг лизинг корхонаси, меҳмонхона, маиший техникаларга хизмат кўрсатувчи устахона, кимёвий -тозалаш шохобчалари сингари зарур турлари йўлга қўйилмаган. Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш, уларнинг банк хизматларидан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳам зарур чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Аҳоли ва юридик шахсларнинг кўпроқ эътирозига сабаб бўлаётган ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминотидаги узилишлар ҳамда ободонлаштириш, санитария-гигиена, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш лозимлигига ҳам урғу берилди.

Сўзга чиққанлар халқ билан мулоқот асосида жойлардаги мавжуд муаммоларни атрофлича таҳлил этиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф қилиш йўллари ҳақида фикр билдирдилар. 

Йиғилишда тегишли идоралар ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn