Одамларга ваъдалар эмас, амалий натижалар керак
  • 07 Май 2017

Одамларга ваъдалар эмас, амалий натижалар керак

Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда ана шу ҳаётий ҳақиқат намоён бўлмоқда.

— Чорвачилик билан шуғулланиб, рўзғорнинг кам-кўстини бутламоқчи, оиламиз -даромадини оширмоқчи эдим, — дейди Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Обод маҳалласида яшовчи Шоҳруҳ Шавкатов. — Халқ банкига кредит беришларини сўраб мурожаат қилдим. Лекин ҳали у, ҳали буни рўкач қилиб, мурожаатим бўйича бирон амалий чора кўрилмади. Сарсонгарчилигу оворагарчиликлардан умидсизликка тушиб қолгандим. Шундай бир вазиятда Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўлладим. Бугун ўтган сайёр қабулда кўпчилик қатори менинг мурожаатим ҳам ўрганилди. Банк кредит берадиган бўлди. Очиғи, бу менда ўзимга нисбатан ишончни қайта уйғотди. Давлат оддий одамларнинг дарди, ташвиши билан қизиқаётгани юртимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканини исботлаб турибди.

Айни чоғда республикамизнинг барча ҳудудида узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган катта-кичик муаммолари Виртуал қабулхона ҳамда Халқ қабулхоналари кўмагида ўз ечимини топган, қалби миннатдорлик ва мамнуниятга тўла, бошқача айтганда, турмушидан рози бундай ҳамюртларимиз кўплаб топилади. Бугун одамларга қуруқ ваъдалар эмас, амалий иш ҳамда натижалар кераклигини, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари -халқимизга хизмат қилиши лозимлигини англаб етган раҳбар ва мансабдор шахслар мурожаатлар билан ишлаш борасида масъулият ҳамда жавобгарликни чуқур ҳис этмоқда. Халқ билан очиқ мулоқот қилинаяпти, сайёр қабуллар ўтказилаётир. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими мана шундай жадал суръатда такомиллашаётгани, табиийки, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қонун талабларининг жойлардаги ижросида кузатилаётган камчиликларни бартараф этишга, кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга замин яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан қатор вазирлик, суд-ҳуқуқ органлари, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари иштирокида Қашқадарё вилояти шаҳар ҳамда туманларида ўтган сайёр қабуллар буни яна бир карра тасдиқлади.

Мазкур тадбирларда кўп вақтдан буён ваколатли органларнинг эътиборидан четда қолиб келган муаммолари ижобий ҳал этилганидан мамнун фуқаролардан бири Муборак туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи Гузаля Раҳматулинадир.

— Салкам уч йилдан бери туман газ идорасига қатнайвериб, силлам қуриди, — дейди Гузаля. — Гап шундаки, ушбу идора хонадонимизда фойдаланилмаган газ учун уч миллион сўмни қарз сифатида елкамизга “илиб” қўйган. Бу нотўғри ҳисобланганини, давлатдан қарзим йўқлигини айтавериб, чарчадим. “Сизнинг ишингиз судда ҳал бўлади”, дейишди. Аммо ҳанузгача суд ҳам бўлгани йўқ, мен ҳам “қарзим”дан қутулганим йўқ. Виртуал қабулхонага қилган мурожаатимдан кейин бу адолатли текширилиб, қонун доирасида кўриладиган бўлди.

Деҳқонобод туманидаги Отқамар қишлоғидан Абдужаббор Абдимуродовнинг мурожаати эса кўпчиликни кўп йиллардан бери ўйлантириб келаётган иқтисодий масала билан боғлиқ.

— Чорвачилик ширкат хўжалиги тугатилганидан кейин қишлоғимизда 500 дан ошиқ киши ишсиз, даромадсиз қолди, — дейди А. Абдимуродов. — Уларнинг ҳар бири ўзининг шахсий чорва хўжалигини йўлга қўйиши учун ер майдони керак. Менинг ўзимда ҳам 460 та майда туёқ бор. Қисқаси, яйловдан ер ажратишларини сўраб туман ҳокимлигига қилган мурожаатларимиз уч йилдан буён ортга сурилиб келаётганди. Бугун сайёр қабулда Президентимиз вакиллари дардимизни тинглашди, тегишли раҳбарларга кечиктирмай чора кўриш бўйича топшириқлар берилди. Эрта-индин чорвачиликни ривожлантиришимиз учун шароит яратилишини, демак, рўзғоримизга яна қут-барака киришини ўйлаб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Қарши шаҳридаги Худойзот маҳалласида яшовчи Комилжон Ҳусановнинг мурожаати асосида маҳалладаги яроқсиз ҳолга келиб қолган йўл таъмирланадиган, ҳудуддаги гавжум чорраҳага светофор ўрнатиладиган бўлди.

— Илгари бундай масалалар учун одамлар тегишли идоралар эшиги олдида кунлаб, керак бўлса, ойлаб навбат кутганини яхши биламиз, — дейди К. Ҳусанов. — Энди эса халқнинг ичига кириб бориб, ҳар бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмасликка, одамларни рози қилишга интилиш пайдо бўлгани бизни қувонтирмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, жорий йилнинг 2 май кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан 73 минг 809 та мурожаат келиб тушган. Улар таҳлил этилганида, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти, меҳнат ва бандликка доир масалалар, банк хизматидан фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, уй-жой, коммунал соҳа, суд қарорлари ижроси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хатти-ҳаракатларидан, таълим, соғлиқни сақлаш -тизимидаги камчиликлардан норозилик мазмунидаги шикоятлар салмоқли қисмни ташкил этиши аниқланди. Аҳамиятлиси, бу мурожаатларнинг 33,7 фоизи вилоят ҳокимлиги ваколати доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалардир.

Ҳозирги пайтда мазкур масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, амалий ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Адолат — қонун устуворлигида. У жамиятнинг равнақини белгилаб беради, халқнинг давлатга ишончини мустаҳкамлайди. Президентимиз ташаббуси билан яратилган халқ билан мулоқот қилиш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимнинг замирида ҳам ҳаётимизнинг барча жабҳасида адолат ва инсон манфаатларини таъминлашдек улуғвор мақсад турибди. Шубҳасизки, жойларда ўтказилаётган аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, сайёр қабуллар ана шу мақсад рўёбига хизмат қилмоқда.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn