Муаммолар ечими бу шунчаки ҳисобот учун эмас...
  • 05 Май 2017

Муаммолар ечими бу шунчаки ҳисобот учун эмас...

Бугун иш кабинетида ўтириб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида, жойида ҳал қилишга, одамлар фикрларини эшитмай туриб, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга эришиб бўлмайди. 

Изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида камчиликларни нафақат аниқлаш, айни пайтда уларнинг сабабларини таҳлил этиш ҳамда ечимини топишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг жойларда аҳоли билан очиқ мулоқот олиб бораётгани, ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари, соғлиқни сақлаш тизими, шунингдек, хизмат кўрсатиш идораларининг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни қай даражада -бажараётгани чуқур ўрганилаётгани ана шу ҳаётий ҳақиқатнинг самарали рўёбга чиқарилаётганидан далолат беради.

Хусусан, парламент аъзоларининг маҳаллий давлат идоралари билан биргаликда Хоразм вилоятининг Хива тумани аҳолиси билан ўтказаётган учрашувларида одамларнинг талаб ҳамда эҳтиёжлари ўрганилмоқда. 355 дан ортиқ хонадонда кечган суҳбатлар чоғида 153 та масала муҳокама қилинди. Уларнинг асосий қисмини уй-жой, коммунал тўловларга оид мурожаатлар ташкил этгани бу борада зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозимлигини кўрсатади.

Депутат Анварбек Матякубовнинг маълум қилишича, ўрганишлар давомида 30 та масала жойида ҳал этилишига эришилган. Масалан, Чинабад қишлоғи, Пишканак маҳалласида яшовчи фуқаро Муяссар Худайберганованинг биринчи гуруҳ ногирони бўлган ўғли Дониёр Болтаевга аравача берилишида ёрдам сўраб қилган мурожаати -қаноатлантирилди.

Қолаверса, Саёт маҳалласида фуқаро Қадамбой Аматовнинг биринчи гуруҳ ногирони экани, тиббий ёрдам олиш учун моддий томондан қийналаётгани ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилиб, жойида ҳал этилди. У рецепт асосида имтиёзли дори-дармонлар билан таъминланди ва вилоят шифохонасида бепул даволаниши учун йўлланма берилди. Туман аҳолиси томонидан кўтарилган бошқа масалалар эса белгиланган муддатларида ҳал қилиниши шарти билан тегишли давлат органларига топширилди.

Самимий, очиқ-ошкора руҳда ўтган суҳбатлар давомида аҳоли, айниқса, тадбиркорлар ҳамда фермерлар ўзларини қизиқтирган барча масала юзасидан атрофлича маълумот олмоқдалар.

Парламент аъзоларининг Жиззах вилояти, Пахтакор тумани аҳолиси билан мулоқоти ҳам қизғин давом этаяпти. Энг муҳими, одамларда дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга ишонч, ўз ҳақ-ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилиш туйғуси кучаймоқда. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойил асосида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ифодасидир.

Ўрганишлар чоғида аён бўлмоқдаки, мурожаатларнинг аксарияти кредит олиш, уй-жой, коммунал соҳа, аҳоли бандлиги, пенсия ва нафақа таъминоти, экологияга оид масалаларга тааллуқлидир. Мисол учун, “Олмазор” ҚФЙ ҳудудидаги ёш оилаларга мўлжалланган уй атрофида болалар майдончаси ташкил этиш, шу уйдан чиқадиган чиқинди сувларнинг тўпланиб қолмаслигини назорат қилиш, туман марказидаги “Пахтакор буюм бозори” ҳамда “Пахтакор деҳқон бозори”да тадбиркорлар учун белгиланган тартибда шарт-шароитлар яратиб бериш, бозорлар атрофида ободонлаштириш ишларини олиб боришга оид мурожаатлар парламент вакилларини бефарқ қолдирмади. Айни пайтда таълим ва тиббиёт муассасалари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотлари фаолияти ҳам диққат-эътиборда турибди.

Депутат ҳамда сенаторлар Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани аҳолиси билан суҳбатлари чоғида одамларни ўйлантираётган масалаларни жойида ҳал этишга алоҳида аҳамият қаратаяпти.

Ўрганишларнинг дастлабки кунларида парламент аъзолари тумандаги 940 та хонадондаги 4 мингдан ортиқ аҳоли билан бевосита мулоқот олиб борди. Фуқаролар томонидан 786 та таклиф ҳамда муаммо кўтарилди. Ана шу масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг 173 таси жойида ҳал этилиши таъминланди, 362 таси бўйича тегишли масъул идораларга кўрсатмалар берилди, 18 та масала эса республика даражасида ҳал қилиниши лозимлиги сабабли тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Яйпан шаҳарчаси, Туркистон кўчасида яшовчи Абдуқаҳҳор ота Сотимов қўшнилари қатори тоза ичимлик суви таъминотидан қийналади. У маҳаллага сув тармоғини тортишда амалий кўмак сўраб мурожаат этганди. Бу масала ишчи гуруҳи ва ваколатли идоралар томонидан назоратга олинди. Қолаверса, “Қирқкетмон” МФЙда истиқомат қилувчи Миржалол Усмоновнинг истеъмол кредити олиш бўйича мурожаати ўрганилиб, бу масала Халқ банки томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Туман марказидаги Орзу кўчасида яшовчи Маъсумахон Асқарованинг фарзанди Муҳиддин Зокиров 17 ёшда, 1-гуруҳ ногирони. Қандсиз диабет касаллиги билан “D” назоратида туради. Она ёрдам тариқасида ўғлига дори-дармонларнинг бепул берилишини сўраган. Масала ижобий ҳал қилинди.

Мулоқотлар давомида таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктларида зарур шарт-шароитларни яратиш, аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ҳамда нуқсонларни бартараф этишга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда.

— Маҳаллий Кенгашлар фаолияти ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинаётгани улар ишини самарали ташкил этишнинг муҳим омили ҳисобланади, — дейди депутат Садиржон Джакбаров. — Зеро, истиқболда қабул қилинадиган қонунлар таъсирчанлиги, самарадорлиги, ўз навбатида, жойларда уларнинг ижроси устидан назоратни кучайтириш ҳар бир депутатнинг фаоллиги ва ўз бурчини виждонан бажаришига бевосита боғлиқдир. Шу боис аҳоли билан суҳбатларда маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, депутатлар гуруҳларининг қонун устуворлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш каби муҳим соҳалардаги ўрни ва вазифалари аниқ белгилаб олинмоқда.

Парламент аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари давом этаётир.

Ойбек РАҲИМОВ,

Толибжон ЭРГАШЕВ,

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn