Олий суд Пленуми мажлиси
  • 29 Апрель 2017

Олий суд Пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Унда парламент, Судьялар олий кенгаши аъзолари, Олий суд судьялари, жиноят ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, ҳуқуқшунослар ҳамда журналистлар қатнашди.

Сўзга чиққанлар Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларида янги босқични бошлаб берганини айтиб ўтдилар.

Бинобарин, ушбу ҳужжатларда суд ҳокимияти ва судьяларнинг амалда чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган бўлиб, уларнинг ижроси тизимда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва суд ходимидан катта масъулиятни талаб этади.

Мажлис муҳокамасига киритилган “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарори лойиҳаси ҳам тизим ислоҳотларига ҳамоҳанг равишда ишлаб чиқилди. Зеро, у мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутадиган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ҳал этишга йўналтирилган.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласига қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилган. Жумладан, сурункали алкоголизм ва гиёҳвандликка ружу қўйган инсонларга нисбатан мажбурий даволашни қўллашга оид қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Айни чоғда Ўзбекистон томонидан БМТнинг бир нечта конвенцияси ратификация қилинган. Муҳими, юртимиз мазкур халқаро шартномалар орқали зиммасига олган мажбуриятларни бажариб келмоқда.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ҳам бу борада муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2016 йилда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича жами 4 минг 726 нафар шахс судланган, шундан 637 нафари мажбурий даволанишга -юборилган.

Мажлисда Пленум қарори лойиҳаси судларда амалдаги қонунларни самарали қўллаш, ҳар бир жиноят иши бўйича қонуний ва адолатли қарор қабул қилишга оид тушунчалар бериш, шу орқали ягона суд амалиётини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn