Фаолият якунларига бағишланди
  • 29 Апрель 2017

Фаолият якунларига бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган брифинг уюштирилди.

Қайд этилганидек, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, турмуш фаровонлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. Бу борада амалга оширилаётган тизимли ишларни қўмита фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2016 йили давлатимиз чегараларини бузиб ўтган 7343, чегара тартибини бузган 6887 ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш тартибига риоя қилмаган 1374 нафар шахс қўлга олинди. Халқаро террористик ташкилотларга алоқадор бир киши ҳамда қидирувдаги 10 нафар шахс ушланди.

Бундан ташқари, давлат чегарасидан ноқонуний равишда олиб ўтилаётган 271 дона қурол-аслаҳа, шу жумладан, 4 дона ўқотар, 255 дона ов, 12 та пневматик қурол, шунингдек, 13453 дона ўқ-дори, 2 дона “Ф-1” гранатаси ва 3,6 кг. портловчи моддалар ҳамда 205 кг. 161 гр. гиёҳвандлик воситалари ва 317 гр. психотроп моддалар ушлаб қолингани ҳам чегарачиларимиз фаолияти нечоғли мураккаб ҳамда масъулиятли эканлигини кўрсатиб турибди. Шуларга мос равишда мафкуравий зарарли ғояларни тарғиб қилувчи маҳсулотлар, хусусан, диний экстремизмни тарғиб этувчи 696 дона китоб ва 405 та электрон сақлаш воситаси (диск, флешкалар) юртимизга келтирилишининг олди олинди.

Брифингда товар-моддий бойликларнинг чегарадан ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйиш билан боғлиқ ишлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Жумладан, йил давомида умумий қиймати 24 миллиард сўмликдан ортиқни ташкил этувчи рангли ва қора металлар, газлама, ҳайвонлар териси, кир ювиш кукуни, чорва моллари, спирт, тамаки, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар, чинни буюмлар, кийим-кечак, пойабзал ҳамда теле ва аудио аппаратуралар тўхтатиб қолинди.

Контрабандачилар товар-моддий бойликларни катта миқдорда олиб ўтишга ҳам уринмоқда. Масалан, 2016 йилнинг 14 январь куни Қирғизистондан жами 350 миллион сўмлик контрабанда дори воситалари ҳамда теле ва аудио аппаратуралар олиб кирилишига фидойи посбонларимиз чек қўйди.

Чегарачиларимиз томонидан республикамиздан хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш бўйича салмоқли ишлар олиб борилаётгани ҳам тадбирда алоҳида таъкидланди. Бу даврда, хусусан, 2 миллион 718 минг АҚШ доллари, 6 минг 220 евро ҳамда бир миллион 887 минг рублнинг чегарадан ноқонуний олиб ўтилишига барҳам берилди. Яна бир мисол: 2016 йилнинг 20 июль куни Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги Қумрабод аҳоли пунктида Қирғизистонга ноқонуний олиб -чиқиб кетилаётган 2 миллион 576 минг АҚШ доллари ҳамда 18 та валюта банк карточкаси ушлаб қолинди.

Мамлакатимиз тинчлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаш юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Шу маънода, давлат чегараларини қўриқлашда чегара олди ҳудудларида яшаётган фуқаролар, хусусан, чегара қўшинларига кўмаклашадиган “Чегара посбонлари” отрядлари сафида хизмат қилаётган фаоллар фидойилиги эътироф этилди. Улар кўмагида ўтган йилда чегарани бузиб ўтган 214 ва чегара тартибини бузган 803 нафар шахс қўлга олинди. Шунга мос ҳолда умумий қиймати 1,2 миллиард сўмликдан зиёд товар-моддий бойликлар ҳамда 51 ов милтиғи ва 16 килограмм наркотик моддалар мусодара қилинди.

МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси фаолияти янада самарали бўлишида қўшни давлатлар чегара идоралари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина 2016 йил давомида қўшни давлатлардаги соҳа ходимлари билан 98 та чегара қўшинлари вакиллари даражасидаги учрашув ва 307 та ишчи учрашуви ўтказилди. Аҳамиятлиси, шу ҳамкорлик алоқалари натижасида чегара участкаларида тартибни сақлаш ҳамда чегара орқали бўладиган ноқонуний операцияларга барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлиги янада ошишига эришилмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn