«Электрон ҳукумат» тизими такомиллаштирилмоқда
  • 02 Май 2014

«Электрон ҳукумат» тизими такомиллаштирилмоқда

Тошкентда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари” мавзуида давра суҳбати ташкил этди.

Унда депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси, бошқа тегишли вазирлик ва давлат идоралари мутасаддилари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳаларига, кундалик ҳаётимизга замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Жумладан, АКТни ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, ташкилий шароитлар мустаҳкамланди. Пировардида соҳада изчил ўзгаришлар кузатилди, интерактивлик кучайтирилди, электрон ҳужжат айланиши, электрон тижорат, электрон тўловлар каби бир қанча янги хизмат турлари юзага келди.

Давра суҳбатида “Электрон ҳукумат” тизими ривожи қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан электрон шаклда алоқага ўтишни таъминлаш, давлат интерактив хизматлари сифатини яхшилаш ва бошқа масалалар таҳлилдан ўтказилди.

Қайд этилганидек, юртимизда соҳага оид мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Ўндан ортиқ қонунлар ва элликта норматив-ҳуқуқий ҳужжат шулар жумласидандир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс чора-дастурларининг изчил бажарилиши натижасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда АКТни қўллаш самарадорлиги юксалаяпти.

Ҳозирги кунда давлат ахборот ресурслари сони 195, рўйхатга олинган ахборот тизимлари 154 тага етгани бунинг тасдиғидир. Айни чоғда “он-лайн” хизмати аҳоли, айниқса, тадбиркорларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида муҳим воситага айланмоқда. Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 20 та янги хизмат тури жорий қилиниб, уларнинг сони 187 тага етказилгани ҳам диққатга сазовордир.

Тадбирда Президентимизнинг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Зеро, шу асосда “Электрон ҳукумат” тизимини кенг татбиқ этишга асос яратилди. Қолаверса, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари олдида турган яна бир муҳим масала — ички меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдир. Бу борада, давлат органлари томонидан тақдим этилаётган интерактив давлат хизматларининг низомларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбатида кўриб чиқилган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шу нуқтаи назардан долзарбдир. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ҳозирги пайтда ишчи гуруҳ томонидан маромига етказилаётир.

Иштирокчилар эътироф этганидек, унинг қабул қилиниши давлат интерактив хизматлари сифатини яхшилаш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг вақти, сарф-харажатларини қисқартириш, очиқлик ва тезкорликни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади. Уни ишлаб чиқишда соҳага оид миллий қонунчилигимиз инвентаризация қилинди. Шунингдек, Австрия, АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Япония каби бир қатор давлатларнинг тажрибаси таҳлил этилди.
Муҳокамаларда қонун лойиҳасида интерактив давлат хизматлари турлари ва уларга қўйиладиган талаблар, уларни баҳолаш мезонларини аниқ белгилаш, қонун талабларини рўёбга чиқариш борасида давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини назарда тутувчи қоидаларни белгилашга доир фикр ва мулоҳазалар айтиб ўтилди.

Айни чоғда интерактив хизматлар тақдим этишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши самарадорлигини ошириш, уларнинг сифатини таъминлаш, “Электрон ҳукумат” қулайликларини кенгайтириш ва бошқалар ҳақида тавсиялар билдирилди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn