ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари
  • 28 Апрель 2017

ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари

 

Шу йилнинг 11-12 май кунлари пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг XII мажлиси бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур нуфузли анжуманда ШҲТга аъзо давлатлар, хусусан, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ҳамда кузатувчи мамлакатлар бўлмиш Афғонистон, Покистон, Эрон, Ҳиндистондан экспертлар, ШҲТ Котибияти ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси вакиллари қатнашиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда мазкур Форумни юксак савияда ташкил этиш учун қизғин ҳозирлик кўрилаяпти.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнда Шанхай шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон имзолаган ШҲТни ташкил этиш тўғрисидаги декларация асосида тузилган.

Ўзаро ишонч, дўстлик ҳамда яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари этиб белгиланган.

ШҲТ Хартиясида аъзо давлатлар мустақиллик, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро англашув ва фикрларни инобатга олиш, ички ишларига аралашмаслик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига амал қилиши қайд этилган.

Мазкур ташкилот ўтган даврда ҳақли равишда нуфузли халқаро ташкилотлар қаторидан муносиб жой олди, барқарор тараққиёт, тинчликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, минтақавий ва глобал даражада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг таъсирчан омилига айланди.

Ўзбекистон ташкилот таъсисчиларидан бири ҳисобланади. Айни чоғда ташкилот равнақида улкан иқтисодий ва геосиёсий салоҳиятга эга давлат сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Мамлакатимиз ШҲТга савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик моддалари ва қурол-яроғларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда муҳим восита сифатида қарайди.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига уч маротаба, яъни 2003/2004, 2009/2010 ҳамда 2015/2016 йилларда раислик қилди. Юртимиз илгари сурган ташаббуслар, амалий саъй-ҳаракатлар ШҲТ фаолиятини мазмунан бойитиб, унинг халқаро -миқёсдаги нуфузи ва мақомининг юксалишига хизмат қилаётгани, айниқса, диққатга сазовор. Масалан, Ўзбекистоннинг ташкилотга биринчи раислиги даврида, аниқроқ айтадиган бўлсак, 2004 йил 17 июнда Тошкентда бўлиб ўтган саммит доирасида пойтахтимизда ташкилотнинг доимий фаолият юритувчи органи — Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси очилган. Хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашуви йўлга қўйилган. Бу ишлар ШҲТнинг асосий мақсадларидан бўлган тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, турли таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Бундан ташқари, ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мақоми тўғрисидаги Низом ва бошқа қатор ҳужжатлар имзолангани ташкилот тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат асосида Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эронга ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақоми берилган.

Мамлакатимизнинг мазкур тузилмага иккинчи раислиги даврида ҳам сиёсий аҳамиятга эга қарорлар қабул қилинди. 2010 йил апрель ойида ШҲТ ва БМТ котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Бу Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ушбу йирик тузилма билан ўзаро алоқаларига асос бўлиб келмоқда. Ўша йилнинг 11 июнь куни Тошкентда ўтган саммитда, қолаверса, ташкилот доирасидаги масалаларни ҳал этишда муҳим ҳужжатлар — ШҲТнинг иш юритиш қоидалари ва ШҲТга янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом имзоланган. Эътиборли жиҳати, мазкур ҳужжатлар Ўзбекистоннинг навбатдаги раислигида ўзининг амалий натижаси билан ташкилот нуфузини янада оширди.

Хусусан, 2016 йил июнь ойида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзолангани Тошкент саммитининг муҳим воқеаларидан бўлди. Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси мақомига эга бўлиши ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва умуман, дунёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлайдиган кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида, ишчан кайфиятда ўтган Тошкент саммити иштирокчилари Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги тарихий аҳамиятга эга бўлганини, бу даврда барча тадбирлар юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлашди.

Тошкент саммити мамлакатимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан ҳам катта қизиқиш билан кузатилди. Жумладан, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази саммит якунларига бағишлаб ўтказган сўровда қатнашганларнинг қарийб 92 фоизи саммит жараёнини диққат-эътибор билан кузатиб борганини билдиргани фикримиз тасдиғидир. Энг муҳими, сўров иштирокчиларининг 92,4 фоизи ШҲТни янада мустаҳкамлаш, унинг таркибидаги мамлакатлар хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашиш, турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги келишувларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.

Ўрта Ер денгизи ва Осиё мамлакатларини ўрганиш институти бош котиби (Италия) Антонио Локкенинг фикрича, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги ушбу ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузини сезиларли даражада оширди.

— Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги давридаги фаолияти минтақа сиёсий ўсишининг ҳамда иқтисодий тараққиётининг маркази сифатида бу мамлакатга бўлган қизиқишни кучайтирди, — деди италиялик олим. — Тошкентда ўтган саммит доирасида қабул қилинган ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ташкилотнинг сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга замин ҳозирлади.

Берлиндаги Каспий минтақасини ўрганиш маркази катта илмий ходими Матиас Дорнфельднинг айтишича, Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашга бўлган интилиши унинг раислигидаги устувор йўналишларда ҳамда мамлакат раҳбариятининг тегишли ташқи сиёсий ташаббусларида ўз ифодасини топди.

— Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг ҳар бир мамлакат манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда, очиқ ва тенг ҳуқуқли мулоқот учун минбар сифатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини халқаро майдонда мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар диққатга сазовор, — деди немис эксперти. — Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни равнақ топтириш нуқтаи назаридан транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, минтақа мамлакатларининг улкан транзит салоҳиятини тубдан кенгайтириш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари ҳам эътиборга молик.

Албатта, бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгариб бораётгани, ён-атрофимиздаги воқеалар жадал ривожланаётгани, қарама-қаршилик ва можаролар кучайиб, жаҳон бозорларида беқарорлик ва мавҳумлик сақланиб қолаётгани, жиддий ташвиш уйғотаётган халқаро терроризм, экстремизм, тобора ёйилиб, тарқалиб бораётган радикализм кўлами хатарли тус олаётгани ШҲТ фаолиятида ҳам  устувор вазифаларни ҳал қилишни кун тартибига олиб чиқмоқда.

Аввало, юзага келаётган бундай мураккаб шароитда ШҲТнинг Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик ва ҳеч қандай блокка айланмаслик принципларига қатъий амал қилиш ва бундай ёндашувни янада мустаҳкамлаш ўта долзарб аҳамиятга эга. Вужудга келаётган минтақавий ва халқаро муаммоларни ҳал этишда бундан кейин ҳам мафкуравий ва қарама-қаршиликка олиб келадиган ёндашувларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш даркор.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ШҲТнинг дастурий мақсад ва вазифаларига эришишнинг энг муҳим шартларидан бири бўлган иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда барча давлатларнинг манфаатларига мос келадиган, минтақа учун катта ўрин тутадиган иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, биринчи навбатда, транспорт коммуникацияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш умумий вазифа саналади.

Маданий-гуманитар йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада тараққий эттириш, жумладан, маданий алмашувларни кенгайтириш, дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳам ШҲТга аъзо давлатлар диққатидаги масалалардир.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг XII мажлисида ҳам 2016 йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн олтинчи мажлиси якунлари, ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, хавфсизлик, иқтисодий, транспорт-коммуникация ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, Ташкилотни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилади. Бундан ташқари, кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича шериклар билан муносабатларни янада фаоллаштириш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг улкан салоҳиятини ШҲТ доирасида ҳамкорликдаги фаолиятга жалб қилиш ҳамда бошқа долзарб масалалар таҳлил қилинади. Шу билан бирга, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида тақдимотлар ўтказилади.

Умуман айтганда, мазкур Форум кўп қиррали жамоатчилик маслаҳат-эксперт мустақил механизми бўлиб, Ташкилот фаолиятига кўмаклашиш ҳамда уни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ШҲТга аъзо давлатлар илмий ва сиёсий-тадқиқот марказлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, қолаверса, Ташкилот фаолиятига тааллуқли долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун мулоқот майдони вазифасини бажаради.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn