Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир
  • 28 Апрель 2017

Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир

Пойтахтимизда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг юртимизда 2030 йилга қадар Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишдаги аҳамиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, БМТ агентликлари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев ва бошқалар Ўзбекистон 2015 йил сентябрь ойида БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишга доир глобал миқёсда кўрилаётган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлашди. Мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ҳамда жамиятни ҳар томонлама ва жадал янгилаш учун шароитлар -яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу мақсадда 2017 йил 7 февраль куни тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси асосини мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар ислоҳ қилишнинг концептуал масалалари ташкил этади.

— Ҳаракатлар стратегияси ва унинг устувор йўналишлари Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичи учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки давлат ҳокимияти бошқаруви, инсон ҳуқуқлари ва одил судлов, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш сингари долзарб масалаларни ҳал этишга хизмат қилишига ишончим комил, — деди БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Стефан Приснер. — Умуман, мазкур ҳужжат қоидалари Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ келади.

Иштирокчилар Ҳаракатлар стратегияси аҳоли ва тадбиркорлар томонидан кўтарилган долзарб масалалар таҳлили асосида ишлаб чиқилганини алоҳида эътироф этишди. Ушбу дастуриламал ҳужжат барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқ бўлиб, миллий даражада уларга эришишга бевосита ўз ҳиссасини қўшади. 

Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш йўналишидаги энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Унинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши пировардида парламентнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ролини янада оширади.

— Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар жадал рўёбга чиқарилаяпти, — деди Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев. — Биргина мисол,  депутат ва сенаторлар томонидан шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида тегишли раҳбарлар ҳисоботларини эшитиш бўйича таъсирчан механизм жорий қилинди. Умуман, таҳлиллардан шу нарса аён бўлаяптики, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар БМТ томонидан 2030 йилгача қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг уч тамойили, яъни иқтисодий ўсиш, ижтимоий тараққиёт ва атроф-муҳит муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқдир.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга жадал киришгани қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги  бўлим бошлиғи Юлдуз Абдуғаниеванинг маълум қилишича, Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадларни ишлаб чиқиш жараёни якунланди. Ушбу жараёнга 40 дан ортиқ давлат ва жамоат ташкилотлари, 100 нафардан зиёд экспертлар жалб қилинди. Бунда глобал мақсадлар чуқур таҳлилдан ўтказилиб, Ўзбекистон учун мақбул вазифаларни белгилаб олишга эътибор қаратилди. Гап шундаки, Барқарор ривожланишнинг айрим мақсадларига Ўзбекистон аллақачон эришган. Мисол учун, аҳоли саводхонлиги бўйича юртимиз дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири саналади. Миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз Глобал ривожланиш мақсадларини амалга оширишга тайёрлигини кўрсатади.

Тадбирда сўзга чиққанлар Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадларини тармоқ ва минтақавий ривожланиш дастурларига, ҳаракатлар режаларига ва бюджетларга сингдириш муҳимлигини қайд этишди.

Муҳокама якунлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадларини муваффақиятли рўёбга чиқаришга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn