Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди
  • 27 Апрель 2017

Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жорий йил 26 апрель куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда депутатлар дастлаб Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП фракцияси олдида турган вазифалар тўғрисидаги масалани атрофлича муҳокама қилдилар. 

Таъкидланганидек, ўтган даврда мулкни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Бироқ ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишларининг бориши билан танишиш натижалари хусусийлаштирилган корхоналар мулкдорлари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани ва корхоналарни узоқ муддатли равнақ топтириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослаштирилган ишлаб чиқаришлар тикланмаётгани, бунга замонавий технологиялар жорий этилмаётганлиги сабаб бўлаётганини кўрсатди.

Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси эса ушбу йўналишдаги ишларни жонлантириш, хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва  тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини сифат жиҳатидан ўзгартиришни таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Фракция аъзолари Президент Фармонига асосан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш билан бирга, миллий иқтисодиётда хусусий сектор улушини юксалтиришда алоҳида ўрин тутишини айтиб ўтдилар. 

Йиғилишда, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси -Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП фракцияси олдида турган вазифаларга ҳам алоҳида урғу берилди. 

Депутатлар мазкур ҳужжат мамлакатимизда инвестиция салоҳиятини тўлиқ рўёбга -чиқариш, инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш, жалб этиладиган чет эл инвестициялари самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар. -Айниқса, ушбу Фармонга мувофиқ, янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси -Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланиши мамлакатимизда инвестиция соҳасида ягона ёндашувни амалда қўллаш имконини беради.

Сўзга чиққанлар бу ҳужжатлар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қаторида, иқтисодиётимизни либераллаштириш ва бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш орқали халқимиз фаровонлигини юксалтириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида парламент назоратини янада оширишда алоҳида ўрин тутишини билдирдилар.

Фракция йиғилишида Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига -киритилаётган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Мунозаралар якунида кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

* * *

Шу куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ҳамда партия Ижроия Қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган йиғилишда Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармойишларни амалга ошириш юзасидан “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётларни чоп этиш, шунингдек, таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилгани қайд этилди. Ахборот-ресурс ҳамда ахборот кутубхона марказлари моддий-техника базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар жорий қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Унда соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган. Унинг ижросини изчил таъминлаш ҳаётий заруратдир. 

Йиғилишда таълим муассасаларига китоб маҳсулотларининг етказилиши, аҳолига қулай жойларда китоб дўконлари ва кутубхоналарнинг мавжудлиги, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолаа қилиш маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилаётгани айтиб ўтилди. Таъкидланганидек, бу борадаги ўрганишлар натижалари китобхонлик маданиятини ошириш ишлари яхши йўлга қўйилмагани, аҳоли гавжум масканларда, чунончи, маҳаллаларда китоб дўконлари ва кутубхоналар мавжуд эмаслиги, коллежларда ташкил этилган ахборот-ресурс марказларида китобхонлар қатнови учун шарт-шароитлар яратилмаганини кўрсатди. 

Муҳокамалар жараёнида фракциянинг 2017 йилги тадбирлар режасида “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг жойлардаги ижроси биринчи ярим йилликда ҳудудларга чиқиш орқали ўрганилаётгани ва натижаси юзасидан якуний хулосалар тақдим қилиниши қайд этилди. 

Йиғилишда, ўз навбатида, Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, аҳамиятига эътибор қаратилиб, унда халқимизнинг хоҳиш-истаклари акс этгани, энг муҳими, бу жой миллий маънавиятимизни ифодалайдиган ижод устахонаси бўлиши эътироф қилинди. 

Давлатимиз раҳбарининг таълим, маънавият ва маърифатни янада юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида қабул қилаётган Фармон ва қарорларининг ижро этилиши устидан фракция томонидан парламент ҳамда депутатлик назоратини ўрнатиш, ушбу жараёнда фаоллик кўрсатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

Якунда соҳани янада такомиллаштириш, белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришда фракция фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди. 

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn