Испания делегацияси Ўзбекистонда
  • 23 Апрель 2014

Испания делегацияси Ўзбекистонда

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Испания Қироллиги Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, ёқилғи-энергетика, қурилиш, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат, кимё, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, геология ва минерал ресурслар, транспорт ва транспорт коммуникациялари, алоқа ва ахборот технологиялари, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр ўаниев, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Испания Қироллиги ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальо мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Ушбу форум ўзаро савдо, иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар очиши қайд этилди.
Ўзбекистон билан Испания ўртасидаги иқтисодий алоқалар жадал тараққий этмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси билан Испаниянинг “Talgo” компанияси, “Ўзкимёсаноат” давлат-акциядорлик компанияси билан “Maxam” компанияси, “Ўзбектуризм” миллий компанияси билан Испания Қироллиги Саноат, сайёҳлик ва савдо вазирлиги ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, ушбу соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Иқтисодий соҳада Ўзбекистон билан Испания ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилади. Мамлакатимизда “Hispantex” (тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш), “Maxam-Chirchiq” ва “Maxam Uzbekistan” (кимё саноати), “Balkan Eksport Import Asia” (қурилиш материаллари ишлаб чиқариш) каби кўплаб қўшма корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда.
— Ўзаро ҳамкорлигимиз йил сайин ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидламоқчиман, — деди Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальо. — Ўзбекистон иқтисодиёти
жадал ва изчил ривожланаётир.
Мамлакатингиздаги барқарорлик, хорижий сармоядорлар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар самарасида икки мамлакат ишбилармонлари томонидан қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзаро ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд. Ушбу бизнес-форум ана шу имкониятлардан тўлароқ фойдаланиш, ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форумда испаниялик ишбилармонлар Ўзбекистонда саноат ва кичик бизнесни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусийлаштириш жараёнлари, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар билан атрофлича таништирилди.
Мамлакатларимизнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди. Савдо, иқтисодиёт, сармоя, нефть-газ, темир йўл, энергетика, кимё, озиқ-овқат, фармацевтика каби соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Испания компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига жалб этиш, қўшма корхоналарни, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
— Ўзбекистон улкан салоҳиятга эга, шу боис дунёнинг кўплаб давлатлари мамлакатингиз билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда, — деди “Initec Energia” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Хуан Карлос Гарсиа Виля. — Компаниямиз электр станциялари барпо этиш билан шуғулланади. Бу йўналишда Ўзбекистон билан беш йилдан буён фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Навоийдаги иссиқлик электр станциясида 400 мегаваттли буғ-газ қурилмасининг барпо этилгани ана шу ҳамкорлик натижасидир. 2013 йилда Тошкентда ўтказилган Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи мажлисида иштирок этгандик. Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбалари борасида катта имкониятга эга. Юртингиз олимларининг қуёш энергиясини электр энергиясига айлантириш бўйича инновацион технологияларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётганига ҳавас қилса арзийди.
Бизнес-форум якунида икки мамлакат ўртасида савдо, сармоя, фармацевтика, темир йўл қурилиши, машинасозлик каби соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Испания ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармонлари биргаликда кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан фикрлашиб олди.
* * *
Испания Қироллиги ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальо Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Испания Қироллиги Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазирлиги ўртасида 2014 — 2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn