Эстония делегацияси Ўзбекистонда
  • 28 Март 2014

Эстония делегацияси Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган Эстония Республикаси ташқи ишлар вазири Урмас Паэт Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Эстония ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори экани қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон — Эстония ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболи, шунингдек, парламентлараро, вазирлик ва идоралараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятлари ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Эстония ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Эстония Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, қурилиш, машинасозлик, мебелсозлик, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари, электротехника каби соҳаларда фаолият юритадиган вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Эстония Республикаси ташқи ишлар вазири Урмас Паэт ушбу форум ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Эстония савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида катта имкониятга эга. Транспорт ва логистика, фармацевтика, тўқимачилик, кимё саноати, иқтисодиёт ва илм-фан соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
— Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги етакчи мамлакатлардан, — деди Урмас Паэт. — Мамлакатингизнинг улкан иқтисодий салоҳияти, замонавий транспорт коммуникациялари, жуғрофий жойлашуви, бу ердаги қулай бизнес муҳити Эстония ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратмоқда. Турли соҳаларда иш юритувчи кўплаб етакчи фирма ва компанияларимиз вакиллари Ўзбекистонга истиқболли лойиҳалар билан келган. Ўзаро ҳамкорлигимиз янада равнақ топишига ишонамиз.
Форумда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма корхоналарни кўпайтириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш борасида фикр алмашилди.
Эстониялик ишбилармонларга мамлакатимизда сармоявий муҳитни янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳамда “Ангрен” махсус индустриал зонасида яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Анжуманда савдо, иқтисодиёт, сармоя, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, логистика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, кимё, қурилиш, сайёҳлик каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
— Ўзбекистон ишбилармонлари билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз, — деди Эстония Савдо-саноат палатасининг халқаро ҳамкорлик бўйича менежери Кристи Таттар хоним. — Тошкентдаги мебелсозлик ва тўқимачилик корхоналарида бўлдик. Уларнинг фаолияти бизда катта таассурот қолдирди ва ҳамкорликка бўлган қизиқишимизни янада кучайтирди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз.
Бизнес-форум доирасида Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Эстония ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.
Эстония делегацияси аъзолари “UZTEX-Tashkent” Ўзбекистон — Швейцария — Буюк Британия қўшма корхонаси ҳамда “E’tiqod Mebel” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn