Ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида
  • 03 Сентябрь 2015

Ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда барча йўналишларда ўзаро манфаатли ривожланиб бораяпти.
Ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси турли соҳаларни қамраб олган 200 дан зиёд икки томонлама ҳужжатлардан иборатдир.

Олий ва юқори даражадаги ўзаро ташриф алмашувлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил август ойида Хитойга буюрган давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. 2014 — 2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастурининг қабул қилингани мазкур ташрифнинг энг муҳим якуни бўлди. Шунингдек, 6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамда молиявий битим ва шартномалар мажмуи имзоланди.
Ўзбекистон ҳамда Хитой халқаро тизимлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтира бориб, бир-бирининг манфаатларини илгари суриш масалалари бўйича халқаро майдонда бир-бирини сиёсий қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақиятли ривожланишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Маълумки, жорий йилда ушбу ташкилотга раислик давлатимизга ўтди. ШҲТ йўналишидаги ҳамкорлик бугунги кунда минтақада ва умуман, бутун дунёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб бормоқда. Шу йил 9-10 июль кунлари ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси чоғида Президент Ислом Каримов томонидан билдирилган Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислигидаги устуворликларини Хитой раҳбарияти қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, томонлар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳам фаол ҳамкорлик қилаяпти. Кўпгина халқаро муаммоларнинг ҳал этилиши юзасидан ҳар икки давлатнинг ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир.
Парламентлараро алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. 2011 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Халқ вакиллари Умумхитой кенгаши Доимий қўмитаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. 2014 йилнинг ноябрь ойида Хитой Халқ Республикасининг Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши миллий қўмитаси раиси ўринбосари, Миллатлар ишлари бўйича давлат қўмитаси раиси Ван Чжэнвэй раҳбарлигидаги парламент делегацияси Ўзбекистонга келди. Ўз навбатида, 2015 йилнинг май ойида Ўзбекистон парламенти аъзолари Хитойда бўлдилар.
Мунтазам равишда ҳукумат делегациялари даражасидаги учрашувлар ўтказилмоқда. Икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 2004 — 2015 йилларда сиёсий маслаҳатлашувларнинг 13 раунди бўлиб ўтди.
2011 йилнинг октябрида Пекинда Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси таъсис этилди. Унинг доирасида ҳар йили тармоқ кичик қўмиталарининг йиғилишлари ўтказилмоқда.
Мамлакатларимиз ўзаро манфаат кўриш тамойилларига асосланган ҳолда кўп қиррали савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга устувор даражада аҳамият қаратмоқда.
Ўзаро савдонинг ўсувчанлиги ижобий баҳога лойиқдир. Масалан, кейинги олти йил ичида товар алмашинуви ҳажми уч баробар ўсиб, 2008 йилдаги 1,5 миллиард АҚШ долларидан 2014 йили 4,76 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича эса бу кўрсаткич 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган 582 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 81 таси тўлалигича Хитой инвестициялари ҳисобига ташкил этилган. Юртимизда Хитойнинг 70 компанияси ўз ваколатхонасини очган.
Ўзбекистон томони 2011 йили Пекин томонидан илгари сурилган Ўзбекистон — Хитой юқори технологиялар саноат паркини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлади. У 2013 йилнинг март ойида Сирдарё вилоятида филиали бўлган “Жиззах” махсус индустриал зонаси шаклида ташкил этилди. Ҳозирги пайтда бу ерда мобиль телефонлар, қурилиш ва пардозлаш материаллари, санитар-техник буюмлар, тормоз колодкалари, қуёш сув иситиш коллекторлари, тикув машиналари, тери буюмлари ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) ва Хитойнинг бошқа компаниялари Ўзбекистон ҳудудида углеводород конларини топиш ҳамда ўзлаштириш лойиҳаларида фаол қатнашмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо қилиш икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг энг муҳим стратегик масаласи ҳисобланади.
Молиявий соҳадаги ҳамкорлик ҳам фаол ривожланиб бораяпти. Хитой молия институтлари кредитларининг умумий ҳажми 6 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетди. 1991 — 2014 йиллар оралиғида Хитой томонидан Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, божхона ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, кадрлар малакасини ошириш соҳаларидаги 35 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун қарийб 200 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари тақдим қилинди. Бугунги кунда уларнинг 25 таси муваффақиятли амалга оширилди.
Шунингдек, давлатларимиз маданият ва илм-фан соҳаларидаги алоқаларни ҳам изчил ривожлантирмоқда. 2003 йили Хитойнинг Чанчунь шаҳрида бўлиб ўтган VI жаҳон ҳайкалтарошлари форуми доирасида буюк миниатюрачи Камолиддин Беҳзод ҳайкали очилди.
Ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришда “Ўзбекистон — Хитой” ва “Хитой Халқ Республикаси — Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари муҳим аҳамият касб этмоқда. 2013 йилнинг май ойида Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий тадқиқот институтида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашинувлари маркази очилди.
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда ХХР Маданият вазирлиги ўртасидаги 2014 — 2017 йилларга мўлжалланган маданий алмашинувлар дастури маданият йўналишидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаяпти. Масалан, 2011 йилда Пекин ва Сиань шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ҳафталиги, 2012 йилда Тошкент ҳамда Самарқандда Хитой маданияти ҳафталиги ўтказилди. 2013 йили Хитойнинг бир қатор йирик шаҳарларида “Ўзбекистоннинг таниқли рассомлари асарлари” бадиий кўргазмаси ташкил қилинди. Ўз навбатида, 2014 йили хитойлик ёш рассомлар “Тошкент қувончлари” V халқаро болалар расмлари биенналесида иштирок этдилар. Унда тўққиз яшар Пан Юйцзе танловнинг асосий мукофотига сазовор бўлди. Хитойнинг “Jiangsu Women‘s Orchestra” гуруҳи 2015 йил 25-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини — Гран-при билан тақдирланди.
Таълим соҳасида давлат ҳамда идоралараро даражадаги, шу жумладан, ўзбек ва хитой тилларини ўрганиш бўйича талабалар ҳамда амалиётчилар алмашинувларининг кўлами кенгайиб бормоқда. 2005 йили Тошкентда очилган Конфуций институтида ҳар йили 350 нафардан зиёд тингловчи таҳсил олади. Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузурида иккинчи Конфуций институти фаолият кўрсатаяпти.
2010 йилнинг июнидан эътиборан ХХР Миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўлими иш олиб бормоқда, 2012/2013 ўқув йилидан бошлаб Пекин чет тиллар университетида ўзбек тили ўқитилиши йўлга қўйилди.
Томонлар сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. 2010 йилдан Ўзбекистон Республикасига хитойлик сайёҳларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб саёҳат қиладиган туристик мамлакат мақомини бериш жараёни бошланди. 2013 йилнинг ноябрь ойида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида имзоланган сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим бу йўналишдаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилаяпти. Хитойлик туроператорлар мунтазам равишда, шу жумладан, “Мега-инфо-тур” дастури доирасида ҳам Ўзбекистонга келишмоқда.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги турли даражаларни қамраб олган бугунги муносабатлар очиқлик ҳамда ишончли мулоқотга асослангани билан янада аҳамиятлидир. Барча соҳадаги икки томонлама алоқаларнинг барқарор ўсувчанлиги ҳисобга олинганда, шуни қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига буюрган ушбу ташрифи давлатлараро муносабатлар тарихида яна бир муҳим воқеа бўлиб қолиши баробарида, Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янада чуқурлашиши ҳамда янги мазмун билан бойишига хизмат қилади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn