Оқсаройда қабул
  • 16 Июль 2015

Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 июль куни Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам стратегик шерикликка асосланган бўлиб, ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари бўйича изчил ривожланиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон мазкур учрашувни ўзаро манфаатли кенг кўламли масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини бераётган доимий сиёсий мулоқотларнинг давоми, деб билишини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Россия Президентларининг 10 июль куни Уфа шаҳрида бўлиб ўтган музокаралари ўзаро муносабатлар ривожида муҳим воқеа бўлгани қайд этилди. Олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидан икки мамлакат ҳам бирдай манфаатдор. Иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, шубҳасиз, кўпқиррали ўзаро мулоқотни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳисобланади. Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо шерикларидан биридир. 
Суҳбат чоғида долзарб халқаро муаммолар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфа шаҳрида ўтган саммити якунларини юксак баҳолайди. ШҲТга навбатдаги муддатга раислик қиладиган Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо барча давлатлар манфаатларига мос келадиган кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиради ва мустаҳкамлайди.
Сергей Лавров Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга самимий қабул ва ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда минтақавий муаммоларни атрофлича муҳокама этиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди.

ЎзА.
Сарвар ЎРМОНОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « ШҲТнинг УФА саммити Самимий қутловлар »