Ислом Каримов УФА шаҳрига келди
  • 10 Июль 2015

Ислом Каримов УФА шаҳрига келди

УФА, 9 июль. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Уфа шаҳрига келди.
Шаҳар марказидаги Конгресс-холлда ШҲТ (Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон) ва БРИКСга (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси) аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда ШҲТ ҳамда БРИКС доирасидаги ҳамкорлик, жаҳон иқтисодиётини ривожлантириш, жумладан, биргаликда иқтисодий ўсишни таъминлаш, молиявий барқарорлик ва таркибий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга оид масалалар, минтақавий ва глобал аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Саммит қатнашчилари замонавий таҳдид ва хавф-хатарлар глобал миқёс касб этиб бораётганини инобатга олиб, уларни бартараф қилиш борасидаги халқаро ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида ШҲТ ва БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокидаги ушбу ноёб учрашув ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан улкан салоҳиятга эга икки халқаро тузилма учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ислом Каримов ҳозирги кунда халқаро терроризм ва экстремизм хавфи ортиб бораётганидан ташвиш билдирмайдиган мамлакатнинг ўзи йўқлигини, бу иллатларга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди. ШҲТ — БРИКС учрашуви мазкур тузилмаларга аъзо мамлакатлар халқлари фаровонлигини ошириш, бу улкан ҳудудда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий расмий тадбирлари 10 июль куни бўлиб ўтади. Давлат раҳбарларининг музокаралари якунида Уфа декларацияси имзоланиши, ШҲТни ривожлантириш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган стратегия ҳамда ташкилотни кенгайтириш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уфа сафари доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn