Ташриф самарали бўлди
  • 08 Июль 2015

Ташриф самарали бўлди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов таклифига биноан мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида 7 июль куни Мустақиллик майдонида бўлди.

Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Ҳиндистон Бош вазири Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан бунёд этилган бу монумент Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсатини, халқимизнинг бунёдкорлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу интилишларини акс эттирувчи ноёб мажмуа эканлигини алоҳида таъкидлади.
— Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Президент Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Мустақиллик ва эзгулик монументи ўзининг теран ва кенг маъно-мазмуни билан ана шу тараққиётнинг юксак рамзи сифатида ҳар бир кишида катта таассурот уйғотади. Бу бетакрор обида тинчлик, эзгулик ва фаровонликни тарғиб қилишда, халқингизнинг бунёдкорлик салоҳиятини намоён этишда ва буюк келажакка ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга, — деди Нарендра Моди. 
Ҳиндистон халқи Ўзбекистонга, халқимизга ҳамиша юксак эҳтиром билан қараб келади. 1966 йилнинг январида ўша пайтда Ҳиндистон Бош вазири бўлган Лаъл Баҳодур Шастри Тошкентга келган. Пойтахтимизда Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ва ҳинд тилини ўрганишга ихтисослашган умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда.
Олий мартабали меҳмон Тошкентнинг Шастри майдонидаги Лаъл Баҳодур Шастри ҳайкали пойига гул қўйди.
Нарендра Моди Ўзбекистонда Шастри хотирасига бунёд этилган ёдгорлик мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик муносабатларининг ифодаси эканлигини қайд этди.
Шу билан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи ниҳоясига етди. Ҳиндистон Бош вазири Ўзбекистонга ташрифи ғоят самарали бўлганини алоҳида таъкидлади.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn