Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифига доир
  • 04 Июль 2015

Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифига доир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 2015 йил 6-7 июль кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон — Ҳиндистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинади.
Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, кўп қиррали ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

___________________________________

Ўзбекистон — Ҳиндистон: Ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди жорий йилнинг 6 июль куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келади.
Конструктив руҳда изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон — Ҳиндистон ҳамкорлиги, кўп жиҳатдан, икки халқ ўртасидаги дўстона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларнинг юқори даражада эканлиги ҳамда қадимдан тарихий-маданий ва маънавий ришталар мустаҳкам боғланганлиги билан изоҳланади.  
Давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг янги солномаси Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Ҳиндистон мамлакатимизнинг давлат суверенитетини биринчилардан бўлиб тан олган. Дипломатия муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Протокол эса 1992 йил 18 март куни Тошкентда имзоланган эди.
Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасида  давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро аҳамиятга молик 80 га яқин ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил май ойида Ҳиндистонга буюрган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим воқелик бўлди. Ушбу ташриф Ўзбекистон — Ҳиндистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Олий даражадаги музокараларнинг якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.
Икки давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам ўтказилаётган сиёсий маслаҳатлашувлар ҳам Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг кўп қиррали ҳамкорлигини равнақ топтиришга хизмат қилмоқда. Бунда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТ доирасида ҳар икки давлат муваффақият билан ривожлантириб бораётган сиёсий мулоқотлар биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг асоси бўлаяпти.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон — Ҳиндистон алоқаларининг муҳим йўналишларидан биридир. Томонлар тенг ва ўзаро манфаатли шерикликни ҳаётга татбиқ этиш борасида бой тажрибага эга. Бунда 1992 йили тузилган ҳукуматлараро комиссия самарали механизм вазифасини ўтамоқда. Ўтган йиллар давомида мазкур комиссиянинг ўнта йиғилиши бўлди.
Ҳозирги пайтда мамлакатлараро ўзаро қулай савдо муҳити яратиш тизими амал қилмоқда. Ўтган йил якунига кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмаси 315,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида 23 та ҳинд компанияси аккредитациядан ўтган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида ҳинд сармояси иштирокидаги 77 та, жумладан, тўлиқ чет эл капитали асосидаги 11 корхона иш олиб бормоқда. 
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, енгил саноат соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2012 йили Тошкентда, 2013 йили эса Деҳлида Тўқимачилик бўйича Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма ишчи гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди.
Сайёҳлик ўзаро манфаатли алоқаларнинг яна бир истиқболли йўналиши ҳисобланади. Кўплаб омиллар, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида ноёб табиий ва тарихий-маданий ёдгорликлар мавжудлиги бу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратади.
Маданий-гуманитар соҳалардаги шериклик ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим қиррасидир. Бу эса ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожида алоҳида аҳамиятга молик. Маълумки, халқларимиз тарихий ва маданий муштаракликларга эга. Шу маънода, ҳар икки давлат солномасида чуқур из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси кўп асрлик ўзбек — ҳинд муносабатлари тарихида ўта муҳим боғловчи бўғин ҳисобланади. 
Ўзбекистон ва Ҳиндистон таълим, соғлиқни сақлаш, инсон ресурслари ривожланиши соҳаларини такомиллаштиришда ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига эга. Ҳиндистон техник-иқтисодий кўмаклашиш дастури (ITEC) доирасида қатор ўзбек мутахассислари ахборот технологиялари, сув ресурсларини бошқариш, банк иши, меҳмонхона бизнеси ва бошқа йўналишларда Ҳиндистоннинг нуфузли олий ўқув муассасаларида малака оширишди.
2006 йил апрелида Тошкентда Ж. Неру номидаги Ўзбекистон — Ҳиндистон ахборот технологиялари маркази очилган эди. 2011 йилнинг январида Деҳли шаҳрида Ахборот технологиялари бўйича Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
XX асрнинг 40-йилларидан бери Тошкент давлат шарқшунослик институтида ҳинд тилидан сабоқ берилади. Шу ҳам диққатга сазоворки, ҳинд тилини хорижда илгари суришга катта ҳисса қўшгани учун 2014 йили мазкур олий ўқув юрти профессори Озод Шаматов доктор Ж. Грирсон номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлди. Ўзбекистон пойтахтида ҳинд тили ўқитиладиган 2 та мактаб фаолият кўрсатади.  Деҳлидаги “Джамия Миллия Исламия” университетида ўзбек тили курслари мавжуд.
Икки мамлакат маданият арбоблари турли йўналишларни қамраб олган тадбирлар, хусусан, амалий ва тасвирий санъат кўргазмалари, киноанжуманлар ҳамда мусиқа фестивалларида мунтазам иштирок этишмоқда. Масалан, 2013 йили Самарқандда бўлиб ўтган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ҳинд қўшиқчиси Рашми Агарвал Гран-при мукофотига сазовор бўлди.
Спорт соҳасидаги алоқалар ҳам сезиларли даражада ривожланмоқда. Ҳиндистонда Кураш миллий ассоциацияси фаолият кўрсатаяпти.
Кўп асрлик дўстона муносабатлар анъанасига содиқлигини намойиш қилган ҳолда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлараро шерикликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишдан  манфаатдор эканлигини намоён этмоқда. 
Шундай экан, Тошкентда бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларга, энг аввало, томонларнинг тенглик, ҳурмат ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган муштарак қизиқиши ва бунга ўзаро тайёр эканлигининг яққол тасдиғи сифатида қараш мумкин.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn