Ўзбекистон – Корея Республикаси: Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги уфқлари
  • 29 Май 2015

Ўзбекистон – Корея Республикаси: Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги уфқлари

Сеул. 28 май. ЎзА махсус мухбири Анвар САМАДОВ хабар қилади.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 27 май куни давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига келди.
Ташрифнинг иккинчи куни Президентимизнинг Корея Республикаси мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қарийб 170 минг одам хоки қўйилган Миллий ёдгорлик мажмуини зиёрат қилиши билан бошланди.
Давлатимиз раҳбари ватанпарварлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, Ёдгорлик  пойига гулчамбар қўйди.
Корея Республикаси раҳбарининг “Чонг Ва Дэ” (“Мовий сарой”) қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул олдидан ўтдилар.
Давлатимиз раҳбари саройнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат битди.
Ислом Каримов билан Пак Кин Хэнинг тор доирадаги музокарасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг узоқ истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстликдан қувват олади. Афросиёб деворида акс этган Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея — Чосон элчисини қабул қилиш маросими мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради.
Ўзбек ва корейс халқларининг маданияти, менталитети ўхшаш. Ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, сабр-матонат каби фазилатлар уларга бирдек хосдир. Тақдир тақозоси билан бир пайтлар юртимизга келиб қолган корейслар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб кетган, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланган. Корейс миллатига мансуб ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритаётгани, истиқлол йилларида уларнинг 300 нафарга яқини давлат мукофотларига сазовор бўлгани бунинг яққол тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси алоқалари 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация асосида изчил ривожланмоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар ва халқларимизнинг муштарак интилишлари самарасида бу муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, мазмунан бойиб бормоқда.
Ислом Каримов Ўзбекистон учун Корея Республикаси вақт синовидан ўтган ишончли стратегик шерик эканини, очиқлик, ўзаро англашув ва манфаатларга ҳурмат асосида қарор топган ҳамкорликни юксак қадрлашини алоҳида таъкидлади. Жанубий Корея юксак даражада ривожланган, улкан иқтисодий, илмий-техникавий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида дунёда эътибор қозонганини қайд этди.
Пак Кин Хэ Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Жанубий Кореяга келгани ушбу мамлакат халқи учун қувончли воқеа, томонларнинг олий даражадаги анъанавий мулоқотларни давом эттириш ва янада ривожлантиришга қатъий интилиши ифодаси бўлганини алоҳида таъкидлади.
Томонлар бир-бирининг ички ва ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик кўплаб долзарб масалалар бўйича нуқтаи назар ва ёндашувлар ўхшаш ёки яқиндир.
Ўзбекистон Республикаси Корея Республикасининг Корея яримороли, умуман, Осиё-Тинч океани минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги чуқур ўйланган, ҳар томонлама мувозанатли ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Корея Республикаси мамлакатимизнинг Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини, ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, барча давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш сиёсатини юксак баҳолайди.
Мамлакатимиз Жанубий Кореянинг “Евроосиё ташаббуси”ни қўллаб-қувватлайди. Шу муносабат билан томонлар ушбу концепцияни амалга ошириш йўлида, авваламбор, транспорт ва транзит соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ниятини билдирдилар.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув танқислиги муаммоларини бартараф этиш масалаларида ҳам ҳамфикрдир.
Парламентлараро алоқалар ривожланмоқда, ҳукумат делегациялари ўртасидаги ташрифлар сони ва самарадорлиги ортмоқда. Мамлакатларимиз БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар доирасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Президентлар мулоқоти икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом этди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.
Глобал молиявий-иқтисодий инқироз таъсири ҳамон давом этаётгани, жаҳон бозори беқарор бўлиб турганига қарамасдан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея иқтисодиёти изчил ўсиб бормоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” самарасида барча соҳалар жадал ривожланмоқда. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиш суръатлари кейинги ўн йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда.
Пак Кин Хэ ташаббуси билан қабул қилинган “креатив иқтисодиёт” модели муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу Жанубий Корея иқтисодиётини янада жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги кенг кўлам касб этган. Савдо, сармоя, экспорт-импорт, ёқилғи-энергетика, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби кўплаб соҳаларни қамраб олган.
Савдо-сотиқ соҳасида мамлакатларимиз ўртасида 1992 йилдан буён энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзбекистонда кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 68 таси тўла ушбу мамлакат капитали асосида тузилган. Юртимизда Жанубий Кореянинг 79 компанияси ваколатхоналари очилган.
2014 йили Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида имзоланган битим ва келишувлар ўзаро ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлади. Ўтган йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистон автомобилсозлигига ҳам мустақиллигимизнинг илк йилларида Жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорликда асос солинган. Эндиликда бу соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Автомобилсозликка ихтисослаштирилган ўнлаб замонавий корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бу соҳага Жанубий Кореянинг 20 компанияси жалб қилинган, 17 қўшма корхона тузилган.
Енгил саноат ҳамкорликнинг устувор соҳаларидан биридир. Бу йўналишда умумий қиймати 231 миллион доллардан ошиқ 10 қўшма лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, “ДЭУ Интернэшнл” компанияси билан Фарғона ва Бухоро вилоятларида, “Шиндонг Энерком” ва “Текстайл Текноложиз” компаниялари билан Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган тўқимачилик корхоналари муваффақиятли иш юритмоқда.
Тоғ-кон саноати соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик қилинмоқда. “Неоплант” компанияси билан ҳамкорликда техник кремний ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди. “Шиндонг Рисорсез” компанияси билан вольфрам кони ўзлаштирилмоқда. Мамлакатларимиз мутахассислари ҳамкорлигида истиқболли углеводород конларини аниқлаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам улкан имкониятларга эга. Наманган вилоятида 130 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бўйича синов тартибидаги лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани бу фикрнинг ёрқин далилидир.
Корея Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида дунёда етакчи мамлакатлардан ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам бу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури асосида изчил ишлар амалга оширилмоқда, барча жабҳаларга замонавий ахборот технологиялари кенг жорий қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Корея Республикаси Фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва келажакни режалаштириш вазирлиги ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жанубий кореялик мутахассислар юртимизда “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашмоқда.
Тошкент шаҳрида Инха университети филиалининг ташкил этилиши бу борадаги ҳамкорлик кўлами ва истиқболининг ёрқин ифодаси бўлди. Мазкур олий ўқув юртида талабалар дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартлар даражасида таълим олмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида “Электрон ҳукумат” ўқув маркази, Ўзбекистон — Жанубий Корея ахборот технологиялари маркази фаолият кўрсатмоқда.
Маданий-гуманитар алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Фан, таълим, санъат, спорт, туризм каби йўналишлардаги ҳамкорлик тобора ривожланмоқда.
Жанубий кореялик санъаткорлар Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб келади. 2012 йилда Наврўз байрами ва мамлакатларимиз ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан Сеулда ўзбек эстрада артистларининг концерти ташкил қилинди. Ўтган йили Тошкентда очилган Сеул боғи халқларимиз мустаҳкам дўстлигининг яна бир ифодаси бўлди.
Кореянинг Тэгу ва Пусан чет тиллари университетларида ўзбек тили, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик ва Самарқанд давлат чет тиллари институтларида корейс тили ўргатилмоқда. Мамлакатимиз олий ўқув юртлари Корея Республикасининг ўттиздан ортиқ илмий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келаётир.
Музокарада томонлар олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттиришга, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида Президентлар Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига муносиб баҳо берилган ва истиқболдаги устувор йўналишлари белгиланган Қўшма декларацияни имзоладилар.
Давлат раҳбарлари иштирокида йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш, табиий газдан олефин ишлаб чиқариш, таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, вазирликлар ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Президент Ислом Каримовнинг ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат имзоланди.
Томонлар ушбу давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари раҳбарлари — “Лотте групп” компанияси раиси Шин Донг Бин, “Лотте Кемикал” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Ху Су Ёнг, Корея газ корпорацияси президенти Ли Жонг Хони қабул қилди.
Мамлакатимизда мазкур корпорация ва компаниялар билан ҳамкорлик борасида яхши тажриба тўпланган. Хусусан, Корея газ корпорацияси, “Лотте Кемикал” ва “Эс-Ти-Икс Энержи” компаниялари консорциуми иштирокида Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилмоқда. Йирик  ва истиқболли лойиҳа сифатида бир неча халқаро мукофотларга лойиқ топилган бу мажмуа йилига 4,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш имконини беради.
Ўзбекистонда чет эл капитали ва корпоратив бошқарувнинг хорижий усуллари асосида ташкил этилган корхоналар кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда тўқсондан ортиқ давлат инвесторлари иштирокида тузилган 4 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
“Лотте групп” раиси бундай қулай ишбилармонлик муҳитидан фойдаланиб, компаниянинг Ўзбекистондаги бизнесини кенгайтириш, нефть-кимё, туризм, қандолатчилик, савдо соҳаларига сармоя киритиш, мамлакатимизнинг йирик акциядорлик компанияларида акция пакетларига эга бўлиш истагини билдирди.
Корея газ корпорацияси раҳбари Ўзбекистонда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, модернизация қилиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган дастур ва лойиҳаларни юқори баҳолади ва уларда иштирок этишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Давлатимиз раҳбари “Ханжин групп” ва “Кореан Эйр” компаниялари раиси Чо Янг Хони ҳам қабул қилди.
“Навоий” интермодал логистика марказида “Кореан Эйр” компаниясининг илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва самарали бошқарув тизими жорий этилган. Бир кеча-кундузда 1000 тоннагача юкни қайта ишлаш, юк терминалида 300 тонна юкни қайта ишлаш ва сақлаш, йигирмата самолётга хизмат кўрсатиш қувватига эга ушбу марказ Осиё ва Европа мамлакатларини боғловчи муҳим марказга айланган. Бугунги кунда мазкур авиахабдан Сеул, Милан, Брюссель, Франкфурт, Вена, Деҳли, Мумбай, Ханой ва бошқа шаҳарларга, жами 23 йўналиш бўйича парвозлар амалга оширилмоқда.
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, “Навоий” интермодал логистика маркази фаолиятини кенгайтириш, янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимизнинг Корея Республикасига давлат ташрифи тафсилотлари мазкур мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА.
Сарвар ЎРМОНОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn