Ли Ук Хён: «Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг намунасидир»
  • 28 Май 2015

Ли Ук Хён: «Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг намунасидир»

2015 йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи бошланди. Ушбу ташриф арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хён билан суҳбатлашди.

— Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг сиёсий муносабатлари анъанавий равишда халқаро майдонда бир-бирини кенг қўллаб-қувватлаш асосида ривожланаяпти, — деди Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хён. — Глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан томонларнинг нуқтаи назарлари ва ёндашувлари ўхшаш ёки бир-бирига яқиндир. Мамлакатларимиз БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасида яқин ҳамкорлик қилмоқда.
Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазам тус олгани стратегик шерикликнинг изчил тараққиётига кўмаклашаётир. Парламентлараро алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда, ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари фаоллашаяпти. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказилмоқда. “Корея Республикаси — Марказий Осиё” ҳамкорлик Форуми самарали иш юритаётир.
Шу тариқа мамлакатларимизнинг турли доираларда, энг аввало, давлат раҳбарлари даражасида олиб бораётган доимий мулоқоти икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти.

— Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. Сиз Ўзбекистон ҳамда Жанубий Кореянинг бу соҳалардаги ҳамкорлиги истиқболларини қандай баҳолайсиз?
— Бугунги кунда мамлакатларимиз муваффақиятли иқтисодий ҳамкорлик борасида катта тажриба тўплаган. Жанубий Кореянинг кўпгина компаниялари хорижий сармоядорлар учун қулай имкониятлар яратилган Ўзбекистонда фаол иш олиб бормоқда. Жумладан, Сурғил кони негизида барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси кўлами жиҳатидан ғоят йирик лойиҳа сифатида халқаро миқёсда ўз эътирофини топган. Мазкур лойиҳа жорий йилда ниҳоясига етиши лозим.
Автомобилсозлик — ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналишидир. “ЖиЭм” автомобиллар ишлаб чиқариш заводига Жанубий Кореянинг қатор компаниялари эҳтиёт қисмлар етказиб бермоқда.
Молия, муқобил энергия ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги алоқалар ҳам изчил ривожланаяпти. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорликдаги самарали ишларни алоҳида айтиб ўтиш лозим. Маълумки, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” тизими жорий қилинмоқда ҳамда бу жараёнда тажриба ва мутахассислар алмашуви воситасида Жанубий Корея фаол қатнашаяпти.
Шунингдек, Ўзбекистонда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Корея Эксимбанки билан биргаликда йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Уларнинг мамлакатингиздаги фаолияти соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишларни қамраб олган.
Биз Жанубий Корея компанияларининг республикадаги фаолиятига доимий равишда кўмак кўрсатаётгани учун ўзбек шерикларимиздан миннатдормиз. Ўз томонимиздан эса, таъкидлаш ўринлики, бизнинг бизнес субъектларимиз Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳамда унинг иқтисодиётига сармоя киритиш борасида бундан кейин ҳам фаол иш олиб боради.

— Жанубий Корея юқори технологиялар соҳасида дунёда тан олинган етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун яратилган имкониятлар юзасидан ўз қарашларингизни ўртоқлашсангиз.
— Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда барпо қилинган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналарида юқори технологиялар асосидаги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун салмоқли имтиёз ҳамда қулайликлар яратилган.
Яқинда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида бўлиб, Жанубий Корея компаниялари томонидан юқори технологиялар асосида тайёрланаётган маҳсулотларни кўздан кечирдим. Улар нафақат Ўзбекистонда, балки “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида ташқи бозорларда ҳам муваффақиятли сотилмоқда.
Шуниси муҳимки, юртимиз компанияларининг Ўзбекистондаги илғор тажрибаси Жанубий Кореядан яна кўплаб ишбилармонларни жалб этишга кўмаклашмоқда.
“Самсунг Электроникс” ва “ЭлЖи” сингари йирик компаниялар республикага турли-туман маҳсулотларни етказиб бериш билан бир қаторда, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳам фаол иш юритмоқда. Масалан, “Самсунг Электроникс” компанияси Ўзбекистоннинг “Artel” компанияси билан биргаликда аллақачон маиший техника воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бизнинг олдимизда ана шундай ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш вазифаси турибди.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини қандай баҳолайсиз?
— Жуғрофий жиҳатдан узоқ масофада жойлашган бўлишига қарамай, ўз мамлакатига садоқат, аждодлар мероси ҳамда қадриятларини қадрлаш ва уларни авайлаб асрашга интилиш, очиқкўнгиллик ҳамда меҳр-мурувват, меҳнаткашлик ва фидокорлик, кексаларга ҳурмат, ёшларга ғамхўрлик сингари сифатлар халқларимизга бирдек хосдир. Бундай маънавий яқинлик мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.
Фестиваллар, кўргазма ва концертлар ҳамда турли маданий тадбирлар мунтазам ташкил қилинаяпти. Жанубий Корея мусиқачилари ва ижрочилари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида доимо фаол қатнашиб келади. Жорий йилда ҳам маҳобатли Регистон майдонида биз уларни яна кўришдан умидвормиз.
Яқинда Тошкентнинг хушманзара бурчагида ташкил этилган Сеул боғи пойтахт аҳолиси ҳамда меҳмонларининг ажойиб дам олиш масканига ва кўҳна Корея маданияти тажассуми рамзига айланди. Ҳозирги пайтда Корея маданияти ҳамда санъати уйини барпо қилиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Шуни қайд этиш жоизки, бу МДҲ ҳудудидаги илк лойиҳадир.
Таълим соҳасидаги алоқалар ҳақида гапирар эканмиз, 2014 йилнинг октябрида Ўзбекистонда Инха университетининг филиали очилганини ёдга олмаслик мумкин эмас. Бу Инха университетининг дастлабки хорижий филиалидир. Мазкур олий ўқув юрти бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартлар даражасида таълим олган юқори малакали мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

— Ўзбекистонда бир юз ўттиздан зиёд миллат ва элат вакиллари, шу жумладан, корейслар диаспораси истиқомат қилади...
— Ўзбекистоннинг корейс миллатига мансуб аҳолиси сони қарийб 200 минг нафардан иборат. Улар салкам 80 йилдан бери ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Бир пайтлар тақдир тақозоси билан юртингизга келган ўн минглаб корейсларга бошпана берган, бир бурда нонини баҳам кўрган ҳамда улардан меҳрини аямаган Ўзбекистон халқининг олижаноблиги, меҳрибонлиги ва самимиятини биз ҳеч қачон унутмаймиз.
Ўзбекистонда турли миллат ҳамда элатлар вакиллари ўртасида аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити ҳукм сураётгани республикада бу борада ҳам оқилона сиёсат олиб борилаётганининг мантиқий натижаси ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг янги таркибидан корейс миллати вакиллари ҳам ўрин олганини қайд этиш, айниқса, қувончлидир. Корейслар Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганидан биз ҳамиша фахрланамиз.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига 27 май куни бошланган давлат ташрифининг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
— Ҳозирги пайтда Жанубий Корея “Евроосиё ташаббуси” лойиҳасини илгари сурмоқда. Мазкур лойиҳа Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришни кўзда тутади. Унинг муваффақиятли амалга оширилишида Ўзбекистоннинг кўмаги ва қўллаб-қувватлаши бениҳоя зарур.
Умуман олганда, Корея Республикаси учун Ўзбекистон Республикаси жуда муҳим стратегик шерик ҳисобланади. Мамлакатларимиз бир-бирини доимо сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми барқарор равишда 2 миллиард АҚШ долларидан ошаяпти. Тошкент шаҳри эса Корея Республикаси ҳамда Марказий Осиё ўртасидаги боғловчи хаб ҳисобланади. Ҳар ҳафтада икки мамлакат пойтахтлари ўртасида  тўғридан-тўғри 11 авиақатнов бажарилаяпти. Ҳатто минтақанинг бошқа давлатлари аҳолиси ҳам Жанубий Кореяга Тошкент орқали учмоқда.
Алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг намунаси ҳисобланади. Ўйлайманки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 27 май куни бошланган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг изчил ўсиши ҳамда чуқурлашишида янги истиқболларни очади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn