Жасорат, қаҳрамонлик ва матонат ҳеч қачон унутилмайди
  • 09 Май 2015

Жасорат, қаҳрамонлик ва матонат ҳеч қачон унутилмайди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 2015 йил 8 май куни Москва шаҳрига ташриф буюрди ва Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг учрашувида иштирок этди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида жанггоҳларда жонини фидо қилиб, Ер юзида тинчлик ва озодликни ҳимоя қилган барча инсонларнинг мислсиз жасорати, қаҳрамонлиги ва матонати хотирамизда ҳамиша сақланиб қолишини таъкидлади.
Ислом Каримов Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида қайд этди. Ўша йиллари республикамизда яшаган 6,5 миллион кишидан 1,5 миллиони фронтга кетган. Қарийб 500 минг юртдошимиз жанг майдонларида ҳалок бўлгани, минглаб ўзбекистонликлар бедарак йўқолгани, кўплари майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани эътиборга олинадиган бўлса, халқимиз урушда қанча талафот кўрганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Уруш йиллари не-не азоб-уқубатларни енгиб ўтиб, босиб олинган ҳудудлардан эвакуация қилинган миллиондан ортиқ одамлар, шу жумладан, икки юз мингга яқин етимлар, болалар, ўсмирларга бошпана бериб, охирги нонини ҳам баҳам кўрган Ўзбекистон халқининг олижаноблиги ва бағрикенглигини бугун мамнуният билан эсга оламиз.
Шафқатсиз урушда ҳалок бўлган ва бедарак кетган юртдошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ташкил этилган Хотира китобига зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Маълумки, мамлакатимизда 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинган. Бу борада ёши улуғ инсонлар, авваламбор, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган Давлат дастури қабул қилинди.
Ислом Каримов шу кунларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида аҳоли кенг қатламлари иштирокида Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тантанали юбилей тадбирлари ўтказилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ушбу даҳшатли урушдан бугун зарур сабоқ чиқариш ғоят муҳим эканини қайд этди. Уруш бошланишига ким ёки нима сабаб бўлишидан қатъи назар, бундай урушнинг такрорланиши ёхуд янгисининг бошланиши, шубҳасиз, жаҳондаги энг сўнгги уруш бўлишини соғлом фикрли барча инсонлар яхши тушунади.
МДҲ давлат раҳбарларининг Москва учрашувида томонлар Ҳамдўстлик олдида турган масалаларни, олий даражада ўтказиладиган тадбирлар режасини кўриб чиқди, қатор долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn