Ишонч ёрлиқлари топширилди
  • 26 Февраль 2014

Ишонч ёрлиқлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 25 февраль куни Оқсаройда Беларусь Республикаси, Латвия Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Грузия, Туркия Республикаси, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Николай Клакевич, Эдгарс Бондарс, Найтхарт Хёфер-Виссинг, Константин Жгенти, Намик Гунер Эрпул, Сунь Лицзедан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчилар билан суҳбатда уларни мамлакатимизда шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришга киришаётгани билан самимий қутлади. Ўзбекистон улар вакили бўлган мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга муҳим аҳамият бериб келгани ва бундан буён ҳам эътибор қаратишини қайд этиб, элчиларнинг фаолиятига муваффақият тилади.
Мулоқот чоғида бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар ҳамкорликка оид салмоқли шартномавий-ҳуқуқий пойдевор асосида изчил ривожланаётгани ва бу барча соҳаларда ўзаро манфаатли алоқалар доирасини янада кенгайтириш имконини бераётгани таъкидланди.
Элчи Николай Клакевич мамлакатларимиз ва халқларимизни вақт синовидан ўтган дўстлик ришталари боғлаб туришини, уларнинг манфаатлари йўлида икки томонлама алоқаларни изчил ривожлантиришга ҳисса қўшишни ўзининг асосий вазифаси, деб билишини қайд этди.
Латвия элчиси билан суҳбатда мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқотлар, икки мамлакат парламентлари, ишбилармон доиралари, илм-фан ва таълим, маданият ва санъат вакиллари ўртасидаги алоқалар Ўзбекистон ва Латвия ҳамкорлигига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Президентининг 2013 йилнинг октябрь ойида Латвияга давлат ташрифи чоғида бўлиб ўтган самарали музокаралар, улар якунида имзоланган 31 ҳужжат ўзаро манфаатли ҳамкорлик равнақига янги суръат бахш этди.
Элчи Эдгарс Бондарс мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, аввал эришилган давлатлараро шартнома ва келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун бутун куч-ғайрати ва дипломатик тажрибасини ишга солишини таъкидлади.
Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг Европадаги асосий сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан биридир. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми аввалги йилга нисбатан сезиларли даражада ортиб, 591 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари иштирокида илғор технологиялар асосида нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқараётган қатор корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Элчи Найтхарт Хёфер-Виссинг Ўзбекистондаги фаолияти мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш учун қулай имконият эканини қайд этди.
Ўзбекистон ва Грузия ўзаро ҳамкорликни икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасида изчил ривожлантириб келмоқда. Мулоқот чоғида таъкидланганидек, иккала мамлакат ҳам ўзаро фойдали муносабатларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка янгича суръат бахш этишдан манфаатдор.
Грузия элчиси Ўзбекистонга тайинланганини ўзи учун юксак шараф деб билишини ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Туркия ўз минтақасида муҳим ўрин тутувчи мамлакатлар сифатида ўзаро фойдали бўлган барча соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор. Бу Президент Ислом Каримовнинг яқинда Сочида Туркия Бош вазири Ражаб Таййиб Эрдўғон билан қисқа учрашувида яна бир карра ўз тасдиғини топди.
Туркия элчиси Ўзбекистонга тайинланишини юксак даражадаги дипломатик мақом деб билишини ҳамда мамлакатларимиз, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида куч-ғайратини аямаслигини қайд этди.
Хитой элчиси билан мулоқот чоғида таъкидландики, 2012 ва 2013 йиллардаги олий даражали ўзаро ташрифлар, Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг икки томонлама ва минтақавий муҳим масалалар юзасидан атрофлича музокаралари, мамлакатларимиз ўртасида имзоланган Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация, иқтисодиёт соҳасидаги бошқа битимлар ўзаро ҳамкорликнинг асосларини янада мустаҳкамлади, барча йўналишлардаги давлатлараро алоқаларга янги суръат бағишлади.
Элчи Сунь Лицзе Хитой раҳбарияти Ўзбекистон билан муносабатларни тенглик ва узоқ муддатлилик асосида ривожлантириш тарафдори эканини қайд этиб, ғоят муҳим бўлган бу вазифани амалга ошириш учун бор куч ва имкониятларини ишга солишга тайёрлигини таъкидлади.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn