Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон ҳақидаги расмий ҳужжат тарқатилди
  • 22 Февраль 2014

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон ҳақидаги расмий ҳужжат тарқатилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Ўзбекистонни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари ҳақидаги маълумотлар Бош ассамблея 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 17 январь куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисдаги маърузасининг асосий мазмуни баён этилган.
Хусусан, ҳужжатда ўтган йили Ўзбекистонда ўсишнинг юқори барқарор суръатлари сақлангани, макроиқтисодий мувозанат ва иқтисодиётни модернизациялаш таъминлангани қайд этилади. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8 фоиз ўсди, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги — 6,8 фоиз, чакана савдо айланмаси — 14,8 фоиз ошди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичидан паст бўлди ва 6,8 фоизни ташкил этди. Унда макроиқтисодий кўрсаткичлар билан бирга, мамлакатимизда ўзлаштирилган умумий капитал қўйилмалар ҳажмининг 3 миллиард доллардан ортиғини хорижий инвестициялар ташкил этгани, экспорт ҳажмининг ошгани ва банк тизимининг барқарор фаолият кўрсатаётгани хусусидаги маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган.  
Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, фақатгина ўтган йилнинг ўзида юртимизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етди. Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди ҳамда бу иш ўринларининг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди.
Давлатимиз раҳбари ҳал этилмаган мавжуд муаммоларнинг бутун тафсилотлари таҳлилига алоҳида эътибор қаратгани ҳамда 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устуворликлари ва йўналишларини бажариш бўйича дастурий вазифаларга батафсил тўхталгани мазкур ҳужжатда алоҳида таъкидланади. Улар орасида бизнес юритиш учун амалий қулай шароит яратилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилиши, ижтимоий соҳанинг ривожланиши, янги иш ўринларининг барпо этилиши, қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилиши ҳамда ободонлаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш жабҳаларининг ислоҳоти ва такомиллаштирилиши билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган.
Ҳужжатнинг хулоса қисмида республика Ҳукумати мажлисининг якунлари бўйича олдинга қўйилган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилангани қайд этилади.
Ҳужжат матни Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси томонидан ушбу халқаро ташкилотнинг расмий олти тилида тайёрланди ва БМТ Бош котибига тақдим этилди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn