Ўзбекистон — Россия: Тинчлик ва тараққиёт йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик
  • 10 Декабрь 2014

Ўзбекистон — Россия: Тинчлик ва тараққиёт йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 2014 йил 10 декабрь куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади.

Тошкентда бўлиб ўтадиган музокаралар чоғида 2013 йилнинг апрель ойида Россияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилишининг боришини муҳокама қилиш, иқтисодиёт, савдо ва сармоялар, транспорт коммуникациялари сингари муҳим соҳалар ҳамда ҳар икки томон учун манфаатли бўлган бошқа жабҳаларда яқин ва узоқ келажакда Ўзбекистон — Россия шериклигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш кўзда тутилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорликнинг аниқ, бугунги кун воқелигига ҳамда икки мамлакатнинг муштарак манфаатларига жавоб берадиган, стратегик шериклик ва иттифоқдошлик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларда мустаҳкамлаб қўйилган йўналишларини ҳаётга татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.
Ҳозирги пайтда икки томонлама муносабатларнинг ўсувчанлик ҳолати олий ва юқори даражадаги мунтазам учрашувлар билан изоҳланади. Ҳукуматлараро ва идоралараро мулоқотлар, ишбилармон доиралар анжуманлари анъанавий тус олгани баробарида, маданий-гуманитар соҳада жадал ҳамкорлик олиб борилаётир.
Ўзбекистон ва Россия муносабатлари салмоқли шартномавий-ҳуқуқий базага асосланган бўлиб, у икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олувчи 286 та битимдан иборатдир.
Ўзбекистон ва Россия БМТ, МДҲ, ШҲТ ҳамда бошқа нуфузли халқаро ташкилот ҳамда институтлар доирасида яқин ҳамкорлик қилмоқда.
Шуниси эътиборга моликки, жорий йили Россия биринчилардан бўлиб икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо-сотиқ ва сармоялар оқимининг кенгайиши учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишга қаратилган Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги Эркин савдо зонаси тўғрисидаги Шартномага қўшилиши бўйича Протоколни ратификация қилди.
Ўзбекистон ва Россия Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида унинг таъсис ҳужжати — Бирлашиш хартиясида мустаҳкамлаб қўйилган аниқ мақсад ва йўналишлар бўйича сермаҳсул ҳамкорлик олиб бормоқда. Бу борада, энг аввало, тараққиётнинг иқтисодий йўналишидаги алоқаларни кучайтириш, шунингдек, бутун ШҲТ маконидаги хавфсизлик ва барқарорликка янги таҳдид ҳамда хатарларга қарши курашиш масалалари юзасидан қўшма фаолиятни мувофиқлаштиришни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Жорий йилда Россия Шанхай ҳамкорлик ташкилотида раисликни қабул қилди. Ўзбекистон Ташкилотнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши чоғида Россия раислигининг асосий устувор йўналишларини, шу жумладан, Россия томонининг ташаббусига кўра, ШҲТнинг 2025 йилгача Ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни Уфа шаҳрида бўлиб ўтадиган кейинги саммитда қабул қилиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон ва Россиянинг Халқаро оролни қутқариш жамғармаси доирасида Орол ҳавзасининг қуриши оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи ҳудудидаги экотизимлар ҳалокатининг олдини олишга хизмат қиладиган амалий йўналишлар борасидаги ҳамкорлиги ҳам ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади. Россия делегацияси жорий йил октябрь ойи охирида Урганчда Ўзбекистоннинг ушбу тузилмага раислиги доирасида бўлиб ўтган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуидаги халқаро конференцияда фаол иштирок этди.
Давлатларимиз анъанавий равишда минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш, халқаро терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва наркотрафик ҳамда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишларига қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг изчил тарафдорлари бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилаётир.
Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги мавқеини барқарор сақлаб келмоқда. Шу ўринда 2013 йили мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ортганини ҳам қайд этиш жоиз. Юртимизда 900 га яқин Ўзбекистон — Россия қўшма корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 150 таси юз фоиз Россия капитали асосида тузилган.
Ўзбекистон россиялик шериклар билан бирга рақобатбардош ва бозорда талаб мавжуд электр техника, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва бошқа тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш, минтақа мамлакатлари ҳамда унинг ташқарисидаги бозорларга экспорт қилиш бўйича муҳим сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдордир.
Бундан икки ҳафта муқаддам Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг якунлари томонларнинг савдо ва сармоялар, ёқилғи-энергетика мажмуаси, транспорт ва коммуникациялар ҳамда бошқа муҳим йўналишлар бўйича ҳамкорликни жадаллаштиришдан ўзаро манфаатдорлигини кўрсатди.
Ташриф чоғида имзоланиши кутилаётган 2015 — 2019 йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги Битимнинг ҳаётга татбиқ этилиши мазкур вазифаларнинг амалга ошишига кўмаклашадики, ушбу ҳужжат ўзаро алоқаларнинг муҳим жабҳаларини ҳамда яқин ва ўрта муддат учун муайян тадбирларни белгилаб беради.
Икки томонлама шерикликнинг устувор йўналишлари орасида транспорт ва транзит ташишлари соҳасидаги алоқаларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Мазкур жабҳадаги ҳамкорлик амалдаги минтақавий транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини юксалтириш ва уларнинг юклар билан таъминланганлигини орттиришга қаратилгандир.
Давлатларимиз учун маданий-гуманитар ҳамкорлик, таълим, илм-фан, спорт ва туризм соҳаларидаги икки томонлама алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети ҳамда И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг филиаллари муваффақиятли фаолият юритиб келаётир.
Қатор муҳим йўналишлар бўйича Россия билан ҳамкорликнинг бугунги кундаги даражаси Ўзбекистон — Россия алоқалари жадал ва самарали хусусиятга эгалигини, уларнинг аниқ натижалар ва асосли истиқболларга эришишга қаратилганини кўрсатади.
Хулоса ўрнида айтганда, Россия Федерацияси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ушбу ташрифи, унинг доирасида эришиладиган келишувлар, учрашув чоғида имзоланадиган салмоқли ҳужжатлар кўп қиррали Ўзбекистон — Россия ҳамкорлигининг ҳар томонлама амалий мазмун билан бойишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn