Оқсаройда қабул
  • 27 Ноябрь 2014

Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 26 ноябрь куни Оқсаройда Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолатидан мамнунлигини билдирди, Ўзбекистон Россия билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаол ривожлантириш ва диверсификация қилиш тарафдори эканини таъкидлади.
Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн олтинчи мажлиси натижаларини юқори баҳолади.
Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Россия Ўзбекистоннинг бу соҳаларда муҳим шеригидир. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Жорий йилнинг 9 ойида ўзаро савдо ҳажми 4,55 миллиард долларни ташкил этган.
Мулоқот чоғида бу кўрсаткичлар мамлакатларимизнинг мавжуд салоҳияти даражасида эмаслиги қайд этилди.    
Ўзаро муносабатларни ривожлантиришда транспорт ва транзит ташиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланмоқда.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn